Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (3)

0

Иккинчи сабаб: Ҳадис имомга етиб келган, бироқ уни ривоят қилувчи шахс ёки ривоят қилувчидан ривоят қилган шахс, ёки унинг санадидаги кишилардан биронтаси унинг наздида мажҳул (танилмаган), ё ишончсиз, ё ҳофизаси ёмон бўлгани учун, ёки ҳадис унга тўла санади билан эмас, балки ўртада узилиш билан етгани учун, ёхуд ҳадиснинг лафзи аниқ-тиниқ тушунарли бўлмагани сабабли у ҳадис унинг наздида саҳиҳ бўлмаслиги. Ваҳоланки, ўша ҳадисни бошқалар наздида ишончли, таниқли ва ҳофизаси яхши деб билинган ровийлар тўла санад билан ривоят қилган бўлишлари ва шунингдек, айрим ҳофиз муҳаддислар ҳадис лафзининг маъносини яхши англаган бўлишлари мумкин.

Бу ҳам кенг тарқалган сабаблардан бўлиб, тобеинлар ва улардан кейинги даврдаги машҳур имомларда илк асрдаги кишилардан кўра кўпроқ учрайди. Зеро, ҳадислар тарқалиб, машҳур бўлганига қарамай, кўп уламоларга заиф йўллар орқали етиб келган. Кимга саҳиҳ йўллар орқали етишган бўлса, уни ҳужжат деб қабул қилар, саҳиҳ йўл орқали келмаса, ҳужжатликка олишмас эди. Шу боис баъзи имомларнинг гаплари орасида «агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шундай» деб сўзни муаллақ қолдирганларини, «менинг бу масаладаги фикрим бундай, бироқ бу ҳақда шундай ҳадис ривоят қилинган, агар ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг ҳам сўзимдир», деганларини кўриш мумкин.

Учинчи сабаб: Ижтиҳоди билан ҳадисни заиф деб эътиқод қилиши. Бошқалар бу фикрни қўлламаган бўлсалар ҳам ва бошқаларнинг йўллари тўғрими, унинг йўли тўғрими, ёки «ҳар бир мужтаҳид тўғрилик устида», дейдиганлар фикрига кўра тўғрилик ҳар икки томондами, бундан қатъи назар бир ҳадисни заиф деб ишонади. Бунинг бир неча сабаблари мавжуд. Жумладан:

а) ҳадисни ривоят қилувчи шахсни бирлари заиф деб, иккинчилари эса ишончли деб эътиқод қилиши. Баъзан заиф деган одамнинг гапи – ровийда бўлган бирор иллат-айбни билгани учун – тўғри бўлиб чиқади, баъзан, аксинча, тўғрилик – ровийдаги ўша иллатни айб деб билмагани боис – бошқалар тарафида бўлади. Маърифатур-рижол (ҳадис нақл қилувчилар силсиласини ўрганиш илми) жуда кенг ва чуқур илмдир;

б) ўша ҳадисни муҳаддис ўзи ҳадис ривоят қилаётган кишидан эшитмаган деб эътиқод қилиши, бошқалар эса эшитган деб эътиқод қилишлари;

в) муҳаддиснинг иккита ҳолати, яъни истиқомат (хотиржамлик) ва изтироб (безовталик) ҳолати бўлган бўлиши. Изтироб ҳолати деганда чалкашиши ё китоблари ёниб кетган бўлиши каби ҳолатлар кўзда тутилади. Истиқомат ҳолатида айтган ҳадислари саҳиҳ, изтироб ҳолатида айтган ҳадислари заиф бўлгани боис, бу ҳадисни мазкур икки ҳолатнинг қайсинисида айтгани унга маълум бўлмаслиги. Бошқалар эса бу ҳадисни муҳаддиснинг истиқомат ҳолатида айтган ҳадисларидан деб эътиқод қилишлари;

г) муҳаддис бу ҳадисни унутган ва кейин айтмай қўйган бўлиши ёки уни айтганини инкор қилиши. Имом бу нарсани ҳадисни тарк этишни вожиб қиладиган иллат деб кўриши, бошқалар эса ўша ҳадисни ҳужжатга яроқли билишлари;

д) кўпчилик ҳижозликлар ироқлик ёки шомликнинг ҳадисларини – агар унинг Ҳижозда асли бўлмаса – ҳужжат деб кўрмайдилар, ҳатто айримлари: «Ироқ аҳлининг ҳадисларини аҳли китоблар сўзлари ўрнида кўринглар, уларни тасдиқламанг ҳам, ёлғон ҳам санаманг», дейишади. Бировдан: «Суфён Мансурдан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳдан қилган ривоят ҳужжат бўладими?» деб сўралганда: «Агар Ҳижозда асли бўлмаса, йўқ», деб жавоб берган. Бунинг сабаби, улар Ҳижоз аҳли суннатни пухта эгаллаганлар, суннатдан бирон нарса уларнинг диққатидан четда қолмаган, ироқликларнинг ҳадисларига эса кишини тадқиққа мажбур қиладиган изтироб (ноаниқлик) аралашган, деб эътиқод қилишади. Айрим ироқликлар эса шомликларнинг ҳадисини ҳужжат ўрнида кўрмайди. Аслида, кўпчилик эътиқодига кўра, ҳадисларни бундай йўл билан саҳиҳ ва заифга ажратиш тўғри эмас. Агар санади яхши бўлса, у хоҳ ҳижозликнинг, хоҳ ироқликнинг, хоҳ шомликнинг, хоҳ бошқасининг ҳадиси бўлсин, ҳужжат ўрнида қабул қилинаверади.

Абу Довуд Сижистоний турли диёрлар аҳлининг суннат тўпламлари ҳақида китоб ёзиб, унда Мадина, Макка, Тоиф, Дамашқ, Ҳимс, Кўфа, Басра ва бошқа диёрдагиларнинг фақат ўзларига хос бўлган ва бошқаларда топилмайдиган ҳадис санадларини баён қилган.

Тўртинчи сабаб: Адолатли ва ҳофизаси яхши бўлган бир киши томонидан ривоят қилинган ҳадис (хабари воҳид) хусусида бошқалар қўймаган шартларни қўйиши. Мисол учун, баъзилар бундай ҳадисни Қуръонга ва саҳиҳ суннатга рўпара этишни шарт қилишади, баъзилар муҳаддиснинг фақиҳ бўлишини шарт қилишади, баъзилар мазкур ҳадиснинг кенг ёйилиб, машҳур бўлиб кетган бўлишини шарт қилишади ва ҳоказо.

Изоҳ қолдиринг