Эҳсон икки тур: Холиққа ва инсонларга эҳсон қилишдан иборат. Холиққа эҳсон қилиш дегани ихлос ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга асосланган ҳолда ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишдир. Банданинг Аллоҳга бўлган ихлоси ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган эргашиши ортгани сари Холиққа бўлган эҳсони ортиб бораверади. Энди инсонларга эҳсон қилишга келсак, бу мол-дунё, обрў-эътибор ва шунга ўхшаш нарсаларни уларга улашиш ва сарфлашдан иборатдир.
Аллоҳга ибодат қилиш икки нарса: Унга ихлос қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан рўёбга чиқади. Эҳсон инсоннинг Аллоҳга гуёки уни кўриб тургандек ибодат қилишидир. Бу Аллоҳга интилиб, завқу шавқ билан ибодат қилиш, демак. Бу ибодатда инсон ич-ичидан ибодат қилишга кучли истак ва туртки ҳис қилади. Негаки, у ўзи яхши кўрган зот Аллоҳга талпинади, Унга гуё кўриб тургандек ибодат қилади, У томонга интилиб, Унинг ўзига илтижо қилади ва тоат-ибодат билан тобора Унга яқинлашишга ҳаракат қилади.
“борди-ю, Уни кўриб тургандек бўлолмасанг, (лоақал) У сени кўриб туришини эслаб Унга ибодат қилишингдир”:
Аллоҳга Ундан қўрқиб ибодат қилинг, Унинг буйруқларига хилоф қилманг. Чунки сиз Унга хилоф қилсангиз, шубҳасиз, У сизни кўриб туради. Демак, сиз Аллоҳга Ундан қўрққан ва Унинг азоб-уқубатидан қочган кишидек ибодат қилишингиз керак. Ибодат аҳлининг наздида бу даража биринчи даражадан қуйироқдир. Шундай қилиб эҳсоннинг икки даражаси бор: интилиш ва қочиш даражаси.
Интилиш даражаси инсон гуё Аллоҳни кўриб тургандек Унга интилиб ибодат қилишидир.
Қочиш даражаси эса инсон гуё Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилолмасада, Аллоҳ уни кўриб турганини эслаб ибодат қилиши ва осийлик қилишдан эҳтиёт бўлишидир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларни Ўзи(нинг азоб-уқубати)дан огоҳлантиради” [Оли Имрон: 30]. Маълум бўладики, ҳадисдаги бу икки ҳолат, яъни банда Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиши билан Аллоҳ уни кўриб турганини эслаб ибодат қилиши ўртасида фарқ бор. Биринчи ҳолат иккинчисидан мукаммалроқдир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни даражасига кўра кетма-кет зикр қилдилар.