Қиблага юзланиш боби (3)

0

 Олтмиш еттинчи ҳадис

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ سِيرِينَ قَالَ: ((اسْتَقْبَلْنَا أَنَساً حِينَ قَدِمَ مِنْ الشَّامِ فَلَقِينَاهُ بِعَيْنِ التَّمْرِ فَرَأَيْتُهُ يُصَلِّي عَلَى حِمَارٍ وَوَجْهُهُ مِنْ ذَا الْجَانِبِ – يَعْنِي عَنْ يَسَارِ الْقِبْلَةِ – فَقُلْتُ: رَأَيْتُكَ تُصَلِّي لِغَيْرِ الْقِبْلَةِ فَقَالَ: لَوْلا أَنِّي رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَفْعَلُهُ مَا فَعَلْتُهُ)) .

Анас ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Анас розияллоҳу анҳу Шомдан қайтганида уни кутиб олиш учун чиқдик. У билан Айнитамр деган жойда учрашдик. Анас розияллоҳу анҳуни эшакка минган ҳолда бу ёққа, яъни қибладан ўнг тарафга қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Шунда унга: “Қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқиётганингизни кўрдим?”, дедим. У: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай қилганини кўрмаганимда бундай қилмаган бўлардим”, деб жавоб берди” [Бухорий: 1100 ва Муслим: 702].

Шарҳ:

Анас ибн Сийрин машҳур ва улуғ тобеийн Муҳаммад ибн Сийриннинг укаси.

Айнитамр Ироқнинг ғарбида жойлашнаш хурмога бой шаҳар.

Ровий Анас ибн Сийриннинг айтишича, саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Шом диёридан қайтганда уни кутиб олиш учун Айнитамр деган жойга чиқади. Шунда у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни эшакнинг устида қибладан ўнгроққа қараб намоз ўқиётганини кўради ва ундан нима учун қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқигани ҳақида сўрайди. Анас розияллоҳу анҳу бунга жавобан, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу тарзда намоз ўқиганларини кўрганини, агар у зот бундай қилмаганда у ҳам қилмаган бўлишини айтади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу ўқиган намоз фарз ёки нафл экани баён қилинмаган бўлса-да, биз бу нафл намоз бўлган деб қатъий айта оламиз. Негаки, олдинги ҳадислар шарҳида баён қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат нафл намозларни улов устида қиблага юзланмасдан ўқир эдилар. Анас розияллоҳу анҳу ҳам у зотдан кўрганини қилган.

2 – Уловда намоз ўқиган кишининг қибласи улови юзланган томон бўлади.

3 – Сафарда улов устида, гарчи у эшак бўлса ҳам, нафл намоз ўқиш жоиз.

Изоҳ қолдиринг