Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (18)

0

Хонадон аҳлининг рухсатисиз уй ичига қарашнинг ҳаромлиги

Дарҳақиқат, уй ўз эгалари учун бамисоли дахлсиз мустаҳкам қўрғон бўлиб, бирор кимса эгаларининг рухсатисиз уни ҳатлаб ўтишга ҳаққи йўқ. Бу нарса уларга хос нарсаларни билдирмай тинглаш орқали бўладими ёки жосуслик қилиш билан бўладими, ё уларнинг ҳовлисига кириш билан бўладими, фарқи йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси Савбондан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай дейдилар: «Мусулмон киши то изн сўрамагунча уйнинг ичкарисига қараши ҳалол бўлмайди»[1].

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларининг туйнугидан қаради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги тароқ билан сочларини тараб турган эдилар. Ҳалиги кишига: «Агар қараётганингни билсам, шуни кўзингга тиқиб олган бўлардим. Ахир изн сўраш кўз (номаҳрамларга тушиб қолмаслиги) учун буюрилган», дедилар»[2].

Бир киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан унинг ҳовлисига қараган ҳолда: «Кираверайми?», деб изн сўраганда, Ҳузайфа: «Орқанг кирмагани билан кўзинг кириб бўлди», дея жавоб берган экан[3].

Маҳрамлар ҳузурига киришда изн сўраш:

Киши ўз онаси, опа-синглиси ва балоғатга етган ўғил-қизлари ҳузурига киришда изн сўраши, шунингдек, агар у билан бир уйда яшайдиган аммаси ва холаси бўлса, уларнинг ҳузурига кириш учун ҳам изн сўраши лозим эканини муҳаққиқ уламолар баён қилганлар.

Болаларимиз ва изн сўраш одоби:

Жумҳур уламолар оқ-қорани ажратиш ёшига етган ёш болани одатда авратлар очилиши тахмин қилинадиган уч вақтда уйга киришдан аввал изн сўрашга буюриш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингизнинг балоғатга етмаган (болаларингиз) уч вақтда: бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ечган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасинлар. (Бу уч вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир). Улар ўша вақтлардан сўнг (изн сўрамай киришларида) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. Чунки улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб тургувчидирсизлар. Аллоҳ оятларни сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир [Нур: 58].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳали балоғатга етмаган пайти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириш учун изн сўрар, шунингдек, саҳобалар ҳам ўз фарзандлари ва хизматкорлари билан шундай йўл тутар эдилар. Болалар балоғатга етганларидан сўнг эса қайси вақт бўлишидан қатъи назар киришдан аввал изн сўрашлари лозим бўлади.

Муҳим танбеҳ:

Кўпчилик хонадонлар ушбу нафис исломий одобдан бенасибдир. Одамлар бу одобга бепарво қарашлари ортидан болаларда руҳий шикастлар ва ахлоқий бузилишлар келиб чиқади. Улар балоғатга етмаган ёш болалар бу каби нарсаларга эътибор беришмайди деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, мураббий ва руҳшунос олимлар ёш болаларнинг авратларга кўзи тушиши ёки изн сўраш одобларига риоя қилмаслик оқибатида уйда катталарнинг айрим ҳолатлари устидан чиқиши сабабли талай руҳий муаммолар ва ахлоқий изтироблар исканжасида қолиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

Ушбу келтирганимиз – хоҳ уй ичида, ё ташқарисида бўлсин, хоҳ изн сўраш лозим бўлган уч вақтда, ё ундан бошқа вақтларда бўлсин – болаларнинг пок фитратини бузадиган, руҳий саломатлигига зарар етказадиган ва ахлоқий барқарорлигига хавф туғдирадиган ҳар қандай нарсалардан уларнинг беғубор кўзларини сақлашимиз зарур эканига эътибор қаратишга ундайди. Баъзи беэътибор ва совуққон хонадонлар мазкур ишга ўта енгил қарайдилар. Бундан ҳам ёмонроғи, айрим одамлар «ёш болаларнинг бунга ақллари етмайди» деган даъво билан уларнинг олдида авратларини очадилар ва Қуръони карим «авратлар» деб атаган вақтларда ҳам уларнинг нигоҳидан сақланиш чора-тадбирларини кўрмайдилар. Буларнинг барчаси болалардаги соф фитратнинг булғаланиши ва ахлоқий бузилиш олдини олиш борасидаги шариатнинг олий кўрсатмаларига зиддир. Ушбу юксак исломий одобдан оғиш ва кофирларга кўр-кўрона тақлид қилиш ва эргашиш натижасида қанчадан-қанча хунук ҳодисалар рўй бермоқда.

[1] Имом Бухорий «Адабул муфрад»да (831) келтирган. Албоний саҳиҳ деган.

[2] Бухорий: 5924.

[3] Бухорий «Адабул муфрад» да (1090) келтирган. Албоний саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг