Етти ҳикоят: Муқаддима (3)

0

(давоми)

Бундан ташқари, қуйидаги икки оят ҳам инсоннинг гўзал сурати ҳақида ҳикоя қилган.

خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ ۖ وَإِلَيْهِ الْمَصِيرُ ﴿٣﴾

Тағобун, 3-оят

اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ۚ ذَٰلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ ۖ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ ﴿٦٤﴾

Ғофир, 64-оят

Аллоҳ  таоло еру осмонларнинг яратилиши ва яратишдан бўлган мақсадни баён қилгандан сўнг инсон ташқи қиёфаси ҳақида сўзлаб:

وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ

«Аллоҳ сизларга сурат, шакл берди ва суратингизни бениҳоят гўзал қилиб қўйди», дейди.

Жирканч қатра сувнинг қай тарзда гўзал инсонга айланиш жараёнини босқичма-босқич баён қилган чевар Зот оят сўнгида: 
فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
деб Ўзини мадҳ этади.

Бу оятда ҳам одамзод хилқатининг бениҳоят гўзаллигига ишора кўринмаяптими?..

Демак, инсоннинг ўзи гўзал, ўзи ғоят чиройли. Қиссамиз қаҳрамони эса ўшал гўзал инсонларнинг энг гўзалидир. Уни унча-мунча нарсага ўхшатишда эҳтиёткорлик лозим.

Қисса қаҳрамонининг ташбеҳу тамсилида нафақат мен, балки бошқалар ҳам қийналган. Нимага, кимга ўхшатишни билмай донг қотган. Қуёшга қараганда, тунни кўрганда, энг чиройли гул ё гулзорга боққанда ҳеч ким, ҳеч қачон ҳайрат ва даҳшатга тушиб ўз қўлини кесиб олмаган, кесмайди ҳам.

Аммо уни ўз кўзи билан кўрган аёллар ҳайрат бармоғини тишлаган демайман, балки ҳақиқий бармоғини кесиб олиб, оғриқни сезмай қолишган. Рўпарадаги ёрқин сиймо уларни буткул мафтун этган. Шунда гўзаллик шайдолари бу барно йигитни на ойга, на қуёшга ва на гулга ўхшатишган, балки уни нимага ўхшатишни билмай бир овоздан жўр бўлиб:

مَا هَٰذَا بَشَرًا إِنْ هَٰذَا إِلَّا مَلَكٌ كَرِيمٌ ﴿٣١﴾

«Бу башар эмас, (йўқ, йўқ), у буюк малак – улуғ фариштадир, фаришта!» деган эдилар.

Бир қарашда унинг ҳусн-жамолига маҳлиё бўлиб, ҳатто ўз бармоқларини қандай кесганларини ҳам сезмай қолишган.

 
وَقَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ
 
«У аёллар уни кўргач, қўлларини бурда-бурда қилиб кеса бошлайдилар».

Қисқа, сермазмун сўзловчи «жавомиул калим» соҳиби Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исро ва Меърож кечасида самовот саёҳатига чиққан пайтларида Жаброил алайҳиссалом билан бирга учинчи осмонга кўтарилганлар. Шунда ўша инсонни кўриб, у билан сўзлашиб, унинг васфида: إذا هو قد أعطي شطر الحسن (Унга гўзалликнинг тенг ярми берилган экан), деган эдилар. (Саҳиҳи Муслим)

У фақат ўзига ўхшарди, бундай гўзал талъат фақат унинг ўзида бор, холос. Шунинг учун мен уни ўткир қаламкашлар каби бирор кимсага ёки бирон бир нарсага ташбеҳ қилолмай «У ғоятда гўзал, бениҳоят кўркам, чиройли» деб қўя қолдим.

Хўш, боядан бери таъриф-тавсиф қилаётганимиз, таъриф ва тавсифга сиғмас у барно инсон ким?

Ҳали қиссамиз қаҳрамонининг исм-шарифи очиқ айтилмасдан олдин сарлавҳани ўқибоқ кўпчилик уни таниб бўлган, деб ўйлайман.

Ҳа, тўғри топдингиз, у Юсуф алайҳиссаломдир!

Юсуф ибн Ёқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳийм.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам васфлаганларидек У  الكريم ابن الكريم ابن الكريم ابن الكريم  дир.

Ал-Карийм – улуғ, олийжаноб, саховатли деган маъно-ларни ифодалайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Юсуф алайҳиссаломни ва унинг насл-насабини шундай таърифлаганлар:

«Юсуф алайҳиссалом улуғ, олийжаноб, саховатли зот, унинг отаси ҳам, бобоси ҳам, катта бобоси ҳам улуғ, олийжаноб, саховатпеша зотлардир», деганлар.

Ташқи қиёфаси гўзал бўлган инсон бу фазилатдан ташқари, яна бошқа чиройли хислатларни ўзида жамласа,

хилқати гўзал бўлгани каби хулқи ҳам гўзал бўлса,

юзи чиройли бўлганидек, сўзи ҳам чиройли бўлса,

зоҳир билан ботин бирдай ёрқин, дил ва тил равон, қўл очиқ, кўз тўқ, кўнгил оқ, ният пок бўлса, ана бундай кишини الكريم – Карийм деб аталади.

Юсуф алайҳиссаломда буларнинг бари мужассам эди. У зот шундай васфга молик карийм ўғли, карийм ўғли, карийм ўғли карийм эдилар.

У зотга илоҳий синовлар ҳам шунга яраша келган. Улуғ инсонларнинг ҳаёти, қисмати бошқаларникидан кўра оғирроқ, бир оз машаққатлироқ кечади. «Етти ҳикоят»да ана шу машаққатларнинг айримлари билан танишамиз, иншааллоҳ.

Ҳар бир пайғамбар ўзига хос бир хислат билан танилган. Масалан:

Одам – Софийуллоҳ алайҳиссалом,

Иброҳийм – Халилулулоҳ алайҳиссалом,

Мусо – Калиймуллоҳ алайҳиссалом,

Исо – Руҳуллоҳ алайҳиссалом,

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Халилулоҳ ва Ҳабибуллоҳ деган сифатлар билан машҳурдирлар صلى الله عليهم وسلم.

Айюб алайҳиссалом сабр билан, Ёқуб алайҳиссалом ғам-қайғу билан, Юсуф алайҳиссалом эса ҳусну жамол билан танилганлар.

Шунинг учун сўзни Юсуфнинг алайҳиссалом беназир жамолидан, ташқи қиёфасидан бошладик.

Бу – биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб – Юсуфнинг бошига жуда эрта тушган ҳаёт машаққатларининг, оғир қисматининг янада оғирлашиб кетишида шул беқиёс ҳусну жамолнинг ўрни катта.

Ёшлик чоғида у ота «муҳаббати» боис қудуққа ташланган эди. Йигитликда вазир рафиқасининг «муҳаббати» боис қамоққа ташланган. Эрли аёл «муҳаббати»ни қўзғаган омил эса чирой, ҳусн, жамол эди.

Шу сабабдан сўзни унинг ҳусн жамолидан бошлашни ўринли билдим.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг