Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (16)

0

Изн сўраш – йўқолиб кетган одоб

Аллоҳ таоло одамзотга инъом этган энг буюк неъматлардан бири бу уй-жой неъматидир. Аллоҳ таоло уй-жойни инсонга хусусий мулк қилиб бериб, унинг воситасида инсонни бошқалар нигоҳидан тўсди, унга ўзининг хусусий масканидан хоҳлагандай фойдаланиш имконини берди ва унинг сирлари фош бўлмаслиги, айбу нуқсонлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун бошқаларнинг ташқаридан туриб уй ичига мўралашларини ёки эгасининг рухсатисиз унга киришларини тақиқлади. Уй-жой неъмати буюк неъматлардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уни одамзотга шундай миннат қилди: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунларингизда ва қўнадиган кунларингизда енгил кўтариб кета оладиган уй-ўтовлар бунёд этди ҳамда (қўйларнинг) жунларидан, (туяларнинг) юнгларидан ва (эчкиларнинг) тивитларидан маълум бир вақтга қадар фойдаланиладиган жиҳоз ва матолар (яратди) [Наҳл: 80].

Уй-жой роҳат, сакинат, хотиржамлик, барқарорлик ва омонлик жойи бўлгани учун маскан деб номланди. Уй эгасининг энг сўнгги бошпанасидир. Инсон ўз уйида хотиржамлигини йўқотса, бошқа қаердан хотиржамлик топиши мумкин?!

Одамларнинг шахсий дахлсизлигини ҳурмат қилиш ва уйларнинг ҳурматига риоя қилишга оид динимизнинг олий ҳукмлари, юксак одоблари ҳақида фикр юритган киши Исломдан нақадар узоқлашганимизни, авом халқ у ёқда турсин, ҳатто ўқимишли кишилар орасида ҳам исломий таълимотлар йўқолиб кетганини англаб етади.

Биз ўзимиз ва бошқаларнинг ноқулай ҳолатларга тушиб қолишининг олдини олиш учун Исломда изн сўраш одоблари билан танишишга ва унга амал қилишга катта эҳтиёжимиз бор. Айниқса, шаръий илмлар камайиб, барча – ёки кўпчилик – одамлар кундалик урф-одатлари ва ҳаёт тарзларида кофирларга тақлид қиладиган бўлиб қолган бугунги замонда бу алоҳида аҳамият касб этади.

Ўз вақтида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо замонасидаги аксар одамлар изн сўраш оятини билмаслигидан шикоят қилган эди[1]. Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳунинг эса бу ҳақда шундай дегани нақл қилинади: «Одамлар бу оят (яъни изн сўраш ҳақидаги оят) насх бўлган (ҳукми бекор бўлган), дейишяпти. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у насх бўлмаган, лекин одамларнинг ўзи бунга енгил қарайдиган бўлиб кетишди»[2]. Асри саодатда яшаган саҳобалар одамлардан шундай шикоят қилган бўлсалар, биз бугунги замонамиз ҳақида нима дейишимиз мумкин?!

Изн сўраш маъноси:

Шариатимизда изн сўраш деганда изн сўровчи киши ўзига тегишли бўлмаган жойга кириш учун эгасидан рухсат сўраши назарда тутилади.

Изн сўраш ҳукми:

Вояга етган ҳар бир киши бировнинг уйига киришдан олдин уй эгасидан изн сўраши вожибдир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бировнинг уйига унинг изнисиз кириш жоиз эмаслигига далолат қилади: «Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд, эслатма-ибрат олсангизлар» [Нур: 27]. Моликий мазҳабининг фикрича, изн сўраш фарз ҳисобланиб, кимда-ким изн сўрашни тарк қилса, у Аллоҳ ва Расулига осий бўлади.

(давоми бор)

 

[1] Ушбу мазмундаги нақлни Замахшарий ўзининг «Тафсирул кашшоф» китобида (3-жилд, 200-бет) келтирган.

[2] Қаранг: «Тафсирут Табарий» 18-жилд, 163-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг