Хушуъсиз намоз қабул қилинадими?

0

Савол:

Инсон намоз ўқиб турган вақтида хаёли ҳар хил нарсаларда бўлса, намози қабул бўлаверадими ёки йўқми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Албатта намозни хушуъ билан ўқиш намознинг руҳи. Намозни хушуъ билан ўқиш намозни шошмасдан, ўй-фикрни жамлаб, Аллоҳга юзланиб, ўқилган оят ва зикрларни мушоҳада қилиб ўқиш демакдир. Намозхон хушуъ билан ўқиган намозидангина савоб олади. Аллоҳ таоло айтади: “Намозларида хушуъ билан турган мўминлар аниқ нажот топдилар” [Мўъминун: 1-2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир киши намоздан чиқар экан, унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилади” [Абу Довуд (796), Албоний саҳиҳ деган]. Бинобарин, намознинг қабул ёки рад қилиниши уни хотиржам ва хушуъ билан ўқишга боғлиқ. Намоз қанчалик даражада хушуъ билан ўқилса, ўшанча савоб бўлади, ўшанчаси мақбул бўлади. Салафи солиҳлардан бири бу ҳақда шундай дейди: “Намоз подшоҳлардан бирига ҳадя қилинган канизакка ўхшайди. Агар подшоҳга оёқ-қўли шол, бир кўзи кўр ёки батамом кўзи ожиз, қўл-оёғи кесик ёки касалманд, тасқара ёки хунук ёхуд руҳсиз ўлик канизак ҳадя қилинса, уни қандай қабул қилади, деб ўйлайсиз?! Шунингдек, банда Раббига ҳадя қилган ва Унга ибодат деб тақдим қилган намозничи?! Аллоҳ таоло тоза-пок Зот, фақат тоза ва пок нарсаларни қабул қилади. Худди жонсиз ўлик қулни озод қилиш покиза озод қилиш саналмаганидек, руҳсиз намоз ҳам покиза амал эмас” [Мадорижус-соликийн (1/523)].

Хушуъсиз ўқилган намоз дурустми ёки йўқлиги борасида уламолар ихтилоф қилишган. Аксар уламолар наздида, намозни хушуъ билан ўқиш суннатдир. Шунга кўра, хушуъсиз ўқилган намоз дуруст бўлиб, банданинг зиммасидан фарз соқит бўлади. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, савоб хушуъга яраша бўлади. Шунинг учун инсон имкон қадар намозда хушуъ билан туришга интилиши, Аллоҳга тавба-истиғфор қилиши, хушуъсизлик туфайли ҳосил бўлган ноқисликни суннат ва нафл намозлар билан тўлдиришга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг