Фарз намозларнинг сони

0

Фарз намозларнинг сони:

Фарз намозлар сони бештадир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган Исро ҳодисаси тўғрисидаги ҳадисда жумладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло менга эллик маҳал намозни фарз қилди…. Мен Раббим ҳузурига қайтиб бордим. Раббим деди: “У( саноқда) бешта, (ажр-савобда) эса элликтадир. Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. (Зеро, Мен ҳукм қиладиганимни қилиб бўлдим)[1].

Абу Муҳайрездан ривоят қилинади: Мухдажий деди: “Бир киши Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб шундай деди: “Эй Абу Валид, мен Абу Муҳаммад Ансорийнинг: “Витр вожибдир”, –деганини эшитдим”. Убода деди: “Абу Муҳаммад хато айтибди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳ таоло бандаларига беш вақт намозни фарз қилди. Кимда ким бу намозларни ҳаққини камситмасдан тўла-тўкис адо этса, албатта Аллоҳ таоло қиёмат кунида уни жаннатга киритиш учун аҳд қилгувчидир. Кимда ким бу намозларни ҳаққини енгил санаб, ундан айрим нарсаларни ноқис қилса, унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида аҳд бўлмайди: хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа мағфират қилади[2].

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб шундай деди: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло менга намоздан нимани фарз қилди?”. “Беш маҳал намозни (фарз қилди)”, – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Зиммамда ундан бошқа нарса ҳам борми?”, – деди аъробий. “Йўқ, фақат нафл намоз ўқишлигинг бор…”, – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[3].

[1] Бухорий (349) ва Муслим (163) ривояти.

[2] Саҳиҳ, Абу Довуд (425), Насоий (1\230) ва Ибн Можа (1401) ривоят қилган бўлиб, юқоридаги лафз Ибн Можага оид лафздир.

[3] Бухорий (46), Муслим (11), Абу Довуд (391) ва Насоий (1\226) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг