Иддадаги аёлга совчи қўйиш ҳақида

0

Савол:

Узоқ вақт эри билан бирга яшамаган аёл талоқ қилинса, иддада ўтирадими ва иддадаги аёлга совчи қўйса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳга ҳамд-санолар, Расулига салавот ва саломлар бўлсин!

Эридан узоқ вақт давомида алоҳида яшаган аёл талоқ қилинса, уч ҳайз иддада ўтиради. Чунки Аллоҳ таоло: “Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз ўтишини кутиб иддада ўтирадилар” (Бақара, 228) деган. Ҳатто бир киши бедарак кетиб, маълум бир вақт ўтганидан кейин қози унинг йўқолгани ҳақида ҳукм чиқариб ва шу ҳукмга асосан аёлни эридан ажралгани ҳақида ҳукм чиқарса ҳам, у аёл иддада ўтиради. Чунки иддада ўтиришнинг сабаби фақат аёлнинг ҳомиладорлигини аниқлаш бўлмай, унинг бошқа ҳикматлари ҳам бор.

Иддадаги аёлга совчи қўйиш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло: “Агар талоқ қилинган аёлларга совчиликни ишора қилсангиз ёки айтмай ичингизда сақласангиз – буни сизларга бир зарари йўқ… Лекин улар билан яширинча ваъдалашиб олманглар” (Бақара, 235), деган. Бу ҳукм иддадаги аёлнинг эридан бошқаларга тегишли. Чунки унинг эри ишора қилиб ҳам, очиқчасига ҳам қайта совчи қўйиши жоиз, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг