Имом Бухорий қайси мазҳабда бўлган?

0

Савол:

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ қайси мазҳабда бўлган?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг фиқҳдаги мазҳаби алоҳида мазҳабдир. Бухорий роҳимаҳуллоҳ машҳур мазҳаблардан биронтасига тақлид қилмаган, балки ўзи мажтаҳиди мутлақ бўлган. Бир қанча имомлар уни фақиҳ деб айтишган. Ҳатто Муҳаммад ибн Башшор имом Бухорийни назарда тутиб: “Бугун фақиҳларнинг саййиди келди”, деган (“Тарихи Бағдод” китоби, 2-жилд, 6-бет).

Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Мадиний: “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг назаримизда фиқҳда Аҳмад ибн Ҳанбалдан кучлироқ ва ундан кўра узоқни кўра оладиганроқдир”, деган. Ўтирганлардан бири: “Муболаға қилиб юбордингиз”, дея эътироз билдирганида Абу Мусъаб: “Агар Моликни кўриб, у билан Муҳаммад ибн Исмоилни юзига қараганингда, иккаласи фиқҳда ҳам, ҳадисда ҳам бир хил экан, деган бўлардинг”, деб жавоб берган (“Тарихи Бағдод” китоби, 2-жилд, 19-бет).

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бухорий ва Абу Довудлар мужтаҳид фиқҳ имомларидир. Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Абу Яъло, Баззор ва уларга ўхшаганлар муҳаддисларнинг мазҳабида бўлиб, муайян бир олимга тақлид қилмаганлар ва айни пайтда мужтаҳиди мутлақ ҳам эмаслар. Улар Шофеий, Аҳмад, Исҳоқ, Абу Убайд каби муҳаддис имомларнинг сўзларига мойил бўлишган” (“Мажмуул фатово” (20\40)).

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Бухорийнинг бобларга қўйган сарлавҳаларини тақлид қилиш деганларга шундай жавоб берган: “Бу гапдан “Бухорий сарлавҳаларни қўйишда бирон имомга тақлид қилган”, деган хулоса чиқади. Бироқ Бухорийнинг маълум ва машҳур услуби шуни кўрсатадики, унинг ўзи ҳадислардан ҳукм чиқаради ва шу ҳукмларга асосан сарлавҳа қўяди. Сарлавҳаларни ҳам ақл бовар қилмас услубда танлайди” (“Фатҳул Борий” (1\82)).

Шайх Муҳаммад Анвар Кашмирий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Шуни билингки, Бухорий мужтаҳиддир. Бунда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. У шофеий мазҳабида бўлган, деган машҳур гапга келсак, у машҳур масалаларда имом Шофеий билан ҳамфикр бўлган холос. Шунингдек, Имоми Аъзам билан ҳамфикр бўлган масалалари имом Шофеий билан ҳамфикр бўлган масалаларидан кам эмас…” (“Файзул Борий” (1\58)).

Шундай бўлса-да, баъзи мутақаддим имомлар Бухорий роҳимаҳуллоҳни ўз мазҳабларига мансуб деб айтганларини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Масалан, қози Ибн Абу Яъло Фарро Бухорийни “Ҳанбалийлар табақалари”да (1\271), Субкий эса “Шофеийлар табақалари”да (2\3) келтирган. Лекин тўғри фикр шуки, юқорида айтиб ўтганимиздек, Бухорий мужтаҳид бўлиб, ўзининг мустақил мазҳаби бор. У фиқҳни барча мазҳаблардан олган: раъй мадрасасини ҳам, ҳадис мадрасасини ҳам ўрганган. Сўнг ҳар бир масалада ўзининг мустақил фикрларини айтган. Бу фикрларини ўзи ўрганган мазҳаблари орасидан танлаб олган. Имом Бухорий фиқҳини ўрганишга қаратилган барча тадқиқотлар бир овоздан худди шу фикрни тасдиқлаган. Биз бу тадқиқотлардан ўн бешга яқин муҳим илмий рисолаларни ўрганиб чиқдик. Улардан шуни хулоса қилиш мумкинки, “Саҳиҳи Бухорий”даги фиқҳий сарлавҳалар ёки уларнинг аксар қисми муайян бир мазҳабга мансуб эмас. Балки бу сарлавҳаларда Бухорийнинг мустақил мужтаҳид шахс экани намоён бўлган.

Доктор Нуриддин Итр шундай дейди: “Бухорий фиқҳни жуда ҳам чуқур ва мустаҳкам ўрганган. Унинг китоби – мужтаҳиди мутлақникидан қолишмайдиган маҳорат ила ҳадислардан ҳукм олишни ҳамда фиқҳни пухта билган мужтаҳид имомнинг китобидир. Лекин у машҳур муҳаддис фуқаҳоларнинг услубини танлаган. У ёшлигиданоқ Абдуллоҳ ибн Муборакнинг китобларини ўқиган. Ибн Муборак эса Абу Ҳанифанинг энг яқин шогирдларидан бири бўлган. Сўнг ўсмирлик даврларида ҳанафий фиқҳини ўрганган. Буни унинг ўзи айтган. Сўнг Каробисийнинг қўлида Шофеий мазҳабини ўрганган. Шунингдек, имом Моликнинг шогирдларидан моликий фиқҳини ўрганган. Хуллас, Бухорий барча ижтиҳод йўлларини чуқур ўрганган. Шу тариқа ўзининг ўткир зеҳни ва кучли заковати билан мужтаҳидлар йўлидан бориб, уларнинг мартабасига эришган. Унинг мана шу (яъни “Саҳиҳи Бухорий”) китоби бунга яққол далилдир. Чунки у бу китобда далиллардан ҳукм чиқариб, муайян мазҳабни ушламасдан далилларга эргашган. Биз Бухорийнинг фиқҳи ҳақида ёзган рисоламизда бунга бир қанча мисоллар келтирганмиз ва у танлаган сарлавҳалар қанчалар чуқур маъноларни ифода этиши ҳамда далиллардан ҳукм чиқаришдаги услубининг хилма-хиллиги ҳақида қисқача сўз юритиб ўтганмиз. Буларнинг барчаси унинг мужтаҳидлик мартабасига етганига, баъзи мазҳабдагилар даъво қилганидек муайян бир мазҳабга тақлид қилмаганига далилдир” (“Имом Термизий ва у билан “Ал-жомеус саҳиҳ” ўртасини солиштириш” номли китобидан иқтибос тугади (391-бет)).

Қўшимча маълумот учун Ҳусайний Ҳошимнинг “Имом Бухорий – муҳаддис ва фақиҳ” номли китобига мурожаат қилинг.

Манба: IslamQA саҳифаси (жузъий ўзгартиришлар билан таржима қилинди).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг