Ботинийларнинг номлари ва уларга бу номлар берилишининг сабаблари (4)

0

6) Қарматийлар (давоми)

Худди шу йили Мағрибда Абу Муҳаммад Убайдуллоҳ ибн Маймун Қаддоҳ бошчилигида фотимийлар номи остида яна бир гуруҳ қарматийлар пайдо бўлди. Убайдуллоҳ аслида яҳудий бўлиб, Шомдаги Силмийя шаҳрида бўёқчилик касби билан шуғулланар эди. Кейинчалик исломни қабул қилганини эълон қилиб, Мағрибга кўчиб борди. У ерга борганида ўзини Фотима онамизнинг наслидан эканини даъво қилди. Бир гуруҳ барбарлар унинг бу гапига ишонишди ва шу тариқа унинг издошлари орта бошлади. Вақт ўтиши билан ўзига бир давлат тузди ва Сижилмоса шаҳрини эгаллаб олди. Сўнг Маҳдийя номли бир шаҳар барпо қилди ва Бани Ағлабнинг Африкадаги охирги подшоҳи Абу Наср Зиёдатуллоҳдан тахтни тортиб олди. Убайдуллоҳнинг насаби тўғрисида Ибн Халликон шундай дейди: “Тадқиқотчилар унинг насаб борасидаги даъвоси нотўғри эканини, ўзларини Фотима онамизга нисбат берган (бу қарматийлар) аслида сохтакор эканини айтишади. Уларнинг фикрича, фотимийлар Шомдаги Силмийя шаҳридан чиққан бир яҳудий кимса наслидан бўлишган. У яҳудийнинг отаси кўз табиби бўлгани учун Қаддоҳ (яъни кўз табиби) лақабини олган. Убайдуллоҳ ҳижрий 322 йилда вафот этган”. Унинг набираси Муиз Мисрни эгаллаб олган. Шу тариқа убайдийлар то ҳижрий 564 йилда Салоҳиддин Айюбий уларни тор-мор этгунига қадар қарийб икки аср мобайнида Мисрда ҳукмрон бўлишган. Салоҳиддин Айюбий халқни убайдийлар зулмидан халос қилган, Мисрда уларга оид бирон из қолдирмаган.

Қарматийларнинг ерлари

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, қарматийлар бир неча гуруҳларга бўлинишган ва бир неча жойларни эгаллаб олишган. Қуйида улар йиғилган баъзи шаҳарларни келтириб ўтамиз:

  • Яман

Дастлаб қарматийларга икки киши бошчилик қилган. Улар Мансур ибн Ҳасан ибн Зозон ҳамда Али ибн Фазл Жуданий. Бу иккаласини Маймун ибн Дайсон Қаддоҳ Яманга юборган. Мансур Яман Мансури лақабини олган. Атрофида бир неча қабилалар тўпланганидан сўнг “исмоилийлар кутган имом” номи остида даъват қила бошлаган. Ҳижрий 266 йилда биринчи исмоилийлар давлатини тузган. У аббосийлар халифалиги марказидан йироқ бўлган бир неча жойларга одам юбора бошлаган. Масалан, Убайдуллоҳ Маҳдийни Мағрибга юборган. У ёлғондан ўзини Фотима онамизнинг наслидан эканини айтиб, ўша ерда давлат қурган. Бу ҳақда юқорида айтиб ўтдик.

Али ибн Фазл Жуданий Мансурнинг дўстларидан бўлган. Бироқ вақт ўтиши билан улар ўртасига низо тушган. Али ибн Фазл атрофига бир неча қабилани йиғиб олганидан сўнг Мансур билан ўрталарида бир неча бор урушлар бўлиб ўтган. Сўнг Али ўзини пайғамбар деб эълон қилган ва ҳаром ишларни ҳалол қилган. Ҳатто муаззин азонда: “Ашҳаду анна Али ибн Фазл расулуллоҳ” – деб айтадиган бўлган. У шу даражада ҳаддидан ошганки, ҳатто қўл остидаги ишчиларига мактуб ёзса: “Ерни яратган, уни обод қилган, тоғларни қимирлатган ва уларни мустаҳкам ўрнаштирган Али ибн Фазлдан бандаси фалончига” – деб бошлар эди. Унинг бу ишларини кўрган бир табиб Аллоҳ учун уни ўлдиришга онт ичган ва уни ҳижрий 303 йил заҳарлаб ўлдирган.

  • Ироқ

Маълумки, Ироқнинг жануби, яъни Форсга яқин ери шиаларнинг ватани ва келиб чиқиш жойи, бошқача қилиб айтганда, жаҳолат ва хурофот маркази бўлган. Худди мана шу жой қарматийларнинг ҳам асосий маркази бўлган. Форс миллатига мансуб, мажусий динидаги Маҳравайҳ, яна форс миллатига мансуб Ҳусайн Аҳвоз каби исмоилий тоифаси пешволари мана шу ердан туриб ҳаракат қилишган.

Шунингдек, динни ва аҳли байтга мансубликни ўзларига ниқоб қилиб олган, аслида эса исломга ва мусулмонларга нафрати чексиз бўлган мажусий даъватчилар ҳам шу ердан ҳаракат қилишган, Аҳвоз, Хуросон ва Шом каби бир неча жойларда нуфузларини орттириш учун қўлларидан келганини қилишган. Уларнинг охирги пешвоси Закровайҳ ҳижрий 301 йилда қатл этилиши оқибати уларнинг бу ердаги ҳаракатлари ниҳоясига етган. Закровайҳнинг қатлидан сўнг унинг издошлари тарқалиб кетишган.

Ироқда қарматийлар пайдо бўлишига Ҳамдон Қармат сабабчи бўлганди. У ўтган мақоламизда айтганимиздек, Ҳусайн Аҳвознинг даъватидан таъсирланган. Ҳамдон исмоилийликни қабул қилганидан сўнг ер юзида фасод тарқатиб, аҳоли тинчини буза бошлаган.

Уламоларнинг айтишларича, қарматийларга қарши жанг оқибатида Шом аҳолиси, саҳройи араблар, ҳожилар, шаҳардаги тинч аҳоли, Миср ва Ироқ қўшинларидан иборат жами олти юз мингдан ортиқ эркагу аёл ҳамда ёш болалар ҳалок бўлган.

  • Баҳрайн

Баҳрайнда қарматийлик эътиқоди илк бор ўзини Яҳё ибн Маҳдий деб таништирган киши тарафидан тарқатила бошлаган. У аввалига ўзини шиалардан қилиб кўрсатган. Одамлар унинг фикрларини қабул қила бошлашганидан сўнг ўзини Маҳдий деб эълон қилган. Баъзиларнинг фикрича, Баҳрайнда қарматийлик эътиқоди Ҳасан ибн Баҳром тарафидан ёйилган.

Аббосийлар давлати ички низолар сабабли жуда заифлашиб қолган, ўз муаммоларини ҳал этиш билан овора эди. Яҳё ибн Маҳдийга халқ орасидаги обрўли кишилар эргашди. Ҳасан ибн Баҳром ҳам шулар жумласидан эди. Ҳасан кейинчалик Абу Саид Жанобий номи билан шуҳрат қозонди ва ҳижрий 301 йилда қатл қилингунига қадар кўп одамларни ўлдирди. У қатл қилинганидан сўнг ўрнини Абу Тоҳир Жанобий эгаллади. Абу Тоҳирнинг қилган жиноятларини эшитиб, инсоннинг эти жимирлашиб кетади. У 311 йил йигирма етти минг кишилик қўшини билан Басрага ҳужум қилди ва жуда кўп бегуноҳ инсонларни қатл қилди, молу мулкларини талан-тарож қилиб, хотин ва болаларини қул қилиб олиб кетди.

Ҳижрий 312 йил ҳожиларнинг йўлини тўсиб, қўлларидаги барча нарсаларини тортиб олди. Бир қисмини ўлдирди, бир қисмини эса чўлда овқатсиз, сувсиз ҳолда ташлаб кетди ва уларнинг очдан ўлишларига сабабчи бўлди.

313 йилда Кўфага ҳужум қилди. У ерда олти кун мобайнида билган бузуқчилигини қилди. Олти кун ичида хоҳлаганича озиқ-овқатларни талон-тарож қилди.

317 йилда ҳожиларнинг устига ҳужум қилгани ва Каъба эшигини қўпариб олгани, Ҳажари асвадни ўзлари билан олиб кетишгани ҳақида ўтган мақолаларимизда сўз юритган эдик. Ислом оламида қарматийлар обрўсига путур етгани сабабли Мағрибдаги қарматийлар қистови билан улар Ҳажари асвадни қайтариб беришга мажбур бўлишди.

Шу тариқа Баҳрайнда қарматийларнинг бир неча пешволари яшаб ўтишди. Охир-оқибат, Бани Абдуқайс қабиласидан чиққан Убайдуллоҳ ибн Али Аббосий халифа Қоим Биамриллаҳ ҳамда салжуқийлар подшоҳи Маликшоҳ ёрдамида ҳижрий 467 йилда Баҳрайнда қарматийларни илдизи билан йўқотишга муваффақ бўлди. Тарих китобларида қарматийлар Баҳрайнда ислом ва мусулмонларга нечоғлик катта зарар беришгани айтиб ўтилган. Мўғул-татарларни ҳисобга олмаганда ҳеч қайси кофир тўдалар қарматийларчалик динга қақшатқич зарар беришмаган.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг