Дард ва даво (14): Дуонинг қадарга таъсири

0

(Давоми)

Баъзилар ўзларича ақллилик қилиб шундай дейишади: “Дуо қилиш Аллоҳ савоб ато этадиган ибодат амалидан бошқа нарса эмас. Сўралган нарсанинг берилишига дуонинг ҳеч қандай таъсири йўқ”. Бу маҳмадоналарнинг фикрича, банда муродига етиши учун тил ва қалб орқали дуо қилиш ё қилмаслигининг таъсири йўқ. Муродга етишишда дуо қиладими ё қилмайдими ўртасида фарқи йўқ.

Уларга қараганда сал эс-ҳуши бор одамлар эса бундай деб фикр билдиришади: “Дуо банда муродига эришганига далолат қилиш учун қўйилган аломат холос. У қачон дуо қилиб бир нарсани сўраса, дуоси унинг сўраган нарсаси берилишига далолат қиладиган аломат ва белги бўлади. Бу гуёки қишда совуқ шамол билан қора булутни кўришимизга ўхшайди. Зеро, бу кўринишдаги булут ёмғир ёки қор ёғишидан дарак беради.

Тоат-ибодат билан савоб ўртасидаги, куфр ва маъсият билан жазо-уқубатлар ўртасидаги алоқа ҳам худди шундай. Тоат-ибодат ёки гуноҳ-маъсиятлар савоб ёки жазо берилишига сабаб бўлмайди, балки савоб ёки жазо берилишининг аломати саналади.

Уларнинг наздида синиш билан синдириш, ёниш билан ёндириш, ўлиш билан ўлдириш орасидаги боғлиқлик ҳам айнан шундай. Буларнинг ҳеч бири сабаб эмас, балки белги, холос. Бир иш (масалан, синдириш) билан унинг ортидан келадиган натижа (синиш) ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Яъни ёғочнинг синиши кимдир уни синдиргани сабабли амалга ошмайди. Балки синдириш унинг синишига далолат қиладиган белги. Аслида эса бу икки иш (яъни синиш ва синдириш) кетма-кет рўй берган бўлиб, бир-бирига таъсири йўқ”.

Улар бу сўзлари билан воқеликка, ақлга, шариатга, соғлом фитратга ва барча ақл эгаларига қарши чиқишди ва кулгига қолдилар.

Бу масалада эътирозчи зикр қилмаган учинчи фикр ҳам мавжуд бўлиб, ҳақиқатда энг тўғри фикр шудир. Унга кўра, банданинг пешонасига ёзилган ишлар сабаблар билан бирга тақдир қилинган. Дуо мана шундай сабабларнинг бири ҳисобланади. Бинобарин, банда қачон шу сабабни амалга оширса, тақдир қилинган нарса рўй беради, қачон бу сабабни бажармаса, тақдир қилинган иш ҳам рўй бермайди. Масалан, қорин тўйиши ва чанқоқ босилиши ейиш ва ичиш сабабли, фарзанд кўриш аёлга жинсий яқинлик қилиш сабабли, экин-тикин уларни экиш сабабли ва жонлиқнинг жони чиқиши уни сўйиш сабабли рўёбга чиқиши тақдир қилинган.

Шунингдек, жаннатга солиҳ амаллар сабабли кириш, дўзахга ёмон  амаллар сабабли кириш тақдир қилинган.

Мана шу фикр ҳақ ва тўғри фикрдир. Эътироз билдирган кимса, афсуски, ҳақдан маҳрум бўлган, уни англаб етиш унга насиб қилмаган.

Мазкур сўзлардан маълум бўладики, дуо муродга етказувчи энг кучли сабаблардан бири саналар экан. Инсон кўзлаган мақсадига етиши учун дуо сабаб тарзида тақдир қилинган экан, демак, еб-ичиш ва барча хатти-ҳаракат ҳамда амаллардан фойда йўқ деб айтиб бўлмагани каби дуодан фойда йўқ деб айтиш ҳам тўғри бўлмайди. Дуодан кўра фойдалироқ ва муродга етказувчироқ ўзга сабаб йўқ, аслида.

Саҳобалар (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин) Ислом уммати орасида Аллоҳ таоло ва Расулининг муродини энг яхши биладиган, Ислом динини энг яхши тушунган зотлар бўлганлари учун бу сабабни бошқаларга қараганда бажаришга ҳарисроқ ҳамда унинг шарт ва одобларига риоя қилувчироқ эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу душманларига қарши дуо орқали ёрдам кутар эди ва дуо унинг энг улкан аскари эди. У саҳобаларга шундай дер эди: “Сонингиз кўплиги туфайли ғалаба қозонмайсизлар, балки (дуоларингиз сабабли) осмондан (яъни Аллоҳдан) келган мадад ила ғалаба қозонасизлар”.

Умар яна шундай дер эди: “Мен дуойим ижобат бўлиш ғамини емайман. Балки дуо қилиш ғамида бўламан. Негаки, менга дуо қилиш илҳоми берилса, дуонинг ижобат бўлиши, албатта, у билан бирга бўлади[1].

Бир шоир ушбу сўзларни олиб, улардан қуйидаги мазмунда шеър ёзган экан:

“Мен Сенинг саховатингидан умид қилиб, сўраган нарсамни беришни истамаганингда, мени Ўзингга дуо қилиб сўрашга ўргатмаган бўлар эдинг”.

Ким дуо қилишга илҳомлантирилса, дарҳақиқат, бу унинг дуоси ижобат бўлиши ирода қилинибди демак. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шундай дейди: “Менга дуо қилинглар, дуоларингизни ижобат қиламан” (Ғофир, 60). Бошқа оятда эса: “Агар бандаларим Мен ҳақимда сўрашса, айтинг, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилувчиларнинг дуосини ижобат қиламан”, (Бақара, 186) деган.

“Сунани Ибн Можа”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳдан дуо қилиб сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади[2].

Мазкур ҳадис Аллоҳнинг розилигига Унга дуо ва тоат-ибодат орқали эришилишига далолат қилади. Агар Раббимиз таборака ва таоло рози бўладиган бўлса, (барча яхшиликка эришамиз. Негаки,) ҳар қандай яхшилик Унинг розилигидадир. Шунингдек, ҳар қандай бало-мусибат Аллоҳни ғазаблантиришдадир.

Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида қуйидаги ривоятни зикр қилган: “Мен Аллоҳман. Мендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Агар Мен бир бандамдан рози бўлсам, унга барака ато қиламан. Баракамнинг эса чеки йўқ. Агар Мен бир бандамга ғазаб қилсам, уни лаънатлайман (яъни раҳматимдан узоқлаштираман). Лаънатим эса унинг еттинчи фарзандигача етиб боради[3].

Дарҳақиқат, ақл ҳам, шаръий далиллар ҳам, соғлом фитрат, шунингдек, миллатлари, динлари ва тутган йўллари ҳар хил бўлишига қарамай, барча уммат бошидан ўтказган тажрибалар ҳаммаси битта нарсага далолат қилади: солиҳ амаллар, оламлар Парвардигорининг розилигини топишга ҳаракат ва бандаларга яхшиликни раво кўриш барча яхшиликларни жалб қилувчи энг катта сабаблардандир. Аллоҳнинг неъматларини жалб қилиш ҳамда бало-мусибатларни даф этишнинг тоат-ибодат, солиҳ амал ва бандаларга яхшилик қилишдан кўра осон йўли бўлмаса керак.

[1] Муаллиф Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ ушбу ривоятни “Мадориж”да (3/103), “Фавоид”да (97 бет), шунингдек, Шайхулислом “Фатово”да (8/193) ва “Иқтизо сиротул мустақийм”да (2/229) зикр қилган.

[2] Ибн Можа: 3827. Шунингдек, ушбу ҳадисни Термизий (3373), Аҳмад (9701) Ҳоким, Бухорий “Адабул муфрад”да (658) ва бошқалар ривоят қилишган. Ҳадис санадида Абу Солиҳ Хузий деган ровий бўлиб, айрим уламолар уни ҳадиси заиф ровий дейишса, айрим олимлар ҳадиси ҳасан даражасига чиқадиган ровий дейишган. Бинобарин, ҳадисни айрим уламолар ҳасан деса, айримлари заиф дейишган.

[3] Аҳмад, “Зуҳд”, (289-рақам).

Изоҳ қолдиринг