Иккинчи ҳадис: (15) ҳадисдан олинадиган айрим фойдалар

0

(Давоми)

Закот масаласига келсак, инсон закот бермай қўйиб, сўнг тавба қилса, ўтган закотларини бериши лозим. Биз унга: “Закотни адо қил”, деймиз.  Негаки, закотнинг чекланган бирон вақти, “фақат фалон ойда закот бериш керак”, деган гап йўқ.

Кимда ким эътиборсизлик қилиб, закот бермасдан вафот этса, қолдириб кетган мол-мулкидан закот бериладими ёки йўқми?

Жавоб: эҳтиёткорлик бу мол-мулкдан закот чиқаришни тақозо қилади, валлоҳу аълам. Чунки унда закотга ҳақдор инсонларнинг ҳаққи бор. Бироқ бу билан закот бермай вафот этган кимсадан жавобгарлик соқит бўлмайди. Негаки, у закот бермай вафот этди.

Шунингдек, ҳаж қилишга қодир бўлган инсон бепарволик қилиб ҳажга бормасдан оламдан ўтса, унинг номидан ҳаж бадал қилинмайди. Чунки ўзи ҳаж қилишни хоҳламаган инсон номидан қандай қилиб ҳаж қилиш мумкин?!

Шу ўринда бир масала бор: бундай одамнинг меросхўрлари меросдан ҳаж бадал учун етарли сарф-харажатни ажратишлари фарзми?

Жавоб: йўқ, бундай қилиш уларга фарз эмас. Сабаби, ҳаж бадал қилишнинг бундай маййитга фойдаси йўқ. Қолаверса, бу маблағда закотдаги сингари ўзгаларнинг ҳаққи йўқ. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Таҳзиби сунан” китобида юқоридаги фикрга ишора қилар экан: “Мана шуни тўғри деб эътиқод қиламиз” ёки шунга яқин гапни айтади. Аслида, далиллар ҳам шуни кўрсатади.

Инсон Аллоҳдан тақво қилмоғи лозим. У тириклигида имкони бўла туриб ҳаж қилмаса, энди вафотидан сўнг унинг номидан минг марта ҳаж бадал қилганнинг фойдаси йўқ, барибир зиммасидаги фарз соқит бўлмайди.

11. Гапда тадрижий равишда қуйидан юқорига кўчиб ўтиш. Зеро, ислом мартабаси иймон мартабасига нисбатан қуйироқдир. Чунки ҳар қандай инсон сиртида мусулмон бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Аъробийлар: “Иймон келтирдик”, дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, балки сизлар: “Мусулмон бўлдик – бўйсундик”, денглар, чунки ҳануз иймон дилларингизга кирган эмасдир” [Ҳужурот: 14].  Иймон эса осон иш эмас. Аллоҳ иймонимизни чин қилсин! Зеро, иймон қалбда бўлиб, иймон сифати билан сифатланиш бениҳоят мушкул.

12. Ислом тушунчаси иймон тушунчасидан фарқлидир. Негаки, Жаброил алайҳиссалом аввалига: “Менга ислом ҳақида маълумот беринг”, деган бўлса, сўнгра: “Менга иймон тўғрисида маълумот беринг”, деди. Бинобарин, бу улар иккиси ўртасида фарқ борлигига далолат қилади.

Мазкур масалада салафи солиҳлар айтган гапни айтамиз: агар ёлғиз иймон сўзи зикр қилинса, унга ислом тушунчаси ҳам киради. Аксинча, фақат ислом сўзи зикр қилинса, иймон тушунчасини ҳам ўз ичига олади. Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг “Сизлар учун фақат исломни дин қилиб танладим” [Моида: 3], шунингдек, “Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: “Мен ва менга тобе бўлган кишилар Аллоҳга мусулмон бўлдик – Унга бўйсундик”, деб айтинг!” [Оли Имрон: 20],  деган сўзларидаги ислом сўзи иймонни ҳам ўз ичига олади.

Худди шундай, иймон сўзи ёлғиз зикр қилинса, унга ислом тушунчаси ҳам киради. Аллоҳ таоло “Аллоҳ ва Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Аллоҳ йўлида мол-мулкингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар” [Саф: 11], деган сўзидан кейин “Мўминларга башорат беринг” [Саф: 13], дейди. Оятдаги “мўминлар”, яъни иймон сўзи “мусулмонлар”ни, яъни ислом тушунчасини ҳам ўз ичига олади.

Бироқ бу икки сўз биргаликда зикр қилинса бир-биридан фарқли икки тушунчани ифода этади. Ислом зоҳирдаги сўзлар ва ташқи аъзолар воситасида бажариладиган амалларни ўз ичига олса, иймон эса ботиндаги қалб эътиқоди ва амалларини мужассам этади. Бунга биз шарҳлаётган ҳадис яққол мисол бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам ислом ва иймон сўзлари биргаликда зикр қилинганда бир-биридан фарқли тушунчаларни ифода этишига ёрқин мисоллардан биридир: “Аъробийлар: “Иймон келтирдик”, дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, балки сизлар: “Мусулмон бўлдик – бўйсундик”, денглар, чунки ҳануз иймон дилларингизга кирган эмасдир” [Ҳужурот: 14].

Шу ўринда бир эътироз туғилиши мумкин. Биз “бу икки сўз биргаликда зикр қилинса бир-биридан фарқли тушунчаларни ифода этади”, дедик. Ҳолбуки, қуйидаги оятларда бундай бўлмаяпти, унда ислом ва иймон сўзлари бир маънода ишлатилганку? Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом қавми тўғрисида шундай дейди: “Шундай қилиб, Биз у жойдаги мўминларни чиқариб юбордик. Бироқ у жойда бир хонадондан (яъни,  Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” [Зориёт: 35-36].

Жавоб шуки, мазкур оятларни бундай тушуниш нотўғридир. Негаки, “Шундай қилиб, Биз у жойдаги мўминларни чиқариб юбордик” ояти мусулмонлар ичидан мўминларни ажратиб олган бўлса, “Бироқ у жойда бир хонадондан (яъни,  Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” ояти эса Лут алайҳиссалом хонадонидаги барча инсонларга тегишлидир. Маълумки, Лут алайҳиссалом хонадонида унга хиёнат қилган, ботинда иймон келтирмай, балки зоҳирдагина ўзини эрининг динида қилиб кўрсатган “мусулмон” хотини бор эди. Бинобарин, хонадон мусулмон хонадон бўлиб, Лут алайҳиссаломнинг хотини эрига нисбатан душманлиги ва ўзининг айри йўлда эканини ошкор қилмаган эди. Бироқ ҳалокатдан нажот топганлар фақат мўминлар бўлди. Шу боис, Аллоҳ таоло: “Шундай қилиб, Биз у жойдаги мўминларни чиқариб юбордик”, деди. Чиқарилганлар Лут алайҳиссалом аёлидан ташқари мўминлар эди. Хонадон эса, умуман олганда мусулмон хонадон бўлган эди.

Мазкур оятдан яна бир фойда олинадики, унга кўра бирон ўлкада мусулмонлар ҳукмрон бўлсалар, гарчи у ерда насоролар, яҳудлар ёки мушрик ва худосизлар яшасаларда, исломий ўлка деб эътибор қилинади. Негаки, Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом хонадонини мусулмон хонадон деб номлади. Ҳолбуки, у ерда кофир аёли ҳам бор эди.

Иймон ва ислом масаласидаги тафсилотлар шундан иборат. Хулоса, баъзи уламолар айтганидек, бу икки сўз бир ўринда зикр қилинса, бир-биридан фарқли икки маънони билдиради. Борди-ю, фақат улардан бири зикр қилинса бошқасининг маъносини ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, бу борада иймон ва ислом сўзларига ўхшаш “мискин ва фақир” сўзлари каби бошқа талай сўзлар ҳам бор. Бу сўзлар ҳам бир ўринда зикр қилинса бир-биридан фарқли тушунчаларни ифода қилса, фақат улардан бири зикр қилинса бошқасининг маъносини ҳам ўз ичига олади.

13. Иймон рукнлари олтитадир. Мазкур рукнларга чинакам иймон келтириш инсонга тоат-ибодат қилишда қувват ва Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишни пайдо қилади.

14. Кимда ким ушбу рукнлардан бирини инкор этса кофирдир. Негаки, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабарини ёлғонга чиқарган бўлади.

15. Аллоҳнинг фаришталари бор ва уларга иймон келтириш фарз.

Шу ўринда бир масала бор: фаришталарнинг моҳияти нимадан иборат: улар жисмларми, руҳларми ёки кучларми?

Жавоб шундан иборатки, фаришталар, шак-шубҳасиз, жисмлардан иборат. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳамд-сано осмонлар ва ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилгувчи Аллоҳга хосдир”[Фотир:1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Осмон ғирчиллади. Чиндан ҳам ғирчилласа арзийди. Зеро, осмонда бирон тўрт бармоқ миқдори жой йўқки, албатта унда бир фаришта тик турган, рукуъ қилган ёки сажда қилган ҳолда Аллоҳга ибодат қилади[1].

Шунингдек, Жаброил алайҳиссаломнинг “уфқни қоплайдиган даражада олти юзта қаноти борлиги” тўғрисидаги ҳадислар ҳам фаришталарнинг жисмдан иборат эканига далолат қилади.

Аммо “фаришталар жисм эмас, балки руҳдан иборат”, деган кимсаларнинг сўзи қабиҳ сўз ва залолатдир. Ундан ҳам ёмони “фаришталар инсон дилидаги эзгуликка ундовчи кучлардан иборат, бу кучларга киноя тарзида “фаришталар”, дейилади, шайтонлар эса инсон дилидаги ёвуз кучлардан киноядир”, деган кимсаларнинг сўзидир. Албатта, бу қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас.

16. Барча пайғамбарларга иймон келтириш фарз. Кимда ким ўзига юборилган пайғамбарга иймон келтириб, бошқасига кофир бўлса, демак, у ўз пайғамбарига ҳам иймон келтирмаган кофирдир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига эътибор беринг: “Нуҳ қавми расулларни ёлғончига чиқарди” [Шуаро: 105]. Ҳолбуки, улар фақат Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқаришган, зотан ундан олдин расул ҳам ўтмаган эди. Бироқ бир пайғамбарни ёлғончи дейиш барча пайғамбарларни ёлғончига чиқариш билан баробар бўлгани учун “Нуҳ қавми расулларни ёлғончига чиқарди”, дейилди. Шунингдек, илоҳий китоблардан бирини Аллоҳ таоло ҳузуридан нозил қилинганини инкор қилиш барча илоҳий китобларни инкор этиш билан баробар.

17. Қиёмат куни бўлмиш охират кунига иймон келтирамиз. Бу кунда инсонлар ҳисоб-китоб ва жазо ва мукофот учун қайта тирилтириладилар. Охир-оқибат, жаннат аҳли ўз манзилларида ва дўзах аҳли ҳам ўз манзилларида қарор топадилар.

18. Дарҳақиқат, мушриклар қайта тирилишни инкор қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: “У Бизга: “Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?” деб, мисол келтирди-ю, аммо ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди” [Ёсин: 78]. Аллоҳ таоло Расулини шундай жавоб беришга буюрди: “(Эй Муҳаммад), айтинг: “У чириган суякларни дастлаб бир томчи сувдан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур” [Ёсин: 79].  Бу қайта тирилиш мумкинлигига далилдир. Негаки, бирон нарсани дастлаб йўқдан бор қилишга қодир зот чириган суяк ҳолатига келган танани асл ҳолатига қайтаришга ҳам қодир. Аллоҳ таоло айтади: “У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра қиёмат кунида Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. Қайта яратиш — тирилтириш У зотга жуда осондир” [Рум: 27]. Модомики, даставвал йўқдан бор қилиш осон экан ва сиз мушриклар ўзингиз ҳам буни тан олар экансиз, у ҳолда қайта яратиш – тирилтириш янада осонроқдир. Бу ишларнинг барчаси Аллоҳга осон ишлар. Бу қайта тирилишни инкор этувчи мушрикларга раддия борасидаги биринчи далилдир.

Иккинчи далил: Аллоҳ таоло айтади: “У (Ўзи яратган) барча махлуқотларни билгувчидир” [Ёсин: 79]. Аллоҳ таоло қандай яратишни билган ва яратишга қодир зотдир. Шундай экан, нега энди “Бу имконсиз”, дейсизлар?! Сўнгра Аллоҳ таоло айтади: “У сизлар учун”, яъни қайта тирилишни инкор этган сиз мушриклар ва бошқалар учун “ям-яшил дарахтдан олов пайдо қилган зотдир” [Ёсин: 80]. Оятнинг маъноси шундай: Ҳижоз ўлкасида “марх” ва “афор” деган дарахтлар мавжуд бўлиб, одамлар улардан олинган новдаларни бир-бирига уриб олов ёқишар эдилар. Бу новдалар ям-яшил, ҳўл ва олов чиқишидан мутлақ йироқ бўлишига қарамай ундан олов чиқар эди. Зотан, бир нарсадан унинг зиддини яратишга қодир зот бир нарсанинг ўзини асл ҳолатига қайтаришга албатта қодирдир. Сўнг Аллоҳ таоло айтади: “Қарабсизки, сизлар ўшандан ўт ёқурсизлар”[Ёсин: 80]. Яъни, бу сизларни мулзам қиладиган иш. Негаки, бу сизлар учун ажабланарли иш эмас, зеро, сизлар уни тажрибада синаб келаётирсизлар.

Қайта тирилишни инкор қилган кимсаларга қарши учинчи далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “Осмонлар ва ерни яратган зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?!” [Ёсин: 81]. Дарҳақиқат, бу саволга Аллоҳ таолонинг ўзи жавоб бериб: “Йўқ,  (албатта қодирдир)” [Ёсин: 81], деди. Зеро, осмонлар ва ерни яратиш инсонларни яратишдан мураккабдир. “Унинг Ўзигина яратувчи ва билгувчидир” [Ёсин: 81]. Яъни, Аллоҳ таоло мукаммал қудрат соҳиби бўлиши билан бирга моҳир яратувчи ҳамдир. “Бирон нарсани яратишни хоҳласа Унга “Бўл” дейиши кифоя. Қарабсизки, у вужудга келур” [Ёсин: 82]. Бирон нарсани хоҳласа унга “Бўл” дейиши кифоя қилган зотни ҳеч нарса ожиз қолдирмайди. Бундай зот бор нарсага йўқ бўлишни амр қилса, йўқ бўлади, йўқ нарсага бор бўлишни амр қилса, қандай бўлмасин вужудга келади.

Мусо алайҳиссалом ва у зотга эргашганлар Фиръавн ва унинг лашкаридан қочиб тубсиз денгиз ёқасига бориб қолишганида Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни ҳассаси билан денгизга бир бор уришга буюрди. Мусо алайҳиссалом денгизга бир урган эди, баногоҳ денгиз иккига ажралиб, ўн иккита қуруқ йўл пайдо бўлди. Айтингчи, банда денгизни иккига ажрата оладими?! Бу ишга Аллоҳдан бошқа ҳеч бир кимса қодир эмас. Чунки Аллоҳ таоло бирон ишни хоҳласа, унга “Бўл” дейди ва у шу заҳоти вужудга келади.

Демак, биз гарчи ақли заиф кишилар инкор қилсаларда, қайта тирилиш ва охират кунига иймон келтиришимиз фарздир.  Негаки, Аллоҳ бирон нарсага амр қилса, у дарҳол пайдо бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар” [Ёсин: 53]. Қарангки, бир қичқириқ орқали бутун халойиқ Аллоҳнинг ҳузурида ҳозиру нозир бўлар экан.

(Давоми бор)

[1] Имом Аҳмад “Муснад”да (5 /173), Термизий (2312) ва Ибн Можа (4190) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг