Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (13)

0

Қандай қилиб болаларимизда намозга қизиқиш уйғотамиз?

(давоми)

3 – Болаликнинг сўнгги босқичи (7-10 ёш оралиғи)

Бу босқичда умумий суратда фарзандларнинг намозга бўлган муносабатларида ўзгариш ва намозга бепарволик кузатилади. Гарчи бу давргача намоз ўқишга одатланган бўлсаларда, бу босқичга келиб болаларда дангасалик, намоздан қочиш ва намозга нисбатан норозилик ҳолатлари пайдо бўлади. Бу шунчаки янги босқич – исён ва итоатсизлик босқичига хос характер ҳисобланади. Бу босқичда болаларга усталик ва ҳикмат билан муомала қилиш, уларга «Аср намозини ўқидингми?», каби тўғридан-тўғри саволлар беришдан узоқ туриш керак бўлади.

Чунки бу ҳолатда улар намоз ўқишдан қочиш учун ёлғон гапиришга, намоз ўқидим, деб алдашга мойил бўлишади. Бунга жавобан ё ёлғон гапиргани учун унга қаттиқ дашном бериш ёки ёлғон гапираётганини била туриб бу ишдан кўз юмиш керак бўлади. Бу икки услубдан ҳам афзалроғи болага намозни савол тарзида эмас, балки огоҳлантириш кўринишида эслатишдир. Масалан, «Болалар, аср намози бўлди» деб бир, икки ёки уч мартагача огоҳлантириш мақсадга мувофиқдир. Агар бола намозни ўз хонасида ўқиганини даъво қилса, унга жавобан очиқ юз ва табассум билан: «Дарҳақиқат, хонангни баракотга тўлдирибсан, кел, энди менинг хонамга ҳам барака кириши учун бу ерда ҳам намоз ўқи. Чунки намоз ўқиладиган жойларга фаришталар осмондан раҳмат ва барака олиб тушишади. Биринчи ўқиган намозинг сен учун нафл бўла қолсин», деб айтиш ва шундай қилиб унинг иккинчи бор ёлғон гапиришининг олдини олиш мумкин.

Агар шундан кейин ҳам бола намоз ўқимаса, у ҳолда ота ёки она уни хижолат қилиш мақсадида унинг ёнига келиб: «Мен вақт кеч бўлмасдан аввал бажарилиши керак бўлган бир ишни кутиб турибман», дейиши ва бу сўзларни қатъият билан, бироқ қаҳр ва таҳдиддан узоқ бўлган услубда айтиши керак.

Шунингдек, болаларни намоз ўқишга рағбатлантириш ҳам муҳимдир. Қизларга оналари: «Ҳозир намоз ўқимоқчиман, бўлақол, биргаликда ўқиймиз», деб айтиши кифоя қилади. Чунки қизлар жамоат билан намоз ўқишга қизиқадилар, шу билан бирга жамоат намози уларга енгилдек туюлади. Ўғил болаларни эса намозни масжидда адо этиш билан рағбатлантириш мумкин. Чунки бу уйда узоқ ўтириб, мактабдан берилган уй вазифаларини бажарган бола учун ўзига яраша дам олиш фурсати саналади. Унинг масжидга боришини кафолатлаш учун уни йўл-йўлакай бошқа бирор ишга боғлаб қўйиш керак. Мисол учун, нон сотиб олиш, қўшнидан хабар олиш ва ҳоказо…

Ҳар икки ҳолатда ўғил бола ёки қизларни руҳлантириш ва рағбатлантиришни, шунингдек, улар шахсиятларидаги биз учун энг суюмли нарса давомий суратда намоз ўқишлари экани ва бу амал уларнинг бошқа ҳар қандай айбу нуқсонларини ёпиб юборишига ишора қилишни унутмаслик лозим. Бу ёшда бола таҳорат аҳкомларини, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини ва намозга тааллуқли бўлган баъзи дуоларни ўрганиши муносибдир. Бола етти ёшни қаршилаган кунни унинг ҳаётидаги муҳим ҳодиса сифатида эътиборга олиш, ўша куни уйни турли безаклар ила безатиб, яқин қариндошларни чақириб, ушбу муносабат билан махсус тантана уюштириш ҳам боланинг намозга бўлган муносабатига ижобий таъсир қилади. Зеро, бу намозга бардавомлик босқичининг бошланишидир!

Албатта, бу бола руҳиятига ижобий таъсир ўтказади. Яна бу кун келишидан бир ёки икки ой аввал оила аъзоларига бу ҳақда эълон қилиниши боланинг ушбу муҳим ҳодиса юз берадиган кунни интиқлик билан кутишини таъминлайди.

Ушбу босқичда болани ҳар куни беш маҳал намозни адо этишга одатлантиришни бошлашимиз, агар бирорта намоз қолиб кетса, унинг қазосини ўқитишимиз керак. Бола намозларни ўз вақтида адо этишга одатлангач, унга азонни эшитиши биланоқ кечиктирмай намозга киришишни ўргатишимиз, азондан кейиноқ намоз ўқишни одатга айлантирганидан сўнг, энди унга намознинг суннатларини таълим беришимиз ва фазилатларини баён қилишимиз ва бу суннатларни адо қилишда бола ихтиёрли эканини, хоҳласа ҳозир, хоҳласа кейинроқ катта бўлганида ўқиши мумкинлигини тушунтиришимиз лозим.

 

(давоми бор)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг