Хутба асносида калтак ушлаб туриш суннатми?

0

Савол:

Имомларимиз қўлларига узун калтакни ушлаб хутба қиладилар. Бу амал суннат дейишади. Ҳақиқатдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бирон бир калтакни ушлаб хутба қилганларми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Бу борада уламоларимизнинг ихтилофи бор. Жумҳур уламолар наздида хутба асносида бирон ҳасса, калтак, қилич ёки камонга суяниш мустаҳаб. Ҳанафий мазҳабида бу борада икки хил фикр бўлса-да, машҳур фикрга кўра, бу иш макруҳ. “Фатово татархонийя” китобида (2\61) шундай дейилади: “Камон ёки ҳассага суяниб хутба қилса бўлади, лекин макруҳ саналади. Чунки бу суннатга хилоф”. “Фатово ҳиндийя” (1\148) китобида эса шундай дейилган: “Имом асо ёки камонга суяниб хутба қилиши макруҳ бўлади. “Ал-хулоса” ҳамда “Ал-муҳийт” китобларида шундай дейилган”.

Ихтилоф сабаби қуйидагича: имом Абу Довуд (1096) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни бир ҳасса ёхуд камонга суяниб хутба қилганлари айтилган. Бироқ мазкур ҳадис саҳиҳ ёки заифлигида ихтилоф бор. Ҳадисни саҳиҳ деганлар хутба асносида асо, камон ёхуд қилич каби бирон нарсага суяниб хутба қилиш суннат дейишган бўлса, ҳадисни заиф деганлар бу амални макруҳ санашган. Тўғрироқ фикр шуки, бу иш мустаҳаб эмас. Ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни доим қилганларига далил бўлмайди. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбар ясатганларидан сўнг хутба асносида қўлларига бирон нарса ушлаганлари бирон ҳадисда айтилмаган.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, бу каби ижтиҳодли масалаларда қарши томоннинг иши қатъий инкор қилинмайди. Бу каби ихтилофли масалалар мусулмонлар ўртасида низога сабаб бўлиши асло ва асло дуруст эмас, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 1219003

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг