Етти ҳикоят: Учинчи ҳикоят (4)

0

Ақлли инсон ўтганлар ҳаётидан ибрат олади. Ибрат – биринчи малҳам. У мусибатни енгиллатади, ғамбодаларни юпатади. Зотан Юсуф сураси ғамдийда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мазлум асҳоб учун далда, тасалли ва иршод бўлиб инган.

Қуръон бу тарихий ҳодиса орқали кўз ёш ва қонда ҳам сохталик, қаллоблик бор эканини билдирмоқда.

Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, ҳар соҳада қаллоблик, сохталик бўлгани каби, оила ичида ҳам, ота-бола муомаласида ҳам минг афсусларки, сохталик бор экан. Қон ва кўз ёшларнинг ҳам қалбакиси бўлар экан.

«Холислик, самимият» деган муқаддас туйғуни, олийжаноб хулқ ва одамий хислатни ҳам сохталик, қаллоблик, фириб, найранг булғаган экан…

Кўз ёш тўкканларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ бўлавермайди.

Қонга беланганларнинг ҳаммаси ҳам мазлум эмас!

Сохта кўз ёш, сохта қон ашёвий далил эмас! Сохта кўз ёш ва сохта қон театр саҳнасидагина эмас, ҳаёт саҳнасида ҳам кўплаб учрайди.

Сохта йиғини нафақат фирибгар аёллар, балки туппа-тузук эркаклар ҳам қўллайди. Бунга ота ёнига сохта қон, сохта кўз ёш билан келган акалар ҳодисаси далил. Сохта қон ва сохта ёшлар тўкилган умумбашар тарихи далил.

306 ҳижрий йилда вафот этган тарихчи, муҳаддис ва қози Вакеъ ибн Муҳаммад أخبار القضاة  китобида ёзади:

Шаъбий[1] Шурайҳ[2] ҳузурида эди. Бир аёл кириб келди. Икки кўзи жиққа ёш. У бир эркакдан шикоят қилди. Дийдагирён аёлни бу ҳолда кўрган кишининг ичи ачиб, раҳми келиши аниқ. Шаъбий ҳам шундай ҳолга тушди.

– Бечора, роса жабр чекибди, мазлума экан, – деди Шаъбий аёлга ачиниб.
– Шошилманг, Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ҳам кечаси ота ёнига йиғлаб келишган, – деди кўпни кўрган доно қози Шурайҳ.

Бошқа бир қозининг ёнига қонга буланган киши кириб, ўз хасмидан шикоят қилади. Қозининг мулозимлари унга ачинишади. «Ачинишга эрта. Тез хулоса чиқариш дуруст эмас. Аввал хусумни кўрайлик, сўзини эшитайлик… Балки у бундан кўра оғирроқ аҳволдадир», дейди қози.

Қози амрига биноан хусум маҳкамага олиб келинади. Дарҳақиқат, у бундан баттар аҳволда экан. Қонга беланган шикоятчи қўлининг бир жойи сал кесилган бўлса, хусумнинг битта қўли бутунлай кесиб, узиб олинган экан. Бирида сохта қон, бошқасида ҳақиқий қон…

Қуръон ҳасад ўтида қовурилган ўнта аканинг ўз зотига номуносиб характери ва отага айтган «холис» сўзи орқали ва бундан олдин ҳасадгўй шайтоннинг қасам ичиб Одам ва Ҳаввога берган «холисона насиҳати»ни эслатиш орқали «мен холисман, мен хайрихоҳман» деганларнинг ҳаммаси ҳам холис бўлавермаслигини шу иккита тарихий воқеалар баёни билан охирзамон умматига уқтирмоқда.

Юсуф алайҳиссалом акалари:

«Албатта биз унга холис хайрихоҳмиз»,  деганди.

Шайтон эса:

«Мен сизларга холис-самимий насиҳат қиляпман», деб қасам ичади». Ана шу «холис ва самимий насиҳат»ни Аллоҳ «ёлғон, алдов» деб атаган.

«Ёлғон гаплар билан алдаб, уларни тубан ҳолатга тушириб қўйди».

Қасамхўр лаин Одам Ато билан момо Ҳаввони нима билан алдагани ёдингиздан кўтарилмагандир. Ўшанда аламзада шайтон Одам ва Ҳаввога қарата:

«Парврдигорингиз сизлар фариштага айланмаслигингиз учун ёки жаннатда абадий қолиб кетмаслигингиз учун сизни бу дарахт мевасини ейишдан қайтарган», деганди.

Демак, одамлар орасида кенг тарқаган «холис фикр, холис насиҳат, холис маслаҳат, холис ва самимий баҳо, холисона дуо» каби «холислик»ларнинг ҳаммаси ҳам жа унчалик холис бўлавермас экан.

Ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ва бундан бошқа турли воситалар орқали тарқатилаётган гап, ахборот, холис-самимий насиҳат, холис фикр, холисона кўрсатув ва эшиттиришларнинг ҳаммаси ҳам холис эмаслигини ҳаётий аччиқ ҳақиқатлар исботлаб беряпти. Кино ва килпларни айтмаса ҳам бўлаверади, уларнинг турган битгани… Шунинг учун ҳар бир хабар, ҳар бир даъватни обдон элакдан ўтказиб, тозалаб ана ундан кейин қабул қилиш соғлом онг эгаларига хос амалдир. Носоғломлар эса ким қаерда қақилласа, маҳлиё бўлиб лаққа тушаверади, ҳар қандай ҳуштакбознинг ҳуштагига эргашиб кетаверади.

«Телевизорда кўрсатди-да, радиода айтди-да, газетага ёзипти-да, интернетда тарқапти, «домла» шунақа дебти, телеграмдан кепти, китобда ўқувдим» деб, ким нима деса, ким нима ёзса ишонаверамизми, эргашаверамизми?!

Бу нима деган гап?! Ҳали дажжол чиқмасдан туриб шу аҳвол! Дажжол чиқса нима бўларкин?! Мош билан лўянинг, тош билан гурунчнинг, аччиқ билан чучукнинг фарқига борган диди ўткир инсон наҳот оқ билан қоранинг фарқига бормаса?!

Наҳот эгри билан тўғрини, рост билан ёлғонни ажратолмаса?! Қизиқ! Жуда қизиқ!..

Бир йўл орқали, яъни оғиз орқали қоринга тушадиган нарсани ғалвирдан, элакдан ўтказилади-ю, тўрт йўл орқали, яъни икки кўз ва доим очиқ турувчи икки қулоқ орқали мияга, юракка; инсон жасадининг «мотори» бўлмиш қалбга тушадиган нарсани элакдан ўтказилмайдими?!

Аллоҳ Қуръоннинг бир нечта ўрнида ҳар бир хабарни аниқлаб, текшириб кўришга буюриб, бот-бот: «فتبينوا … فتبينوا» «текшириб кўринг, аниқланг, тагига етинг, хато қилиб қўйиб афсусланиб юрманглар тағин» деб огоҳлантирган.

Бошқа оятда эшитган, ўқиган сўзларини саралаб, улар ичидан энг яхшисига, энг тўғрисига эргашган мўминларга хушхабар берган ва уларни «ақлли одамлар» деб мақтаган:

«Сўзни эшитиб, унинг энг яхшисига эргашган бандаларимга хушхабар беринг. Ана ўшалар Аллоҳ тўғри йўлга йўллаган зотлардир. Ана улар ақл эгаларидир». (Зумар сураси: 17-18)

Сўзларнинг ҳаммаси ҳам самимий бўлавермагани каби кўздан оққан ёшлару кўйлакка ёпишган, танадан чиққан қонларнинг ҳаммаси ҳам ҳамиша ҳақиқий бўлавермаслигини  Юсуф ва унинг акалари ўртасидаги ҳодиса кўрсатди. Шунга кўра, агар, мабодо ўғлингиз кўчадан йиғлаб келса, бирдан жазавага тушманг, тутақманг. Кўчани бошингизга кўтариб жанжал қилманг, шовқин-сурон кўтарманг.

Ёки уйга кирсангиз, онангиз йиғлаб ўтирибди. Шу пайт бирдан ёмон гумонга бориб, хотиннинг ёқасига ёпишманг.

Ёки аксинча, уйга кирсангиз, суюкли ёрингиз ёш тўкиб ўтирибди. Шунда ҳовлиқиб, «ким сени йиғлатти?! Овсинингми, аямми, синглимми, акамми, укамми, ким?!..» деб кимнидир айблашга шошилманг. Аввал у кўз ёшни таҳлил қилинг. Сохтами, ҳақиқийми, билинг. Сабабини ўрганинг. Аллоҳ ўргатганидек «فتبينوا» аниқланг, текширинг!

«Бошга мусибат тушганда ғазабланиб, одамларга ёмон гумон қилиш, ҳар кимдан гумонсираш мусибатдаги ажру мукофотни гуноҳга айлантиради», дейди олимлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Моли ўғирланган киши ҳар кимдан шубҳаланавериб, гумонсирайвериб, охири ўзи ўғридан баттар гуноҳкор бўлиб қолади», деган эдилар.

Бундай пайтда ғазаб отига минган дарғазаб киши отни қамчиламай, ўзини қўлга олиб, Қуръон қиссаларининг яна бир ажойиб қаҳрамони пайғамбар ўғли пайғамбар ва буюк султон Сулаймон алайҳиссалом сингари шошмасдан, оғир вазминлик билан – «Ўйлаб кўрамиз, текширамиз», деб иш юритса, ютади, ҳеч қачон афсусланмайди.

Намл сураси ва ҳадисларда келганидек, қўшини билан сафарга отланган Сулаймон алайҳиссалом қушларни кўздан кечириб, ҳудҳудни кўрмайдилар. «Нега мен ҳудудни кўрмаяпман? Ё у беизн ғойиб бўлдими? Агар келса, қаттиқ таъзирини бериб қўяман, ё сўйиб ташлайман, ёки узр сўраб, аниқ ҳужжат келтиргай», дейдилар.

Ҳаял ўтмай ҳудҳуд келиб, қаерда юрганини, нималар кўрганини жуда чиройли услуб билан тушунтириб беради. Шунда Сулаймон алайҳиссалом унинг сўзини шу заҳоти бутунлай инкор этишга ҳам, тасдиқлашга ҳам шошмай ҳаммага ибрат бўладиган, ажойиб қоидага асос солиб:

«Тўғри сўзладингми ёки сен ҳам каззобларданмисан, буни ўйлаб кўрамиз, текширамиз», дейдилар».

«Ўйлаб кўрамиз, текширамиз».

Бу СЎЗ ни, бу Қуръоний ҚОИДА ни уйда ота, синфда муаллим, мактабда мудир, ишхонада бошлиқ, маҳкамада қози, маҳаллада раис, шаҳарда ҳоким, мамлакатда султон ўзи учун шиор ва қонун қилиб олса арзийди.

Агар бир бетайин фосиқ, чақимчи, каззоб гап кўтариб келса, катталар худди султон Сулаймон алайҳиссалом каби:

«Ўйлаб кўрамиз, текширамиз» деб шошмай иш юритса, ютади. Икки дунёда юзи ёруғ бўлади.

Бу тадбир: текшириб кўриб ҳукм чиқариш, етти ўлчаб бир кесиш мамлакат равнағи учун, адолат тантанаси ҳамда қонун устуворлиги учун, энг асосийси: барқарорлик, тинч-омонлик учун зарурдир, жуда зарур!

Келажаги олдинда бўлган ёш-яланглар ҳам ким «олға!» деса, шошиб унинг орқасидан чопиб кетмасдан, жарангдор шиорларга алданмай, ақл билан иш тутиб, Қуръони карим:

“ففهمناها سليمان وكلا آتينا حكما وعلما “
 , деб мақтаган Сулаймон алайҳимассалом сингари босиқлик билан:

«Ўйлаб кўрамиз, текширамиз» десинлар.

«Тур!» деса, турадиган,

«Ўтир!» деса, ўтирадиган,

«Ёт!» деса, ётадиган,

«От!» деса, отадиган,

«Ёқ!» деса, ёқадиган,

«Ма, тарқат!» деса, ҳар қандай варақани тарқатадиган гўл, ғўр, манқурт, бефаҳм, беақл бўлмасдан, онг-идрокни ишга солиб:

«Ўйлаб кўрамиз…» ни амалга оширсинлар.

Ҳақ билан ботил, фойда билан зарарни ажратсинлар. «Ишонган тоғда кийик ётмас»лигини, «Ишонмагин «дўс-тингга» – сомон тиқар пўстингга» деган аччиқ ҳақиқатни бешафқат ҳаётда ўзи татиб кўриб, ўзи тажрибадан ўтказиб билиш шарт эмас. Бошқаларнинг тажрибаси кифоя…

Қаранг: «Албатта биз унга холис хайрихоҳмиз», «Биз албатта уни қўриқлаймиз»деб ўғиллар отани алдашди.

Шайтон  «Мен сизларга холис насиҳатгўйман», деб қасам ичиб» Одам ва Ҳаввони алдади, оқибатда «Ёлғон гаплар билан уларни тубан ҳолатга туширди».

Мазмуни бир-бирига уйғун ушбу оятлар хавфли ҳолат ва оғир вазиятдан огоҳлантирувчи, ҳушёрликка чақирувчи сигналга ўхшайди. Бу сигнал «холисона» сўзга алданмай текшириб кўриш, аниқлаш зуруратини ҳамда адоват зарби гоҳ душман, гоҳ дўст томондан келишини эслатмоқда. Ой туйнукка, арава эшакка келганда, бош кундага қўйилганда кеч бўлади. «Эсинг борида этакни ёп» дейдилар.

Бу оятлар билан Аллоҳ гўё «алдаманг ва алданманг» деб огоҳланатирмоқда. Лекин шунга қарамай мақтовга ўч, хомхаёл, мағрур одамзод алдар экан, алданар экан. Уни:

Мансаб, амал…

Мол-дунё, шон-шуҳрат…

Мақтов, олқиш, хушомад, лаганбардорлик…

Жимжимадор сўзлар, қарсаклар…

Ишва, жилва, нозу карашмалар…

алдаб қўяди. Шунингдек, диплом, унвон, фахрий ёрлиқ, отни ҳуркитадиган баландпарвоз номлар, «санъаткор», «актёр», «профессор», «доктор», «пир»… деган атамалар мағрурлантириб, йўлдан оздиради.

Муғомбир устомонлар ана шундай номлардан усталик билан фойдаланиб, оммани аврайди. Ҳар нарсага ишонувчи соддадил халқ тузоқ тагидаги донга алданган қушдай шуҳратпарастларга алданиб, тузоққа тушади[3]. Унвонларга, шахсларга умид боғлайди, таманно қилади. Ўз қўли билан қаҳрамон ясаб, ўзи уни кўкка кўтариб, ўзи унга алданади.

Мабодо, баъзи нишондорлар кўксидаги ордену медалларни эритиб, қайта ишланса, яхшигина машина чиқади.

Баъзилар жамлаган ялтироқ фахрий номларни йиғиб, устига чиқсангиз, «Мадинадан Фарғона кўринади», ўчоққа ташласангиз, дамига ош пишади, сумалак қайнайди…

Лекин кўплар катта умид билан кўз тиккан у «соҳиби каромат» ва «валломатлар» араб маталида айтилганидек, «لا يحرك ساكنا»; парвойи палак, қўлидан бир иш келмайди, эл учун қимир этиб қўймайди, эти жимир этмайди, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди… Гап номда эмас, корда!

Алдамасликка буюрган Аллоҳ Қуръонда алданмасликка ҳам буюрган, ҳушёрликка чақирган. Жумладан Луқмон сураси 33-оятда ва Фотир сураси 5-оятда:

«Ҳаёти дунё сизларни алдаб қўймасин! Аллоҳ сизларни жазоламай, муҳлат бермоғидан мағрурланманг, ғурур: (дунё, шайтон ва бошқа алдамчи; чалғитувчи нарсалар) сизни алдаб қўймасин», дейди».

Шунга қарамай, динсизлар «ютуғи»га алданган қанча? Уларнинг бепарда маданиятига, ясама муомаласига, ташқи қиёфасига, усти ялтироқ, ичи қалтироқ ҳаётига алданган қанча? Алданиб, адашиб, охири пушаймон бўлган қанча?..

«Кофирларнинг шаҳарларда кезиб юриши сизни алдаб қўймасин», дейди Аллоҳ таоло.  

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу дунёга қарата: «غري غيري»  «…Бор, кет, мендан ўзгасини алда»,  дер эканлар.

Хуллас, инсоният алданадиган нарса жуда кўп. Қуръон ёлғоннинг ҳамма туридан эҳтиёт бўлишга ундаган.

Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам :  لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ

«Мўмин бир индан икки марта чақилмайди», деганлар.

Муттафақун алайҳ.

(давоми бор)

[1] Омир ибн Шароҳил Шаъбий: машҳур тобеин, куфалик муҳаддис, фақиҳ, қози.

[2] Шурайҳ ибн Ҳорис: таниқли тобеин, Куфа қозиси. Набий r даврларида иймон келтирган, лекин кўришолмаган. 108 ёшда вафот этган. 60 йил қозилик қилган.

[3] Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,
Шу йўлда тобланди, ақл ва юрак.
Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,
Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,
Нажот деворига тирмашдим узоқ.
Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,
Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ
?

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,
Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.
Сен-чи, ҳийлакорлик қиласан нечун,
Сенга ўтрук айтиш не учун даркор
? (Ўтрук – Ёлғон)

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,
Оёғин яладим мушукдай ҳатто.
Эгилди бир замон тик бўлган қомат,
Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

Энди сен боболар шавкатига боқ,
Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.
Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ.
Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.

А.Орипов.

13.03.2015.

Изоҳ қолдиринг