Иккинчи ҳадис (4) Намоз, закот, рўза ва ҳаж

0

“намоз ўқишинг”:

Яъни, намозни (шариатда кўрсатилгандек), тўғри ўқимоқлигинг. Намозни, албатта бажариш лозим бўлган шарт, рукн ва вожиблари билан, шунингдек, (унинг мустаҳаб ва одоблари каби) уни тўлдирувчи амаллар билан ўқилсагина тўғри ўқилган бўлади. Намоз тафсилотларини шарҳлашга ҳожат йўқ. Зеро, намоз ҳақида батафсил маълумотлар фиқҳ китобларида мавжуддир.

Ҳадисдаги “намоз” сўзи ҳар қандай намоз: фарз ва нафл намозларни ҳам ўз ичига олади. Бироқ бунга жаноза намози ҳам кирадими?

Ҳадисдаги “намоз” сўзига жаноза намозининг кириш ёки кирмаслик эҳтимоли ҳам бор. Агар намоз сўзининг умум тушунчасига назар соладиган бўлсак, жаноза намозини киради дейиш мумкин. Негаки, Аллоҳ таолонинг: “Улар (яъни мунофиқлар)дан биронтаси ўлса,  зинҳор унга намоз ўқиманг” [Тавба: 84], деган сўзидаги “намоз”дан мақсад жаноза намозидир. Аммо жаноза намозининг маййит учун дуо ва шафоат қилиш мақсадида ўқиладиган фавқулодда намоз экани жиҳатидан қарасак, у ҳолда ҳадисдаги “намоз” сўзига жаноза намози кирмайди. Шундай бўлса-да, жаноза намози ўзгаларга яхшилик қилиш тўғрисида келган бўйруқлар остига дохилдир.

закот беришинг”:

Закот – муайян мол-мулклардан бериш вожиб бўлган маълум миқдордан иборат бўлиб, инсон уни Аллоҳга ибодат қилиш мақсадида ва Унинг савобини умид қилиб ҳақдор кишиларга беради.

Мисол учун, динор ва дирҳам (тилла ва кумуш тангалар)дан закот берилади. Улардан бериладиган закот миқдори қирқдан бир ҳиссадир.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида закотга ҳақдорларнинг саккиз тоифа инсонлар эканини баён қилиб шундай дейди: “Албатта,  садақалар (яъни,  закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда,  фақат фақирларга,  мискинларга,  закот йиғувчиларга,  кўнгиллари (исломга) ошно қилинувчи кишиларга,  бўйинларни (қулларни) озод қилишга,  қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни,  жиҳод ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур” [Тавба: 60]. Яъни, Аллоҳ таоло бизга закотни фақат мазкур тоифа инсонларга беришни фарз қилди. Албатта закотга оид тафсилотлар фиқҳ китобларида зикр қилинган, бу ерда баён қилишга ҳожат йўқ.

“рамазон (ойи рўзаси)ни тутишинг”:

  Рўза тутиш субҳи содиқдан то қуёш ботгунга қадар Аллоҳга ибодат қилиш ниятида рўзани бузадиган ишлардан тийилиш демакдир. Рўзани бузадиган ишлар барчага маълум, уни айтишга ҳожат йўқ. Шундай бўлса-да, рўзани бузадиган ишларга оид муҳим бир нарсани айтиб ўтмоқчимиз. Рўзани бузадиган ишлар рўзадорнинг рўзасини бузиши учун учта шарт талаб қилинади:

  1. Инсон бу ишларни билиб қилиши;

  2. Инсон бу ишларни эслаб қилиши;

  3. Инсон бу ишларни ўз иродаси билан қилиши.

Агар инсон ҳали субҳи содиқ чиқмаган, деган ўйда бирон нарса еб-ичса, сўнгра у еб-ичган вақтда субҳи содиқ аллақачон чиқиб бўлгани маълум бўлса, бундай ҳолатда унинг рўзаси бузилмайди. Чунки у бу ишларни билмай қилди.

Шунингдек, инсон қуёш ботди, деган гумонда еб-ичса-ю, шундан сўнг қуёш ҳали ботмагани маълум бўлса, бу ҳолатда ҳам рўза бузилмайди. Бунга далил Бухорий роҳимаҳуллоҳ Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис. Унда Асмо розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида булутли кунда оғиз очдик, сўнг қуёш кўринди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни рўзанинг қазосини тутишга буюрмадилар. Агар бундай ҳолатда рўза бузилиб, унинг қазосини тутиш вожиб бўлганида, албатта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатда вожиб бўлган бу амални баён қилган ва бизларга нақл қилинган бўлар эди. Демак, бу каби ҳолатлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига дохилдир: “Эй Раббимиз,  агар унутган ёки хато қилган бўлсак,  бизни азобингга гирифтор айлама!” [Бақара: 286], “Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир,  лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар) [Аҳзоб: 5].

Агар инсон мажбурланган – ўзи истамаган ҳолда еб-ичса, унинг рўзаси бузилмайди. Шунингдек, инсон рўзадор аёлини мажбурлаб, унга яқинлик қилса ҳам аёлининг рўзаси бузилмайди. Бундай ҳолатда аёлга қазо ҳам каффорат ҳам вожиб бўлмайди.

Бу муҳим масаладир. Негаки, кўпчилик фуқаҳолар, инсон кундузнинг аввалидами ёки охиридами, вақт кирган ёки чиққанини билмасдан еб-ичиб қўйгудек бўлса, у ҳолда унга ўша кунги рўзанинг қазоси вожиб бўлади, дейишади. Бироқ бу нотўғри. Зеро, бандаларга рўзани вожиб қилган зотнинг ўзи, мазкур узрлар сабабли улардан гуноҳ ва машаққатни кеткизди.

“агар йўл харажатига қодир бўлсанг, Каъбани ҳаж қилишингдир”:

Ҳаж – махсус вақтда Аллоҳга ибодат қилиш нияти билан муайян ибодатларни адо этиш мақсадида Байтуллоҳга боришдан иборат.

 Бироқ бунга умра ҳам кирадими?

Бу борада уламолар ўртасида хилоф бор. Баъзи уламоларнинг фикрича, бунга умра ҳам киради. Улар бунга далил сифатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Умра кичик ҳаждир[1]” – деган сўзларини келтирадилар. Қолаверса, биз шарҳлаётган ҳадиснинг айрим ривоятларида умра ҳам зикр қилинган.

Бироқ тўғри фикрга фикрга, умра ҳаж мартабасида эмас, яъни у ислом рукнларидан саналмайди. Шундай бўлса-да, умра қилиш вожиб ҳисобланиб, қайси инсонда вожиблик талаблари тўла вужудга келган бўлса, у ҳолда умра қилмаслик билан гуноҳкор бўлади.

Ҳадисдаги “агар йўл харажатига қодир бўлсанг”, деган талаб Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидан олинган: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уй – Каъбани зиёрат қилиш бурчи бордир” [Оли Имрон: 97].

Шу ўринда бир эътироз туғилиши мумкин: “Ахир бу шарт барча ибодатларда ҳам мавжуд-ку?! Аллоҳ таоло: “Бас,  кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар (яъни, У буюрган ишларни бажариб, қайтарган ишлардан четланинглар)” [Тағобун: 16] – деган. Шундай экан, нега энди фақат ҳаж хусусида бундай шарт қўйилди?

Бу эътирозга жавоб шуки, айнан ҳаж учун бундай шарт қўйилишига сабаб, аксар ҳолатларда ҳажда машаққат, чарқоқ ва имконсизлик юзага келишидир. Шу боис, бу шарт айнан ҳажда таъкидлаб ўтилди. Аслида, ҳар қандай ибодат учун ҳам қудрат ва имконият шарт қилинади.

“У: “Рост айтдингиз”, – деди”:

Яъни, ҳақни сўзладингиз. Бу гапни айтган Жаброил алайҳиссаломдир.

“Биз унинг ўзи сўраб, ўзи у зотнинг (сўзини) тасдиқлаганидан ажабландик”:

Буни ажабланарли томони шунда эдики, одатда бирон савол сўраган одам билмаган нарсасини сўрайди. Жавобни тасдиқлаган одам эса, жавобни олдиндан билган бўлади. Мазкур икки ишнинг бир кишида жамланиши ажабланишга сабаб бўлди. Масалан, бир кишининг “Фалончи Мадинадан келди”, деган гапига, даврада ўтирганлардан бири “Ҳа тўғри айтдинг”, деса, бундан унинг хабар мазмунини олдиндан билиши келиб чиқади. Қандай қилиб Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол сўраб, яна ўзи у зотнинг сўзини тасдиқлайди?! Ажабланарли томони шунда. Бунинг ортидаги ҳикмат баёни келгусида келади, иншааллоҳ.

[1] Байҳақий “Ас-сунан вал-осор” китобида (7/56-бет, 9281-ҳадис) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг