Фидя бериш

0

Иккинчидан: фидя

Аллоҳ таоло айтади: “(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида фидя тўлашлари лозим…” [Бақара: 184]. Фидя бериш тўғрисидаги ҳукм ҳомиладор ёки эмизувчи аёл, кекса эркак, қари кампир ва тузалиши умид қилинмайдиган касалларга тааллуқлидир.

Мавзуга оид масалалар:

  1. Инсон рўзасини очган кунларида ёки ундан кейин фидя – мискинга таом бериши мумкин, ундан олдин бўлмайди. Чунки рўза тутмаган кун келгачгина инсон зиммасида фидя бериш вожиб бўлади. Шунга кўра, бир йўла рамазон охирида барча рўза тутмаган кунлари учун фидя бериши мумкин. Собит бўлишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу кексайган чоғида рамазонда рўза тутолмайди ва ойнинг охирги кунида ўттизта мискинга таом беради[1].

  2. Уламолар мискинга бериладиган таом миқдори хусусида ихтилоф қилганлар. Сабаби, унинг миқдорини айнан белгилаб берган бирон далил йўқлигидир. Баъзи уламоларнинг фикрича, фидянинг миқдори ҳар бир кун учун бир ҳовуч (тақрибан 750 грам) таомдан иборат[2]. Каффорат таоми тўғрисидаги мақоламизда фидянинг миқдори ҳар бир мискин учун бир ҳовуч эканини айтиб ўтган эдик.

Бошқа бир уламоларнинг айтишича, ушбу фидя эҳромда тақиқланган ишлардан бирини қилиб қўйган киши берадиган фидяга қиёс қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳуга айтдилар: “Бирон қурбонлик сўй ёки уч кун рўза тут ёки олтита мискинга уч соъ таом бер[3]. Шунга кўра ҳар бир мискинга бериладиган рўза фидясининг миқдори ярим соъ, яъни икки ҳовуч (тақрибан 1.5 кг)ни ташкил қилади[4].

Фидя бермоқчи бўлган одам мискинларни йиғиб зиёфат қилиб бериши ҳам жоиздир. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу масалада қулайлик бор, инсон қай бирини бажармасин бўйнидаги вожиб соқит бўлади.

  1. Оятда мискинга бериладиган таомнинг нави зикр қилинмаган. Шунга кўра қасам каффоратидаги таом ва фитр закотидагидек, инсон ўз оиласини боқадиган ўртача таомлардан бўлишини шарт қилиш тўғрироқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Унинг (яъни қасамнинг) каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш…” [Моида: 89].

  2. Рўза тутолмаган кунларининг ададича мискинга таом бериши шарт эмас. Балки айнан бир мискиннинг ўзига ҳар куни таом берса кифоя. Бироқ каффорат таомининг бундан фарқи бор. Каффорат таомида “Олтмишта мискинга таом бер” ҳадисининг зоҳирига кўра, олтмишта айри-айри мискинга таом бериши рожиҳдир, валлоҳу аълам.

  3. Таомнинг ўзини бермасдан унинг қийматини бериш жоиз эмас. Чунки оятда айнан таом зикр қилинган. Борди-ю, таом ўрнига дирҳам ёки динор берса, рожиҳ фикрга кўра, бу ундан вожибни соқит қилмайди[5].

[1] Абу Яъло (7/204/4194) ривоят қилган, бироқ санадда узилиш бор. Шунингдек, асарни Ибн Саъд (7/1/15) ривоят қилган. Асар санадида мажҳул ровий бор. Табароний “Кабир”да (1/214/675) ривоят қилган. Ҳайсамий (3/164) асарнинг санади тўғрисида шундай дейди: “Асарнинг ровийлари саҳиҳ ҳадиснинг ровийларидир”. Умуман олганда, асар санадини қўллаб-қувватловчи мазкур ривоятлар йиғиндиси билан саҳиҳ даражасига кўтарилади. Қаранг: “Тафсири Ибн Касир” (2/1768/179).

[2] Мазкур фикрни Нававий “Равзотут-толибийн”да (2/380) зикр қилади. Рамазон ойида аёли билан қўшилган киши учун белгиланган каффорат таоми тўғрисидаги мақоламизга мурожаат қилинг.

[3] Бухорий (1814), Муслим (1201), Абу Довуд (1856) ва Ибн Можа (3079) ривоят қилишган.

[4] Демак, фидя бериши вожиб бўлган инсон ҳар бир кун эвазига бир мискинга одатда ўз оиласига едириб келган таомлардан (гуруч, мош, ловия, хурмо ва ҳоказо) тақрибан 1.5 кг миқдорда бериши лозим.

[5] Шуни эслатиб ўтиш лозимки, рўза тутишдан ожиз киши берадиган фидя, шунингдек, фитр закотида аслида таом бериш лозимлиги хусусида уламолар иттифоқ қилганлар. Чунки бу борадаги ҳадис ва асарларда таом зикр қилинган. Бироқ рўза фидяси ёки фитр закотида таомнинг қийматини бериш хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Шофеий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, таомнинг қийматини бериш жоиз эмас. Ҳанафий мазҳаби, шунингдек, имомлардан Суфён Саврий, Бухорий ва шайх Ибн Таймия таомнинг қийматини бериш жоиз деганлар. Қадим хилофдан келиб чиқиб, бу борада замондош уламолар ўртасида ҳам ихтилоф бор. Баъзилар таом қийматини беришни жоиз, десалар, бошқалар ножоиз, дейдилар. Бу борада жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳдир. Қолаверса, хилоф доирасидан чиқиш ва вожибларни адо этишдаги эҳтиёткорлик ҳам жумҳур уламолар фикрига эргашишни тақозо қилади. Чунки таом бериш масаласи барча уламолар иттифоқ қилган, қийматни бериш масаласи эса ихтилофий масаладир. Шундай бўлсада, қийматни бериш жоиз, деган уламолар фикрига эргашиб, фидяни қиймат – пул билан адо қилган кишиларнинг тутган йўли ҳам инкор этилмайди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг