Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (20)

0

Болаларнинг ўйнаши: беҳуда ишми ёки кашфиёт?

Ўйиндан фойда борми ёки у шунчаки вақтни беҳуда ўтказишми?

Мактабгача бўлган ёшда ўйин бола энг кўп машғул бўладиган фаолият ҳисобланади. У боланинг аксар уйғоқлик вақтини ташкил қилиб, гоҳида бола ўйинни уйқу ва таомдан ҳам афзал кўради.

Боланинг ўйнамаслиги унинг ғайриоддий бола эканини англатади. Зеро, ўйин беихтиёр равишда ўзлаштириладиган, бировдан ўрганилмайдиган табиий фаолиятдир.

Ўйиннинг талай фойдалари бор. Бола ўйин сабабли жисмоний маҳорат касб этади, танаси чиниқади. Шунингдек, ўйин боланинг онги ўсишига, янги-янги нарсаларни кашф этишига ёрдам беради, унинг луғат бойлигини оширади ва ўйиннинг бундан бошқа ҳам талай фойдалари бор.

Болалар ва уларнинг ўйинга муносабати

Боғчадаги болаларнинг ўйинга бўлган муносабатлари турлича бўлади:

  • Ўйинга қўшилмайдиган бола: 

У хонада жим турган ҳолида ўйнаётган болаларни нигоҳи ила кузатиш билан чекланади. Бундай болалар боғчада камчиликни ташкил қилишади.

  • Ёлғиз ўйнайдиган бола: 

У ёлғиз ўзи ўйнайди ва ўйинчоғига берилиб, киришиб кетади. Одатда бу хилдаги болалар 2-3 ёшлар орасида кузатилади.

  • Ўйинни кузатиб ўтирадиган бола:

У ўйнаётган болалар билан гаплашиш ва улардан бир нималарни сўраш билан чекланади, лекин ўзи улар билан бирга ўйнамайди.

Ўйин турлари:

Ўзаро ҳамкорликдаги ўйин: 

Бу тур ўйинлар жамоавий тарзда ўйналади ва уларни бошқариб турадиган бошлиғи бўлади. Бундай ўйинлар одатда бошланғич синф ўқувчилари ўртасида кузатилади.

Боланинг ўзи билан ўйнаши: 

Бу тур ўйинда бола ўйинчоқлари билан худди ҳақиқий одам билан гаплашаётгандек гаплашиб, ўйнаб ўтиради. Бу тур ўйин болаларга қўшилиб ўйнамайдиган болалар учун муқобил вариант саналади.

Биргаликда ўйналадиган ўйинлар:

Бир қанча болалар муайян бир ўйинга шерик бўлишади, лекин уларни бошқариб турадиган бошлиқ бўлмайди. Бундай ўйинларга бир сафда тизилиб юриш ёки ўйинчоқларни тартиблаш кабиларни мисол қилиш мумкин.

Хаёлий ўйинлар: 

Бундай ўйинлар бола 18 ойлигидан бошланиб, 6 ёшида энг авжига чиқади. «Меҳмон-меҳмон», «куёв ва келин», «ўғри ва миршаб» ва ҳоказолар ана шундай ўйинлар жумласидан. Хаёлий ўйинларнинг кўп фойдалари бор. Жумладан, улар боланинг ақл-идроки, одамлар билан киришимлилиги ва фаоллигини оширади, улар ёрдамида руҳшунос олимлар боланинг руҳий ҳаётини ўрганишлари мумкин бўлади. Шунингдек, бу ўйинлар боланинг не чоғлик ижодкорлик ва ихтирочилик маҳоратига эга эканини кўрсатиб беради. Масалан, бола кострюлкани бошига кийиб, уни каска деб эътиборга олса, бу унинг ижодкорлигига далолат қилади.

Билиш ва ўрганишга ундовчи ўйинлар: 

Бундай ўйинлар боланинг маълумоти ва дунёқарашини ўстиради. Мисол учун, бола автомашина каби бирор янги ўйинчоққа эга бўлса, унинг ичидаги нарсаларни билиш мақсадида уни синдириб кўради. Шунингдек, мураккаб ўйинчоқлар оддий ўйинчоқлардан кўра унинг эътиборини ўзига кўроқ жалб этади.

Ўйиннинг бола учун фойдалари кўп экан. Шундай экан, фарзандингизни ўз ҳолига қўйинг, болалигини яшаб, ундан роҳатлансин. Зеро, кун келиб улғаяди ва ҳаёт ташвишларига шўнғиб кетади.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг