Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (22)

0

Электрон ўйинларнинг хатарлари

  1. Компютер ёки гаджет экранига узоқ (6-7 соат) тикилиб ўтириш боланинг кўзига салбий таъсир ўтказади, ақлини вайрон қилади ва болада бўйин, елка ва бел оғриқларини келтириб чиқаради. Устига-устак, бу ўйинлар болани тенгдошларидан узоқлаштиради ва натижада болада ўзини танишда қийинчилик, бошқалар билан муомалада эса ўнғайсизлик ҳисси пайдо бўлади. Шунингдек, баъзи ўйинларда инсон ва жонзотларга нисбатан қўлланиладиган қотиллик, ваҳшийлик, бошини узиш, чавақлаш, қон оқизиш каби саҳналар унда ички зўравонлик ҳиссини пайдо қилади ва бу гоҳида унинг айрим қилиқлари ва хулқ-атворида намоён бўлади.

  2. Бундай ўйинлар мазмун ва ахлоқ-одоб жиҳатидан болалар учун номуносиб бўлган салбий филмлардаги персонажларни ўз ичига олиши мумкин.

  3. Электрон ўйинларга ружу қўйиш аксар ҳолларда болаларнинг дарсларда сусткашлик қилишига олиб боради.

  4. Тиббий изланишлар шуни кўрсатадики, экран қаршисида узоқ вақт ўтирадиган болалар кўзни бир нуқтага қаратишда қийинчилик ҳис қиладиган бўлиб қоладилар.

  5. Болалар ташқи оламдан узоқ вақт узилишлари натижасида уларнинг ахлоқида ғайритабиий ҳолатлар пайдо бўлади.

  6. Боланинг ижтимоий алоқалари тораяди, унда ўзгалар билан муроса қилиш, мулоқот ва музокарага бағрикенглик билан ёндашиш хислати йўқолади.

  7. Электрон ўйинлар болага роҳат бағишлайдиган яхши одатлардан уни узоқлаштиради ва унинг ўрнини жиноят йўлига кириш каби оилада ҳам, жамиятда ҳам мақбул ва манзур бўлмаган хулқ-атворлар эгаллаши мумкин.

  8. Боланинг хаёлот олами билан керагидан ортиқ банд бўлиши уни воқеликдан четга суриб қўйиши мумкин. Натижада бола бошқалар билан дўстлашиш ва муомала қилиш учун муҳим бўлган маҳоратни йўқотади ва ўз ички кечинмаларини таъбир қилиб беролмайдиган, бундан хижолат тортадиган бўлиб қолади.

  9. Ушбу ўйинлардаги салбий ахлоқлар ва ғоялар оилавий тарқоқликнинг янада ортишига ва болани ўз жамияти ва ўзлигидан узиб қўядиган ғарбона қадриятлар ва ахлоқларга боғланиб қолишга олиб боради.

  10. Баъзи электрон ўйинлар болаларда ёвузлик ва ҳужумкорликка бўлган мойилликни кучайтиради.

 Мутахассис шифокорлар фикри

Мутахассис шифокорлар болалар дарс ёки ўйин учун компютер қурилмаларидан фойдаланиши ва уларга ружу қўйишларидан огоҳлантирадилар. Чунки бу уларни ногиронлик билан тугаши мумкин бўлган талай хасталикларга йўлиқтириши мумкин. Ушбу хасталикларнинг энг кўзга кўринганлари бўйин, бел ва кўз хасталикларидир. Мутахассисларнинг айтишича, одатда бундай хасталиклар кўпроқ катталарда кўзга ташланади. Негаки, улар компютер қаршисида узоқ муддат ўтирадилар, устига-устак компютер қаршисида ўтириш қонун-қоидаларига риоя қилмайдилар ва бу аснода бирор енгилроқ бўлса-да жисмоний машқларни бажармайдилар.

Шунингдек, олимларнинг кашф қилишича, электрон ўйинлардаги анимацион лавҳалардан тарқалган нурланиш болаларда тутқаноқ касаллиги хуружи келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг