Чақалоққа оид ҳукмлар (10): Ақиқанинг мустаҳаб эканига далиллар (2)

0

(Давоми)

Байҳақий Салмон ибн Шураҳбилдан зикр қилишича, у шундай деган: Бизга Яҳё ибн Ҳамза сўзлаб берди: “Ато Хуросонийдан: «Ақиқаси билан гаровланган» нима дегани?” деб сўрадим. У: «Фарзандининг шафоатидан маҳрум бўлади», деб жавоб берди”[1].

Исҳоқ ибн Ҳониъ айтади: “Абу Абдуллоҳдан[2] Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида келган «Фарзанд ақиқаси билан гаровланган» деган сўзнинг маъноси ҳақида сўрадим. Айтдики: «Ҳа, шундай. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ўғил бола номидан икки қўй, қиз бола номидан эса бир қўй сўйиб ақиқа қилишдир. Агар унинг номидан ақиқа қилмаса, то ақиқа қилгунича бола ақиқаси сабабли ушлаб турилади».

Асрам айтади: “Абу Абдуллоҳ деди: Ушбу (ақиқага оид) ҳадислар орасида мана шу «Ҳар бир бола ақиқаси ила гаровлангандир» ҳадисидан кўра таъкидлироғи йўқ”.

Ёқуб ибн Бухтон айтади: “Абу Абдуллоҳ ақиқа борасида сўралганда шундай деди: “Бу борада мана бу «Бола ақиқаси ила гаровлангандир» ҳадисидан кўра кучлироқ бирор нарса билмайман”.

Ҳанбал айтади: «Абу Абдуллоҳ: “Қодир бўлган кимса фарзанди номидан ақиқа қилиб, ўзидан соқит этмаслигини хушламайман. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бола ақиқаси ила гаровлангандир», деган бўлиб, бу ақиқа борасидаги энг кучли ривоятдир. Бундан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақатгина (ақиқанинг) номини ёқтирмаганлар. Сўйишга келсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни амалга оширганлар” деди».

Аҳмад ибн Қосим Абу Абдуллоҳдан: «Ақиқа қилиш вожибми?» деб сўради. У: «Вожиблигига келсак, буни билмайман. Вожиб деб айтолмайман», деди. Сўнг айтдики: «Бу борадаги энг кучли нарса киши ақиқаси ила гаровланганидир».

Бошқа ўринда эса Аҳмад: «Ота-онасини шафоат қилишдан гаровланганидир», деган[3][4].

«Юдаммо» (яъни ҳайвоннинг қони суртилади) деган гапига келсак: Бу калима борасида ихтилоф қилинган. Уни Ҳаммом ибн Яҳё Қатодадан «юдаммо» лафзи билан ривоят қилган ва Қатода уни юқорида ҳикоя қилинганидек шарҳлаган. Илм аҳлининг аксари унга қарши чиқиб: «Бу жоҳилият ишларидандир», деб айтишган[5]. Бундай қилишни Зуҳрий, Молик, Шофеий, Аҳмад ва Исҳоқ кареҳ кўрганлар. Аҳмад: «Боланинг бошига қон суртилишини кареҳ кўраман, бу жоҳилият ишларидандир», деган.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад айтади: Отамдан: «Қўй сўйилгач, ўғил ёки қиз боланинг бошига қон суртиладими?» деб ақиқа ҳақида сўрадим. Отам: «Қон суртилмайди», деди[6].

Халлол айтади: “Менга Аббос ибн Аҳмад хабар беришича, Абу Абдуллоҳдан боланинг бошини қон билан булғаш ҳақида сўралганда: «Мен буни ёқтирмайман, у жоҳилият ишларидандир», деб жавоб берибди. Шунда у кишига: “Ҳаммом: «Юдаммийҳи», яъни унга қон суртади, дер эди”, дейишди. Шунда Абу Абдуллоҳ бир кишининг: «Юсаммийҳи», яъни унга исм қўяди, деганини зикри қилди ва: «Бу борада Ҳаммом айтган гапни ёқтирмайман» деди”.

Бизга Аҳмад ибн Ҳошим Антокий хабар бериб айтади: “Аҳмад айтди: Ҳаммом ва Саид ақиқа борасида ихтилоф қилишди. Бирлари «юдаммо» (қон суртилади) деди, бошқаси эса «юсаммо» (исм қўйилади), деди”.

Аҳмаднинг қон суртиш суннат дегани ҳақида бошқа ривоят ҳам бор. Халлол айтади: “Менга Исмат ибн Исом хабар берди: “Бизга Ҳанбал шундай деб айтди: Абу Абдуллоҳдан боланинг бошига қон суртилиши ҳақида «Бу суннат» деганини эшитдим”[7].

У кишидан бу борада омма асҳоблари ривоят қилган мазҳаби эса буни кареҳ кўришидир. Халлол айтади: “Менга бошқа ўринда Исмат ибн Исом шундай хабар берди: «Бизга Ҳанбал: “Абу Абдуллоҳнинг: «Боланинг сочи олинади», деганини эшитдим”, деб айтди».

Яна бизга Муҳаммад ибн Алий Солиҳдан хабар беришича, Абу Абдуллоҳ шундай деган: «Қон суртиш макруҳдир, у Самуранинг ҳадисидан бошқасида келмаган».

Ибн Можа «Сунан»ида айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Боланинг номидан ақиқа қилинади, бошига эса қон суртилмайди»[8].

Байҳақий ва бошқалар Ибн Журайждан, у Яҳё ибн Саиддан, у Амрадан, у Ойшадан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Жоҳилият аҳли пахтани ақиқанинг қонига текизар, кейин уни боланинг бошига қўйишар эди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қон ўрнига хушбўйлик суртишни буюрдилар”[9].

Ибн Мунзир айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Унинг номидан қон оқизинглар ва ундан (яъни боладан) азиятни кетказинглар», деганлари собит бўлган. Модомики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан азиятни кетказишимизни буюрар эканлар, қон азиятларнинг энг каттасидан саналади. Бинобарин, боланинг бошини қон билан ифлослантириш жоиз бўлмайди”[10].

[1]«Сунан ал-Байҳақий» (9/299).

[2] Яъни, Аҳмад ибн Ҳанбалдан (Тарж.).

[3]Қаранг: «Ал-инсоф ва шарҳул кабир» (2/300-301).

[4]Хаттобий «Маолим ас-сунан»да (4/265) айтади: “Одамлар бу борада ихтилоф қилишди. Булар орасида энг тўғрироқ бўлгани Аҳмад ибн Ҳанбал ихтиёр қилиб, «Бу шафоат қилишдадир» деб, бундан агар фарзанд ақиқа қилинмасдан вафот этса, ота-онасини шафоат қилолмайди, деган фикрни назарда тутгандир. Бошқа қавлда эса: «Бунинг маъноси: Ақиқа қилиш шарт, уни тарк қилишга йўл йўқ, деганидир. Чақалоқнинг ақиқага бўлган боғлиқлиги ва ундан ажралмаслиги гўёки гаровдорнинг қўлидаги гаровга қиёсланди», дейилган”. Қаранг: «Фатҳул борий» (9/594).

[5]Ибн Ҳажар «Фатҳул борий»да (9/593) айтади: “Абу Ҳурайра ҳадисининг охирида ушбу калима келмаган, балки «юсаммо» (исм қўйилади) деб келган. Қатоданинг асҳоблари бу борада ихтилоф қилишди ва аксарлари «син» ҳарфи билан «юсаммо» деб айтишди. Ҳаммом эса Қатодадан «дол» ҳарфи билан «юдаммо» деб ривоят қилди. Абу Довуд: «Ҳаммомга хилоф қилинади, бу у тарафидан содир бўлган янглишиш бўлиб, ундан бу қабул қилинмайди» деди ва Қатодадан бошқа кишидан «юсаммо» талаффузи билан ривоят қилинган ҳадисни зикр қилди. Абу Довуднинг ушбу ривояти билан Ҳаммом ҳадисининг давомида келган Қатоданинг қонни қандай суртилиши ҳақидаги жавоби тушунмовчилик келтириб чиқарди. Бинобарин, Қатоданинг ушбу шарҳи билан “Ҳаммом Қатодадан «юдаммо» деб адашиб ривоят қилди”, деган гап узоқлаштирилади, лекин “ҳадиснинг асли «юсаммо» бўлиб, Қатода қон суртиш ҳақидаги ҳикояни жоҳилият аҳли қилган ишдан келиб чиқиб айтган”, деб айтилади. Шундан кейин Ибн Абдулбарр шундай деди: “Ушбу бошқалардан ажралиб чиқиши Ҳаммомга (айб қилиб) юклатилмайди. Агар шундай ёдлаб олган бўлса ҳам, бу ривоят мансух (бекор)дир”.

[6]Қаранг: «Масоилул Имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти билан), 3/879.

[7]Қаранг: Мардовий: «Ал-инсоф фи маърифатир рожиҳи минал хилоф» (4/112), Ибн Муфлиҳ: «Ал-мубдиъ шарҳул муқниъ» (3/302).

[8]«Сунани Ибн Можа» (3166). Бувайсирий «Завоид»да: «Ҳадиснинг санади ҳасан» деган.

[9]Байҳақий (9/303) ривояти. Яна ҳадисни Абдураззоқ (4/330-331) ва Ибн Ҳиббон (12/124) ҳам ривоят қилишган. Ҳайсамий айтади: «Ҳадисни Яъло ва Баззор ҳам қисқача ривоят қилишган, рижолларининг барчаси саҳиҳ, фақатгина Абу Яълонинг шайхидан ташқари, зеро, мен уни билмайман». Қаранг: «Мажмаъ аз-завоид» (4/57-58).

[10]Ибн Мунзир, «Ал-ишроф» (3/419).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг