Етти ҳикоят: Муқаддима (2)

0

(давоми)

Бундан 1400 йил муқаддам Макка ва Мадина йўлидаги саҳрода яшовчи Умму Маъбад ал-Хузоийянинг нечта китоб ўқигани маълум эмас. Лекин шаҳардан, мактаб-мадрасадан анча олисда, саҳродаги чодирда яшовчи бу аёл Мадинага ҳижрат қилаётган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни атиги бир бор кўриб, бир оғиз сўзларини эшитиб, сўнг у бетакрор зотнинг шакл-шамойилларини, хулқ-атворларини, ҳусну ҳиндомларини ўз эрига васфлаб таърифлаганда манаман деган мўйқалам усталаридан, қалами ўткир адиблардан қолишмаган, балки улардан ўтиб кетган, десам, муболаға бўлмас. Мана шуни «туғма талант» десалар керак-да? Туғма талант эса илоҳий тортиқ.

Буни эслашдан мақсад, мен ҳам ҳавас билан «Гўзаллик тимсолининг оғир қисмати ва гўзал оқибати» ҳақидаги қиссага қўл уриб қўйдим. Гапни қаҳрамоннинг мафтункор жамолидан бошладим. Зеро, унинг исмини эшитган ҳар бир киши кўз ўнгида биринчи бўлиб гўзаллик гавдаланади. Гўё у гўзаллик тимсолига айланган. Агар унда ўнлаб хислатлар бўлса, у хислатлардан энг аввал кўзга ташланадигани унинг нурли талъатидир. Шу сабабдан гапни ташқи қиёфадан, ҳусну ҳиндомдан бошладим.

Бошлашга бошладим-у, кейин ўйланиб қолдим. Юқорида санаб ўтилган андишалар мени орқага тортди.

Хўш, мен уни кимга, нимага ўхшатишим мумкин?

Шоирларга тақлидан, уни гулу ғунчага ўхшатсаммикин?

Ҳа, ҳақиқатда гул гўзаллик рамзи. Лекин қизил, сариқ, пушти лолалар, жозибадор «оққанот», қип-қизил ғунчалар, лолақизғалдоқ ва ниҳоят, чечаклар маликаси атиргул унинг ҳусну жамоли олдида ажриққа, гулзор эса ажриқзорга ўхшаб қолмасмикин?

Унинг тим қора, қуюқ, ялтироқ сочларини зимистон тунга ташбеҳ қилайми?

Йўқ, тўғри келмайди. Унинг тим қора сочи олдида зим-зиё тун хира булиб колмасмикин?

Қоронғу тун кимларнидир қўрқитса, унинг қора сочлари кўпларни қувонтирган. Эс-ҳушини олиб девона қилган.

Унинг ёрқин чеҳрасини, нурли талъатини қуёши порлаб турган кунга ёки тўлин ойга, моҳи анварга  ўхшатайми?

Йўқ, тўғри келмас экан. Бу ташбеҳ ҳам мос тушмаяпти. Чунки қиссамиз қаҳрамони башар наслидан, Одам сулоласидан. Одамзод эса махлуқотлар гултожидир. Инсон васфида уни яратган Мусаввир Зот:

«Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик», деган.

Инсоннинг хилқати исми тафзийл – орттирма сифат билан ифодаланган. Яъни исм ва сифатнинг юқори даражадалигини билдирувчи «энг» қўшимчаси билан маъно янада кучайтирилган. Оддий гўзал эмас, балки  أحسن تقويم, яъни «энг гўзал шаклда» дейилмоқда.

Ундан олдинги уч оятда Холиқ қасамёд билан, қасам лафзларини ишлатиб анжир, зайтун ҳамда Аллоҳ Мусо алайҳиссалом билан сўзлашган салобатли Сийно тоғини эслайди, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган, тинч осойишта шаҳар Маккани ёд этиб, ортидан қасамга жавоб бўлувчи «ل» (лом) ҳарфи ва таҳқиқни ифодаловчи «қод» қўшимчаси билан таъкидлаб:

«Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик», дейди.

Шунга биноан, «энг гўзал хилқат»ни ундан қуйироқ нарсаларга ташбеҳ қилиш мантиққа зид бўлиб қолмасмикин?!

Инсоннинг нақадар гўзаллигини исботлаш ва таъкидлаш учун Аллоҳ ўз махлуқотларидан тотли анжирга, баракотли зайтунга, салобатли тоғ ва муборак Макка шаҳрига қасамёд қилган. Бу тартиб нозикфаҳм нуқтадонларга инсон насли қасамда келган жонли-жонсиз турли-туман махлуқотлардан устунлигига ишора қилмайдими?..

(давоми бор)

Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳим

 

Изоҳ қолдиринг