Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (9)

0

Ваъид (азоб хабари, таҳдид)нинг маъно-моҳияти – бир амални қилиш азобга дучор бўлишга сабаб эканини баён этиш бўлиб, бундан ўша ишнинг ҳаром ёки жирканчлиги билинади. Аммо мана шу сабаб топилган ҳар бир шахсда ўша мусаббаб (яъни сабаб ортидан келадиган натижа) албатта содир бўлади, деган гап тўғри эмас. Мусаббаб юзага чиқиши учун шарт топилиши билан бирга моне ҳам бўлмаслиги керак. Буни шундай тушунтириш мумкинки, ҳадисга амал қилишни тарк этган одам, албатта,  қуйидаги уч ҳолатдан бирида бўлади:

  1. Унинг тарк қилиши мусулмонлар иттифоқига кўра жоиз саналган бўлиши. Хабар (ҳадис) унга етмаган, фатвога ёки ҳукмга муҳтож бўлган ҳолда ҳадисни излашда қосирлик қилмаган кишининг тарк этиши каби. Юқорида зикр қилганимиз хулафои рошидинлар ва бошқаларнинг тарк этишлари шу қабилдан эди. Мусулмон киши бундай тарк этувчи кишига гуноҳ бўлмаслигига шубҳа қилмайди.

  2. Ёки ножоиз тарк қилиш бўлиши. Бу иш, иншааллоҳ, имомлардан деярли содир бўлмайди.

  3. Тарк этишнинг яна бир тури айрим уламоларга етиши хавфи бор – масаланинг моҳиятига етишда қосирлик қилади; агар у ҳақда текшириб, ижтиҳод қилса ҳам, сўз айтишга сабаб бўлмасидан сўз айтади; ёки далил-исбот келтиришда камчиликка йўл қўйиб, бир далилни ушлагани ҳолда чуқур текширмасдан туриб фикр айтади; ёки ўзига муориз (зид) бўлган фикрни чуқур текширишдан тўсадиган бирон одат ёхуд ғараз унга ғолиб бўлади; гарчи ижтиҳод ва далиллаш билан гапирса ҳам, ижтиҳод қилиниш лозим бўлган чегара гоҳида мужтаҳидга аниқ-тиниқ бўлмайди.

Шунинг учун уламолар хос бир масалада мўътабар (яъни монелардан холи) ижтиҳод топилмай қолишидан хавфсираб, шу каби нарсадан қўрқар эдилар. Бу нарсалар гуноҳдир. Лекин гуноҳ қилган одамга гуноҳнинг уқубати фақатгина тавба қилмаган ҳолида етади. Гоҳо истиғфор, эҳсон, бало-офат, шафоат, раҳмат у гуноҳни ўчириб юборади. Ҳавои нафсига мағлуб бўлиб, ноҳақлигини ўзи билиб турган нарсага ёрдам бериш даражасига борган одам ёки бир сўзни, далилларини билмаган ҳолда, тўғри ё нотўғри, деб қатъий ҳукм қилган одам бундан мустасно. Зотан,  уларнинг ҳар иккиси дўзахдадир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қозилар уч турли, улардан иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда бўлади. Жаннатда бўладигани бир кишики, ҳақни билиб, шу билан ҳукм қилади. Дўзахда бўладиган иккиси шундай кишиларки, бири одамларга илмсизлик билан ҳукм қилади, яна бири ҳақни билиб туриб, унинг зидди билан ҳукм қилади»[1]. Фатво берувчи – муфтийлар ҳам шундай.

Лекин муайян шахсга ваъид етишининг ҳам, юқорида баён қилганимиздек, монелари бор. Агар шулардан (хатолардан) айримлари уммат ичида машҳур ва мақтовли уламоларнинг баъзиларидан содир бўлиши фараз қилинганда ҳам – бундай бўлиши воқеликдан узоқ, аслида – улардан ҳар бирида мазкур сабаблардан бири албатта бўлади. Содир бўлган тақдирда ҳам бу уларнинг имоматини (улуғлигини) мутлақо камситмайди. Зеро, биз уларни маъсум (гуноҳдан мутлақо пок) деб эътиқод қилмаймиз, гуноҳ қилишлари мумкин, деймиз. Шу билан бирга Аллоҳ уларни солиҳ амаллар ва яхши ҳолатлар билан хослагани учун уларга олий даражаларни умид қиламиз. Улар бирон гуноҳда маҳкам туриб олмайдилар. Улар саҳобалардан устун эмаслар. Саҳобалар ижтиҳод қилган фатволар, масалалар, улар ўртасида содир бўлган қон тўкишлар ва бошқалар ҳақида ҳам хулоса шудир.

Кейин юқорида васфи ўтган тарк қилувчининг маъзур ва ҳатто маъжур (ажрланган) эканини билишимиз бизни муоризи бўлмаган саҳиҳ ҳадисларга эргашишдан, умматга (ўша ҳадисларга) амал қилиш ва уни етказиш вожиб, деб эътиқод қилишдан тўсмайди. Бу нарса уламолар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф бўлмаган ишлардандир.

[1] Абу Довуд (3573), Термизий (1322), Ибн Можа (2315) ва бошқалар Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг