Фитр садақаси ҳақида (2)

0
 (Давоми)

10. Фитр садақаси беришнинг афзал вақти:

Фитр садақасини ҳайит куни ҳайит намозидан олдин, яъни намозгоҳга кетаётиб бериш афзал саналади.

Бунга далил:

Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир” [Аъло: 14-15].

Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ ўзининг тафсир китобида айтади: “Икрима деди: “Киши фитр садақасини ҳайит куни ҳайит намозидан олдин беради”. Сўнг ушбу оятни ўқиди:Дарҳақиқат,  (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир”[“Фатҳул Борий”, 3/375].

Уламолар мазкур оятдаги “пок бўлган”, деган сўздан мақсад покланиш мақсадида фитр садақаси берган кишидир, деганлар.

Демак, оятда покланиш мақсадида фитр садақаси бериб, сўнгра Аллоҳ номини ёд этиб, намозгоҳга борган ва намоз ўқиган киши нажот топгандир дейилмоқда.  Бундан фитр садақасини ҳайит намозидан олдин бериш афзал экани келиб чиқади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр садақасини одамлар намозга, яъни ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишга буюрдилар” [Бухорий: 1503 ва Муслим: 986].

Юқорида айтиб ўтканимиздек, фитр садақаси беришдан кўзланган мақсад мискин ва бечоралар ҳайит байрами куни тиланчилик қилиб юрмасдан, балки бой-бадавлат инсонлар каби байрамни тўкин-сочинлик билан ўтказишлари учун уларга озиқ-овқат улашишдир. Албатта, бу мақсад ҳайит намозига чиқишдан олдин фитр садақаси берилса янада аниқроқ амалга ошади.

 11. Фитр садақасини ҳайит кунидан олдин бериш ҳукми:

Моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари, шунингдек, Шавконий, Ибн Боз, Ибн Усамийн ва Саудия доимий фатво қўмитасининг фикрига кўра, фитр садақасини ҳайит кунидан кўпи билан бир ёки икки кун олдин бериш жоиз. Шунга кўра, фитр садақасини ҳайитдан уч кун ёки ундан ҳам кўпроқ муддат олдин бериш тўғри эмас.

Бунга далил:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, саҳобалар ҳайит кунидан бир ёки икки кун олдин фитр садақасини берар эдилар.[Бухорий: 1511].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг бу ишларидан бехабар қолишлари ёки саҳобалар у зотнинг изнисиз бундай қилишлари эҳтимолдан йироқ. Маълумки, саҳобалар ҳар бир ишларида Пайғамбаримизнинг кўрсатма ва рухсатларига қараб иш тутишган.

 12. Фитр садақаси беришнинг охирги вақти:

Уламолар фитр садақаси беришнинг охирги вақти тўғрисида бир неча фикрларни билдиришган. Шулардан энг асослиси иккитадир:

Биринчи фикрга кўра, фитр садақаси беришнинг охирги вақти ҳайит куни қуёш ботиши бўлиб, бу вақтдан кечиктириш ҳаромдир. Бу моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар фикридир.

Далиллар:

1– Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳайит куни бир соъ таом миқдорида (фитр садақаси) чиқарар эдик…” [Бухорий (1510) ва Муслим (985), ҳадис матни Бухорийга оид].

Ҳадисдаги “ҳайит куни” деган сўздан кундузнинг барча қисмини тушуниш мумкин бўлгани боис, то кун ботгунга қадар фитр садақаси чиқариш дуруст экани келиб чиқади.

2– Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорлар беҳуда ва фаҳш сўзлардан покланиши ва мискинлар учун озиқ-овқат бўлиши учун уларга фитр закотини фарз қилдилар. Ким фитр садақасини намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, у ҳолда бир садақа ўрнида бўлур[1].

Ҳадисдан шуни тушуниш мумкинки, ҳайит намозидан олдин адо қилинган нарса ҳам ёки намоздан кейин адо қилинган нарса ҳам фитр садақасидир. Фақат намоздан кейин адо қилингани намоздан аввал адо қилинганига нисбатан савоби озроқ бўлиб, бошқа оддий садақалар даражасига тушиб қолади.

Қолаверса, фитр садақаси беришдан мақсад камбағал ва мискин инсонларни ҳайит кунида тиланчилик қилиш ва ризқ топиш мақсадида кўча кезишдан озод қилишдир. Маълумки, ушбу мақсад гарчи ҳайит намозидан кейин, фитр садақасини кун мобайнида чиқариш орқали ҳам ҳосил бўлаверади.

Иккинчи фикрга кўра, ҳайит намози бошланиши билан фитр садақаси бериш вақти ниҳоясига етади ва уни намоздан кейинга қолдириш ҳаром бўлади. Бу зоҳирийлар мазҳабидир. Шунингдек, бу фикрни уламолардан Ибн Таймия, Ибн Қаййим, Санъоний, Шавконий, Ибн Боз ва Ибн Усаймин (Аллоҳ барчаларини раҳматига олган бўлсин) ихтиёр қилганлар. Қолаверса, Саудия доимий фатво қўмитаси ҳам мазкур фикрни ёқлаб фатво берган.

Далиллар:

1 – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорлар беҳуда ва фаҳш сўзлардан покланиши ва мискинлар учун озиқ-овқат бўлиши учун уларга фитр закотини фарз қилдилар. Ким фитр садақасини намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, у ҳолда бир садақа ўрнида бўлур[2].

2 – Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга одамлар ҳайит намозига чиқишларидан олдин фитр садақасини адо этишни буюрдилар” [Бухорий (1503) ва Муслим (986) ривояти].

3 – Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким бизнинг динимизда бўлмаган амални қилса, амали мақбул эмас” [Муслим (1718) ривояти].

Биринчидан, ушбу ҳадисга кўра, агар инсон фитр садақасини одамлар намоздан чиққанларидан кейин берса, демак Аллоҳ ва Расулининг динида бўлмаган ишни қилган, бинобарин қилган амали мақбул бўлмайди.

иккинчидан, инсон бирон муайян вақтга боғлиқ бўлган ибодатни қасддан ўз вақтидан кечиктирса, у амал қабул қилинмайди.

Учинчидан, қурбон ҳайитида имом ҳайит намозини ўқишидан олдин жонлиқ сўйган киши қурбонлик қилган бўлмайди. Балки унинг сўйган жонлиғи гўшт ейиш мақсадида сўйилган бўлиб қолади. Шунга қиёсан, ҳайит намозидан кейин берилган фитр садақаси ҳам оддий садақадан фарқи қолмайди.

  13. Фитр садақасини ҳайитгача бермаган киши қазосини беради:

Моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабидан иборат жумҳур уламолар, шунингдек, Ибн Ҳазм, Ибн Таймия ва Саудия доимий фатво қўмитаси уламоларининг фикрига кўра, фитр садақасини ҳайитгача бермаган киши қазосини бериши лозим. Чунки фитр садақаси молиявий ибодат бўлиб, намоз каби вақти чиқиши билан зиммадан соқит бўлмайди.

 14. Фитр садақаси нималардан берилади?:

Кўпчилик уламолар, жумладан, моликий, шофеий мазҳаби ва Имом Аҳмаддан ривоят қилинган бир фикрга кўра, шунингдек, Ибн Таймия, Ибн Қаййим, Ибн Боз, Ибн Усаймин ва Саудия доимий фатво қўмитаси уламоларининг фикрига кўра, фитр садақаси ҳар бир диёрда ўша диёр аҳли ейишга одатланган асосий тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларидан берилади. Масалан, бизнинг диёрда одамлар кундалик ҳаётида ун, макарон, гуруч, ловия, мош, нўхат, картошка, гўшт, балиқ, пишлоқ, сут, шунингдек, майиз, туршак каби қуруқ мевалар ейишга одатланган ва улар асосий озиқ-овқат маҳсулотлари саналади. Бинобарин, мазкур ва шунга ўхшаш озиқ-овқатлардан фитр садақаси бериш жоиздир.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бир соъ миқдорида таом чиқарар эдик. Ўша даврда бизнинг ейдиган таомимиз (озиқ-овқатимиз) арпа, майиз, қурут ва хурмодан иборат эди” [Бухорий: 1510].

Дарҳақиқиат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлининг ўша даврда одатдаги ейиладиган озиқ-овқати хурмо ва арпадан иборат бўлгани учун ушбу нарсалардан фитр садақаси беришни фарз қилганлар.

Юқорида айтиб ўтканимиздек, фитр садақаси беришдан кўзланган мақсад мискин ва бечоралар ҳайит байрами куни тиланчилик қилиб юрмаслиги учун уларга озиқ-овқат улашишдир. Зеро, мискин ва бечоралар ўзлари яшаб турган шаҳар аҳли одатда ейдиган озиқ-овқатларни сўрайдилар. Шунинг учун фитр садақаси шаҳар аҳли одатда ейдиган озиқ-овқатлардан берилиши керак.

 15. Фитр садақаси миқдори:

Моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар, шунингдек, Абу Саид Худрий, Ҳасан Басрий, Абул Олия, Абу Шаъсо, Исҳоқ ва бошқа кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, фитр садақасида белгиланган миқдор бир соъ таом (озиқ-овқат) саналади.

Уламолар хурмо ва арпанинг бир соъдан оз бўлиши жоиз эмаслигига ижмо қилишган, яъни бир овоздан айтишган.

Бунга далил:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркагу аёл, ҳуру қул ҳамда каттаю-кичик бўлишидан қатъий назар барча мусулмонларга хурмо ёки арпадан бир соъ миқдорича фитр садақаси беришни фарз қилдилар [Бухорий: 1503 ва Муслим: 986].

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида бир соъ таом, яъни бир соъ арпа ёки бир соъ хурмо ёки бир соъ майиз ёки бир соъ қурут фитр садақаси берар эдик. Муовия розияллоҳу анҳу халифалик пайтида ҳаж ёки умра қилиб, Мадинага келди ва минбарда туриб шундай деди: “Мен икки ҳовуч Шом буғдойи бир соъ Мадина хурмосига тенг, деб ўйлайман”. Шундан сўнг одамлар Муовиянинг сўзига амал қила бошладилар. Мен эса олдин қанча миқдорда фитр садақаси бериб келган бўлсам, яна шунча беравераман” [Бухорий: 1510 ва Муслим: 985. Ҳадис манти Муслимга оид].

Юқоридаги Ибн Умарнинг ҳадисида фитр садақасида белгиланган миқдор бир соъ экани очиқ айтилган. Бинобарин, Абу Саид Худрий ҳам шунга амал қилган. Муовия розияллоҳу анҳу эса бу сўзни ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб айтган. Шубҳасиз, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари амал қилишга ҳақлироқдир.

 16. Соъ миқдори:

Моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларидан иборат жумҳур фуқаҳоларнинг, шунингдек, Абу Юсуф Ҳанафий, Абу Убайд ва Исҳоқ ибн Роҳавайнинг фикрига кўра, фитр садақасида бериш вожиб бўлган бир соъ тақрибан 2175 грамга тенг келади. Аслида бир соъ ўрта қоматли эркак кишининг тўла тўрт ҳовучига тенг бўлиб, унинг вазни ўлчанган озиқ-овқатнинг зичлигига қараб турлича бўлади. Масалан, тўрт ҳовуч арпа билан тўрт ҳовуч буғдойнинг зичлиги турлича бўлгани боис вазни ҳам турлича бўлади.

Шунга кўра, уламолар бир соънинг вазнини белгилашда турли фикрларни билдиришган. Хулоса қилиб айтганда, бир соънинг вазн ўлчови 2100 грамдан 2800 грамгача бўлган оралиқда бўлади. Аксар замондош уламолар, жумладан, Саудия доимий фатво қўмитаси бир соъни тақрибан уч килограмга тенг келишини айтганлар.

Эҳтиёт юзасидан бир соъни уч килограм деб эътибор қилиш афзалдир.

 17. Фитр садақаси кимларга берилади?

Уламолар бу борада икки хил фикр билдирганлар.

Биринчи фикрга кўра, фитр садақаси бошқа закот турлари бериладиган саккиз тоифа кишиларга берилади. Бу ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар фикридир.

Далиллар:

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта,  садақалар (яъни,  закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга,  кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга,  қулларни озод қилишга,  қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни,  жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” [Тавба: 60].

Биринчидан, оятдаги “садақалар” сўзи фитр садақасини ҳам ўз ичига олади.

Иккинчидан, фитр садақаси фарз садақадир. Бинобарин, бошқа закот моллари оятда зикр қилинган саккиз тоифа инсонлардан фақат бир тоифасига чекланиб қолмаганидек, фитр садақаси ҳам улардан бир тоифасига чекланмаслиги лозим.

Иккинчи фикрга кўра, фитр садақаси фақат фақир ва мискинларга берилади. Бу моликий мазҳабининг фикри, шунингдек, ҳанбалий мазҳабига оид бир фикр ва Ибн Таймия, Ибн Қаййим, Шавконий, Ибн Боз ва Ибн Усаймин ихтиёр қилган фикрдир.

Далиллар:

1 – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорлар беҳуда ва фаҳш сўзлардан покланиши ва мискинлар учун озиқ-овқат бўлиши учун уларга фитр закотини фарз қилдилар[3].

Биринчидан, ҳадисда кўриб турганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр садақаси мискинлар учун таом эканини сўзма-сўз ва очиқдан-очиқ баён қилдилар. Шундай экан, уни фақат мискинларга бериш фарздир.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр садақасини оятда зикр қилинган саккиз тоифага тақсимлаганлари ёки уларга ҳам беришга буюрганлари собит бўлмаган. Шунингдек, у зотнинг асҳобларидан ёки улардан кейинги салафи солиҳлардан фитр садақасини фақир ва мискинлардан бошқаларга ҳам берганлари нақл қилинмаган.

Хулоса қилиб айтсак, фитр садақаси фақат фақир ва мискинларга берилади.

Мискин ёки фақир деб топган пули ёхуд даромади ўзи ҳамда қарамоғидаги кишилар эҳтиёжларини қондиришга етмайдиган киши назарда тутилади. Инсонларнинг эҳтиёжлари замон ёки макон ўзгариши билан ўзгариб туради. Еб-ичиш, кийим-кечак, турар жой, маиший (коммунал) тўловлар, даволаниш, асосий таълим харажатлари ва ҳоказо ишлар ҳозирги кунда ҳар бир инсоннинг асосий эҳтиёжлари саналади. Шунга кўра, инсонниг даромади мазкур эҳтиёжларни қоплашга етарли бўлмаса, закот ҳамда фитр садақасини олишга ҳақли бўлади, валлоҳу аълам.

[1] Абу Довуд (1609), Ибн Можа (1492), Доруқутний (2/138) ва Ҳоким (1/568) ривояти. Ҳадис санадини Ибн Қудома, Нававий, Ибн Мулаққинлар ҳасан дейишган.
[2] Абу Довуд (1609), Ибн Можа (1492), Доруқутний (2/138) ва Ҳоким (1/568) ривояти. Ҳадис санадини Ибн Қудома, Нававий, Ибн Мулаққинлар ҳасан, дейишган.
[3] Абу Довуд (1609), Ибн Можа (1492), Доруқутний (2/138) ва Ҳоким (1/568) ривояти. Ҳадис санадини Ибн Қудома, Нававий, Ибн Мулаққинлар ҳасан, дейишган.

 

Изоҳ қолдиринг