Дуода қўлни кўтариш ва юзга суртиш керакми?

0

Савол:

Дуода қўлни кўтариш ва юзга суртиш керакми? Энг тўғрисини билмоқчи эдим. Иложи бўлса далиллари билан тушунтириб беринг.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дуо асносида икки қўлни кўтариб туриш дуо ижобат бўлиши сабабларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳаёли ва саховатли Зот. Агар банда икки қўлини кўтариб дуо қилса, Аллоҳ унинг қўлини бўш қайтаришдан уялади”, деганлар (Термизий, 3556). Шунингдек, ҳаром егани боис дуоси қабул бўлмайдиган киши ҳақидаги ҳадисда ҳам унинг икки қўлини очиб дуо қилишини, шунга қарамай дуоси қабул бўлмаслигини айтганлар (Муслим, 1686). Бироқ баъзи ўринларда қўлни кўтариб дуо қилиш суннатга зиддир. Масалан, жума куни хутба асносида дуо қилганда қўлни кўтариш суннат эмас, балки кўрсаткич бармоқ билан ишора қилган ҳолда дуо қилиш суннат. Бунга Муслим (874) ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади. Умора ибн Руайба розияллоҳу анҳу халифа Бишр ибн Марвоннинг минбарда қўлини кўтариб дуо қилаётганини кўрганида: “Қуриб кетсин бу қўллар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни (минбарда дуо қилганларини кўрганман). У зот қўллари билан мана бундай қилардилар, холос”, дея кўрсаткич бармоғи билан ишора қилиб кўрсатган. Бинобарин, минбарда туриб дуо қилганда қўл кўтарилмайди.

Дуодан сўнг қўлни юзга суртиш борасида ҳам бир қанча ҳадислар келган, жумладан:

1) Умар розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуога қўл очсалар, қўлларини юзларига суртмасдан туширмасдилар” (Термизий, 3386).
2) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар Аллоҳга дуо қилсанг, қўлингнинг олд томони билан дуо қил, қўлингни тескари қилиб дуо қилма. Дуо қилиб бўлсанг, қўлингни юзингга сурт” (Ибн Можа, 3864).

Из ибн Абдуссалом каби баъзи уламолар мазкур ҳадисларнинг заиф эканини эътиборга олган ҳолда дуодан сўнг қўлни юзга суртиш жоиз эмас, бу амал бидъат, дейишган. Бошқа бир гуруҳ олимлар мазкур ҳадислар йиғилганида бир-бирини қўллаб-қувватлагани учун ҳасан даражасига кўтарилади, дейишган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Булуғул маром” китобида шундай дейди: “Бу ҳадисни қўллаб-қувватлайдиган бошқа бир қанча ҳадислар бор. Абу Довуд ривоят қилган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси шулар жумласидан. Бу ҳадислар биргаликда ҳасан ҳадис мартабасига чиқади”. Бинобарин, уларнинг назарида дуодан сўнг қўлни юзга суртиш мустаҳаб бўлади. Модомики дуодан сўнг қўлни юзга суртишнинг ҳукми бу борада келган ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заифлиги борасидаги ихтилофга боғлиқ экан, суртиш суннат эмас деган уламоларнинг гаплари далил жиҳатидан кучлироқ бўлса-да, суртиш суннат деган уламоларнинг гаплари ҳам хато эмас. Бу масала ижтиҳодий масала бўлиб, ҳар ким ўз мазҳаби ва устозининг кўрсатмасига биноан амал қилиб кетаверади. Бу амални бидъат ёки суннат деб, ўзаро тортишиш, ўртада ихтилоф чиқариш асло ва асло жоиз эмас.

Юқорида айтилган ҳукм дуодан сўнг қўлни юзга суртиш тўғрисида эди. Бироқ дуодан сўнг қўлни кўкракка суртиш ва бош ёки кўрсатгич бармоқларни ўпиб, кўзни устига суртиш бидъатдир, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг