Элиф деб исм қўйиш жоизми?

0

Савол:

Яқинда қиз фарзанд кўргандик. Онам қизимга Элиф деб исм қўйишни тавсия қиляптилар. Шу исмнинг маъноси қандай? Қўйса бўладими? Сумайя исмининг маъноси нима?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Аввало Аллоҳ таолодан фарзандингизга узоқ умр, сиҳҳат-саломатлик сўраймиз. Аллоҳ таоло тарбияси, одоб-ахлоқини гўзал қилсин!

Элиф исми бизга турклардан, туркларга эса араблардан кириб келган бир исмдир. Бу исмнинг асли араб тилидаги “алиф” сўзидан олинган. Унинг икки хил маъноси бор:

1) араб алифбосидаги биринчи ҳарфдан олингани, у ҳарфнинг абжад тартибидаги рақами бир бўлгани ва у бир рақами шаклида ингичка ва узун ёзилишини эътиборга олиб, “ёлғиз”, “биринчи”, “ёгона” ҳамда “узун бўйли, қадди-қомати келишган” маъноларини ифодалайди;

2) “улфат”, “ёқимтой” ва “дўст” маъноларини ҳам ифодалайди.

Албатта, бу исмни қўйишнинг шариатга зид ери йўқ. Бироқ турк лаҳжасига биноан Элиф эмас, араб ва ўзбек лаҳжасига биноан Алиф ёки Алифа деб қўйилса, янада тўғрироқ бўлади.

Сумайя исми ҳам араб тилидан олинган бўлиб, “белгича”, “аломатча” маъносини билдиради. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг онасининг исми Сумайя бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни бошлаганларидан сўнг Аллоҳга иймон келтиргани сабабли қатл қилинган ва ислом йўлида жонини берган биринчи шаҳид аёл бўлиш бахтига муяссар бўлган. Мусулмонлар “қизимиз ҳам Сумайя розияллоҳу анҳодек мустаҳкам иймонли бўлсин”, деган мақсадда қизларига шундай исм қўядилар, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг