Эҳромга киришни ният қилиш

0
  • Эҳромга киришни ният қилиш

Эҳромга киришни ният қилиш шарт. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, улар ботилдан ҳаққа мойил бўлган ва ёлғиз Аллоҳга итоат қилган ҳолларида фақат Унинг ўзига ибодат қилишга буюрилган эдилар” [Баййина: 5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир…”[1]. Маълумки, ниятнинг ўрни қалбдир. Бинобарин, уни талаффуз қилиш дуруст эмас. Шунга кўра, “ҳаж ёки умра қилишни ният қилдим”, деб тил билан айтилмайди, балки қалбда ният қилинади. Шундан сўнг қайси ибодатни ният қилган бўлса, ўша билан талбия айтади. Масалан, “лаббайка Аллоҳумма би умраҳ”, “лаббайка Аллоҳумма би ҳаж” ёки “лаббайка Аллоҳумма би ҳажжин ва умраҳ[2], дея талбия айта бошлайди.

Шунингдек, эҳром кийиш пайтида “Аллоҳумма инний уридул ҳажжа, фа яссирҳу лий, ва аъинний ала адаи фарзиҳи, ва тақаббалҳу минний…[3] деб дуо қилиш хусусида ҳам бирон шаръий кўрсатма йўқ.

Эҳром кийиш пайтида шарт қўйиш:

Зубоа бинти Зубайр розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, мен касал ҳолимда ҳаж қилмоқчиман”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳажга боравер, фақат “бирон тўсиқ тўсқинлик қилган жойда эҳромдан чиқаман”, деб (олдиндан) шарт қўй”[4].

Агар инсон касаллик ва шунга ўхшаш бирон сабаб туфайли ҳаж ибодатларини давом эттиришдан ожиз бўлиб қолишдан қўрқса, у ҳолда эҳром кийиш олдидан шарт қўяди. Борди-ю, мазкур сабаб туфайли ҳаж ибодатини давом эттириш имконсиз бўлиб қолса, ўша жойда эҳромдан чиқиши ва ҳажни охиригача давом эттирмаслиги мумкин.

Мазкур шартнинг фойдаси шундаки, инсон қачон касаллик  ёки бошқа бирон сабаб билан эҳромдан чиқса, бирон жарима тўлаши вожиб бўлмайди. Бироқ олдиндан шарт қилмаса, сўнг йўлда бирон сабаб бўлиб, эҳромдан чиқишга тўғри келса, у ҳолда “муҳсар”, яъни ҳаждан тўсилган саналиб, бундай киши “эҳсор”, яъни ҳаждан тўсилишга оид ҳукмларга риоя қилиши шарт. Мазкур ҳукмлар ўрни келганда баён қилинади, иншааллоҳ.

Мавзуга оид айрим мулоҳазалар:

(1) Эҳром кийиш чоғида умумий тарзда шарт қўйиш жоиз бўлаверадими, яъни ҳаж ибодатига тўсқинлик қиладиган бирон сабаб вужудга келиши хавфи бор ёки йўқлигидан қатъий назар шарт қўйиш жоизми?

Жавоб: эҳром кийиш чоғида шарт қўйиш хавф-хатар ҳолатидагина суннат. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар орасидан фақат мазкур касал аёлгагина шарт қўйишни тавсия қилдилар. У зотнинг на видолашув ҳажжида ва на бирон умра ибодатида асҳобларидан бирига шундай қилишни буюрганлари ёки тавсия қилганлари нақл қилинган.

Шунга кўра, бирон сабабга кўра ҳаж ёки умрасини охирига қадар бажаролмай қолишдан қўрққан кишигина мазкур шартни қўйиши жоиз.

(2) Агар муайян бир сабабга кўра ҳаж ёки умрасини тўлиқ адо этишдан қўрқиб шарт қўйган бўлса-ю, бироқ бу сабаб йўқолиб, бошқа бир сабаб туфайли ибодатини охирига етказиш имконсиз бўлиб қолса, қўйган шарти унга фойда берадими ёки йўқми?

Рожиҳ фикрга кўра, “бирон тўсиқ тўсқинлик қилган жойда эҳромдан чиқаман”, дегани сўзида муайян сабабни зикр қилмай, балки умумий тарзда “бирон тўсиқ” дегани учун мазкур шарт фойда беради.

[1] Бухорий  (1) ва Муслим (1907, 155) ривоят қилишган.
[2] Маъноси: “Эй Аллоҳ, ҳаж, умра ёки ҳаж ва умра билан Сенинг чақириғингга лаббай дейман, тоатингда қойимман!”.
[3] Маъноси: “Эй Аллоҳ, мен ҳаж қилмоқчиман. Шундай экан, менга бу ибодатни осон қил, унинг фарзини адо этишда ёрдам бер ва мендан қабул қил…”.
[4] Бухорий (5089), Муслим (1207) ва Насоий (5/168) ривоят қилишган. Шунингдек, Муслим (1208), Абу Довуд (1776), Термизий (1941) ва Насоий ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, у эса Зубоа розияллоҳу анҳодан ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг