Қирқ ҳадис: Бешинчи ҳадис

0

Бешинчи ҳадис

Мўминларнинг онаси Умму Абдуллоҳ Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким динимизда унга ёт бўлган нарсани пайдо қилса, у қабул қилинмас» [Бухорий ва Муслим ривояти]. Муслимга оид бир ривоятда шундай дейилади: «Кимда ким динимизда бўлмаган бирон амални қилса, у қабул қилинмас».

Шарҳ

Ойша розияллоҳу анҳога «мўминларнинг онаси» деб ном берилди. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан биридир. У зотнинг барча аёллари мазкур ном билан аталадилар. Аллоҳ таоло айтади: «Расулуллоҳнинг хотинлари мўминларнинг оналаридирлар» [Аҳзоб: 6].

Умму Абдуллоҳ:

Бу Ойша розияллоҳу анҳонинг кунясидир. Бироқ Ойша розияллоҳу анҳонинг фарзанди бўлганми?

Жавоб: баъзи илм аҳлининг айтишларича, Ойша розияллоҳу анҳо ҳомиладор бўлган ва боласи тушиб қолган. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, у ҳеч қандай фарзанд кўрмаган. Шундай бўлса-да, Абдуллоҳ ва Абдураҳмон исмлари Аллоҳга энг суюкли исмлар[1] бўлгани учун ўзига ана шундай куня қўйган.

Ойша розияллоҳу анҳо:

Бу мўминлар онасининг исмидир. Ойша розияллоҳу анҳо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизи. Олти ёшга тўлганида унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланган, тўққиз ёшга тўлганида унга яқинлик қилганлар. Ойша розияллоҳу анҳо ислом умматига ўзидан бой илмий мерос қолдириб кетган. У муҳаддис ва фақиҳ аёллардан саналади.

«Ким динимизда унга ёт бўлган нарсани пайдо қилса, у қабул қилинмас»

Кимда ким динимиз ёхуд шариатимизда унга ёт бўлган, яъни Аллоҳ ва Расули кўрсатмаган ишни пайдо қилса, бундай иш қилувчидан қабул қилинмас. Аллоҳ таоло айтади: «Улар тоат-ибодатда Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаган ва (барча ботил динлардан воз кечиб, ҳақ дин бўлмиш) исломга мойил бўлган ҳолда Аллоҳга ибодат қилишгагина буюрилдилар» [Баййина: 5]. Яна Аллоҳ таоло айтади: «Кимда ким исломдан бошқа дин истаса, ҳаргиз ундан қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардан бўлур» [Оли Имрон: 85].

  Муслимга оид бир ривоятда шундай дейилади: «Кимда ким динимизда бўлмаган бирон амални қилса, у қабул қилинмас».

Бу ривоят биринчи ривоятдан кўра умумийроқдир. Унга кўра кимда ким ибодат ёки олди-берди ишлари бўлишидан қатъий назар Аллоҳ ва Расулининг шариатида мавжуд бўлмаган бирон ишни қилса, бу иши қабул қилинмас.

Мазкур ҳадис исломдаги энг асосий тамойиллардан бирини акс этган. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам шунга далолат қилади: «Мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Шундай экан, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» [Анъом: 153]. Шунингдек, юқорида келтирилган оятлар ҳам мазкур улуғ тамойилга далолат қилади.

Дарҳақиқат, уламолар иттифоқ қилишганки, ибодатда иккита нарса бўлмагунча у дуруст бўлмайди: биринчиси ихлос бўлса, иккинчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш шарти биз шарҳлаётган мазкур ҳадисдан ҳамда юқоридаги ояти каримадан олинган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Гарчи яхши ниятда бўлса ҳам Аллоҳнинг динида бирон янгилик пайдо қилиш ҳаромдир. Пайдо қилинган амал қалбларни юмшашига сабабчи бўлади ва одамларнинг динга қизиқиши ва рағбатини оширади деган даъволар бидъат амални оқламайди. Негаки, пайдо қилинган амал шайтоннинг амалидир.

Савол: мен асли ва негизи шариатда бор бўлган бир амални пайдо қилсам-у, бироқ уни шариатда кўрсатилмаган тартибда қилсам, бу амал ҳам рад қилинадими ёки йўқми?

Жавоб: ҳа, бундай амал ҳам рад қилинади. Бунга баъзи одамлар пайдо қилиб олишган ибодатлар, зикрлар ва ҳоказо ишларни мисол қилиш мумкин. Уларнинг барчаси рад этилажакдир.

Шуни яхши билиш лозимки, амал олти нарсада шариатга мувофиқ бўлмагунча унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш шарти рўёбга чиқмайди. Бу нарсалар амалнинг сабаби, жинси, миқдори, бажариш тартиби, вақти ва жойидир.

Агар амал мазкур олти нарсада шариатга мос келмаса, у ботил ва рад этилажакдир. Чунки у Аллоҳнинг динида йўқ нарсани пайдо қилиш саналади.

Биринчидан, амалнинг сабаби шариатга мос бўлиши лозим. Масалан, бир инсон қачон уйига кирса икки ракаат намоз ўқишни одат қилиб олса, унинг бу намози рад этилади. Чунки у шариат намоз ўқиш учун сабаб қилмаган нарсани ибодатнинг сабаби қилиб олди. Бинобарин, аслида намоз ўқиш шариатда бор бўлса-да, унинг бу ибодати қабул бўлмайди.

Яна бошқа бир мисол: бир киши мусулмонларнинг Бадр жангида ғалаба қозониши муносабати билан ҳар йили бу санани байрам қилишни йўлга қўйса, унинг бу иши рад этилади. Чунки у байрамни Аллоҳ ва Расули байрам учун сабаб қилмаган нарсага боғлади.

Иккинчидан, амалнинг жинси шариатга мувофиқ бўлиши зарур. Борди-ю, бир киши Аллоҳга шариатда жинси инобатга олинмаган бир ибодат қилмоқчи бўлса, айтайлик, қурбонликка от сўйса, унинг бу ибодати рад этилади, қабул қилинмайди. Чунки бу ибодат жинсида шариатга зиддир. Зеро, қурбонлик учун фақат туя, қорамол  ёки қўй-эчкилар сўйиш мумкин.

Аммо инсон от сўйиб, гўштини садақа қилса, жоиздир. Чунки у бу ҳолатда отни қурбонлик учун эмас, балки гўштини садақа қилиш учун сўйган.

Учинчидан, амал миқдорида шариатга мувофиқ бўлиши керак. Агар инсон бирон ибодатни шариатда белгиланган миқдордан ошириб бажарса, айтайлик, таҳоратда ҳар бир аъзони уч мартадан эмас, балки тўрт мартадан ювса, тўртинчиси қабул бўлмайди. Чунки у шариат белгилаган миқдордан ортиқчадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъзоларини уч мартадан ювиб таҳорат қилдилар ва ортидан шундай дедилар: «Кимда ким бундан зиёда қилса, ёмон иш қилибди, ҳаддидан ошибди ва зулм қилибди»[2].

Тўртинчидан, амалнинг бажариш тартиби шариатга мувофиқ бўлиши. Агар инсон шариатда ибодат саналган бир амални қилмоқчи бўлса-ю, бироқ бажариш тартибини ўзгартирса, амали қабул бўлмайди, рад қилинади. Масалан, бир киши намоз ўқир экан аввал сажда қилиб, сўнг руку қилса, намози ботилдир. Чунки у бажариш тартибида шариатга мувофиқ иш қилмади.

Шунингдек, бир инсон тескари таҳорат қилса: дастлаб оёқларини ювса, бошига масҳ тортса, сўнг қўли ва юзини ювса, таҳорати ботил бўлади. Чунки бундай таҳорат бажариш тартибида шариатга хилофдир.

Бешинчидан, амалнинг бажариш вақти шариатга мувофиқ бўлиши керак. Айтайлик, бир киши вақт киришидан олдин намоз ўқиса, намози қабул бўлмайди. Чунки у намозни шариат белгилаган вақтда ўқимади.

Шунингдек, бир киши ҳайит намозини ўқишдан олдин қурбонлик сўйса, қурбонлиги қабул бўлмайди. Чунки у шариат белгилаган вақтда қурбонлик қилмади.

Агар инсон бирон узрсиз вақтли ибодатни белгиланган вақтидан кечиктириб бажарса, айтайлик, бирон узрсиз бомдод намозини кун чиққандан кейин ўқиса, ибодати қабул қилинмайди. Чунки у Аллоҳ ва Расули кўрсатгандек амал қилмади.

Олтинчидан, амалнинг бажариш жойи шариатга мувофиқ бўлиши лозим. Шунга кўра бир инсон масжиддан ташқарида, масалан, мадрасада ёки уйда эътикоф ўтирса, эътикофи дуруст бўлмайди. Чунки у эътикоф ўтириладиган жой хусусида шариатга мувофиқ иш тутмади. Маълумки, эътикоф масжидда ўтирилади.

Амалнинг мазкур олти жиҳатини яхшилаб эслаб қолинг. Зеро, ҳар қандай амалнинг суннат ёки бидъатлигини унга солиштириб билиб олиш мумкин.

Қуйида Аллоҳ ва Расулининг амрига хилоф бўлгани учун рад қилинажак амалларга бир неча мисоллар келтирамиз:

Биринчи мисол: жума намозини ўқиш вожиб бўлган киши жума куни иккинчи азондан кейин олди-берди қилса, қилган савдоси ботил бўлади. Чунки бу вақтда савдо-сотиқ қилиш Аллоҳ ва Расулининг амрига хилофдир.

Мабодо бу вақтда савдо-сотиқ қилинган бўлса, савдони бузиш: пулни харидорга, товарни сотувчига қайтариш вожиб бўлади. Шунинг учун одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сифатли хурмодан бир соъ[3] миқдорини сифатсиз хурмодан икки соъга, икки соъ миқдорини эса уч соъга алмаштиришларини  айтишганда «Савдони қайтар», дедилар. Чунки бундай савдо Аллоҳ ва Расулининг амрига хилофдир.

Иккинчи мисол: аёл киши валийсиз турмушга чиқса, никоҳ ботил бўлади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валийсиз никоҳ йўқ»[4], деганлар.

Учинчи мисол: эр хотинини ҳайз ҳолатида талоқ қилса, талоқ тушадими, йўқми?

Жавоб: бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф бор. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳга «ҳайз ҳолатида айтилган талоқ тушмайди» деган гап айтилганда: «Бу ёмон гап», деди. Бу имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг сўзлари. У зотнинг ҳадис ва фиқҳдаги билими барчага маълум. Ана шундай зот ҳайз ҳолатида айтилган талоқ тушмайди деган гапни инкор қилганлар. Унинг фикрича, бундай талоқ тушади ва у билан эрнинг уч бор талоқ қилиш ҳуқуқи биттага камаяди.

Лекин бундай талоқ тушмайди деганлар ҳам бор. Шулардан бири шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдир. Умуман олганда ушбу масалада ихтилоф бор. Бироқ одамларга ҳайз ҳолатида айтилган талоқ тушмайди деб фатво беришдан эҳтиёт бўлишингиз учун бу масалага тўхталиб ўтдим. Модомики одамлар ўзлари бу талоққа қадам қўйдими, демак, ундан келиб чиқадиган жавобгарликка ҳам чидасинлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай йўл тутган эдилар. Одамлар бирданига уч талоқ қилишга журъат қилишгач, Умар розияллоҳу анҳу уч талоқ тушадиган қилиб қўйди. Аслида уч талоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу замонида, шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг дастлабки икки йилида бир талоқ ҳисобланар эди. Одамлар ичида ҳаром бўлишига қарамай бирданига уч талоқ қилиш авж олгач, уч талоқ тушадиган қилиб қўйди. Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Одамлар ўйлаб қилишлари лозим бўлган ишда шошқалоқлик қилмоқдалар. Бинобарин, бу ишнинг ҳукмини уларга жорий қилсак бўлар экан»[5].

Бу гапларни айтишимга сабаб бугунги кунда шаръий ҳукмлар одамларга ўйинчоқ бўлиб қолди. Бир оми одам бундан ўн йил аввал хотинини ҳайз пайтида талоқ қилган. Сиздан фатво сўраб келади. «Хотинингга талоқ тушибди», десангиз, «Бу ҳайз ҳолатида айтилган талоқ, бидъат талоқ-ку?!», дейди. Ўзику, алифни калтак дейдиган оми одам, лекин айтган гапини қаранг?! Кўпчилик инсонлар ҳавосига мос келган фатво ортидан юришади.

Хўш, бундай кимсаларга талоқ тушмаган деб фатво бериш мумкинми?

Жавоб: йўқ, мумкин эмас. Чунки фатво учун қиёмат кунида жавоб беришимиз бор. Аксинча, бундай инсонга: “Модомики талоқ қилдингми, талоқ тушади”, деймиз.

Хўш, айтингчи, агар шу талоқдан кейин аёлининг иддаси тугаб, бошқа эркакка турмушга чиққанида унинг олдига бориб: “Бу менинг хотиним”, дермиди?!

Йўқ, бундай дея олмасди. Модомики эрнинг ўзи шу ишга қўл урган бўлса, энди қандай қилиб унга йўл топиб бериш мумкин?!

Умуман олганда аксар уламолар фикрига кўра ҳайз ҳолатида айтилган талоқ тушади. Мазкур ҳолатда талоқ тушмайди деган фикр тўғрисида имом Аҳмад: “Ёмон гап”, деганлар. Яъни бу фикрга эргашиш ярамайди дегани, бу.

Тўртинчи мисол: бир киши бир грам тиллани бир ярим грам тиллага алмаштирса, бундай олди-берди ботил бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тиллани тиллага (вазни) тенг ҳолатдагина алмаштиринглар»[6], деганлар.

Бешинчи мисол: бир киши бировдан тортиб олинган кийимда намоз ўқиса, жумҳур уламолар фикрича намози дурустдир. Чунки ҳадисдаги қайтариқ намозга тегишли эмас, балки бировнинг мулкини ноҳақ тортиб олишга тегишли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тортиб олинган кийимда намоз ўқиманглар», деганлари йўқ. Балки у зот бировнинг мулкини ноҳақ тортиб олишдан қайтарганлар ва бу ишни ҳаром санаганлар.

Олтинчи мисол: бир инсон намоз ўқишдан қайтарилган вақтда бирон сабабсиз нафл намоз ўқиса, бу амали рад этилади. Чунки бу ишдан қайтарилган.

Еттинчи мисол: бир инсон ҳайит куни рўза тутса, рўзаси ботил ва рад этилажакдир. Чунки бу кунда рўза тутишдан қайтарилган.

Саккизинчи мисол: бир киши тортиб олинган сув билан таҳорат олса, таҳорати дурустдир. Чунки шариатда бировнинг сувини тортиб олишдан қайтарилган, тортиб олинган сув билан таҳорат олишдан қайтарилмаган.

Агар шариатдаги қайтариқ тўғридан-тўғри ибодатнинг ўзига тегишли бўлса, ибодат дуруст бўлмайди. Агар қайтариқ умумий бўлса, у ҳолда ибодатнинг дурустлигига таъсир қилмайди.

Тўққизинчи мисол: бир инсон савдода бировни алдаса, савдо дуруст бўлаверади. Чунки ҳадисда фирибгарлик ва кўзбўямачиликдан қайтарилган. Шунинг учун алданган одам савдога рози бўлса, савдо дуруст бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шаҳар ташқарисидан келган маҳсулотларни (то бозорга кирмагунча) қарши олмангиз. Кимда ким уларга пешвоз чиқиб, бирон нарса сотиб олса, у ҳолда маҳсулот эгаси бозорга киргач савдони бузишга ҳаққи бор»[7]. Кўриб турганингиздек, ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  «савдо ботил бўлади», демадилар, балки савдони дуруст санаб, алданган кишига савдони бузиш ҳаққини бердилар.

Демак, қайтариқнинг бевосита амалнинг ўзига тегишли бўлиши билан, унинг амал моҳиятидан ташқари нарсаларга тегишли бўлиши ўртасида фарқ бор. Агар қайтариқ бевосита амалнинг ўзига қаратилган бўлса, унинг рад этилажагида шубҳа йўқ. Чунки бу ҳолатда амални дуруст дейиш Аллоҳ ва Расулига қарши чиқиш билан баробар. Аммо қайтариқ амал моҳиятидан ташқари бирон ишга қаратилган бўлса, у ҳолда амал дуруст бўлиб, инсон ўша амал моҳиятидан ташқари ишни қилгани учун гуноҳкор бўлади.

Ўнинчи мисол: бир инсон бировдан тортиб олган мол-мулк билан, айтайлик, бировдан тортиб олган туяни миниб ҳаж қилса, ҳажжи дуруст бўлади. Бу жумҳур уламоларнинг фикридир. Лекин у туяни (ёки автоуловни) тортиб олгани учун гуноҳкор бўлади. Чунки бу иши (яъни бировнинг туясини тортиб олиши) ҳаж моҳиятидан ташқаридаги ишдир. Баъзан инсон уловсиз ҳам ҳаж қилиши мумкин.

Баъзи уламолар тортиб олинган туяга миниб ҳажга борган кишининг ҳажжи дуруст эмас дейишган. Ҳатто уламолардан бири бу ҳақда  қуйидаги мисрани айтган:

Ҳаж қилган бўлсанг гар ҳаромдан, бешак

Сен эмас, ҳожидир сен минган эшак.

Муслимга оид бир ривоятда шундай дейилади: «Кимда ким динимизда бўлмаган бирон амални қилса, у қабул қилинмас».

Ҳадисдан тушуниладики, агар бирон амал Аллоҳ ва Расулининг амрига хилоф бўлса, у рад этилажак. Албатта, бу ҳукм ибодатлар бобига тегишли эканида шак-шубҳа йўқ. Зеро, ибодатлар бобидаги асл қоидага кўра, ҳар қандай ибодат ҳалол бўлиши учун муайян далил бўлиши зарур.

Агар бир инсон Аллоҳга муайян бир ибодат қилаётган бўлса-ю, бошқа бири унга эътироз билдирганда: «Бу ибодат ҳаром эканига қандай далилинг бор?», деса, эътироз билдирган инсон ҳақ бўлиб чиқади. Чунки ибодатлар бобидаги асл тамойилга кўра, то бирон далил бўлмагунча ибодат ҳалол бўлмайди.

Аммо ибодатлардан бошқа нарса ёки амаллар аслида ҳалолдир.

Нарсаларга мисол: бир киши қуш овлади. Шунда бошқа бир инсон унга эътироз билдирди. Ҳақ қушни овлаган инсон томонида. Бу ўринда қушни овлаган одам унинг ҳалоллигига далил келтириши шарт эмас. Чунки асл қоидага кўра, у ҳалолдир. Аллоҳ таоло айтади: «У ер юзидаги барча нарсаларни сизлар учун яратган Зотдир» [Бақара: 29]. Аксинча, қушнинг ҳаромлигини даъво қилган инсон ўз даъвосини далил билан исботлаши лозим.

Амалларга мисол: ибодатлардан бошқа барча амаллар аслида ҳалолдир. Масалан, бир инсон ўз уйида, автоуловида, кийимида ёки умуман дунё ишларига оид бирон иш қилса-ю, бошқа бир инсон унга эътироз билдирса, бу ўринда эътироз билдирган кимса бажарилган ишнинг ҳаром эканига далил келтириши лозим. Чунки аслида дунёвий ишлар ҳалолдир.

Демак, ибодатлар ва ундан бошқа одатий ёхуд дунёвий ишларга оид мазкур икки қоидани билиб олиш ўта муҳимдир.

Ибодатлар уч қисмга бўлинади:

  1. Шариатда жорий қилинган ибодатлар. Бундай ибодатлар мустаҳаб ёки вожибдир.

  2. Шариатда қайтарилган ибодатлар. Бундай ибодатлар ҳаром ёки макруҳдир.

  3. Шариатда ибодат экани айтилмаган ибодатлар. Бундай ибодатлар ҳам ҳаром ёки макруҳдир.

Энди кундалик олди-берди муносабатлари ва нарсаларга келсак, улар ҳам уч қисмга бўлинади:

  1. Шариат рухсат берган ишлар ва нарсалар. Бундай иш ва нарсалар жоиз ва ҳалолдир. Бу турга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёввойи эшак гўштидан еганларини мисол қилиш мумкин[8]. Бинобарин, бу ҳайвоннинг гўшти ҳалолдир.

  2. Шариат қайтарган иш ва нарсалар. Масалан, шариат қозиқ тишли йиртқич ҳайвонлар гўштини ейишдан қайтарган[9]. Демак, бундай ҳайвонлар гўшти ҳаромдир.

  3. Шариатда улар ҳақида бирон нарса дейилмаган иш ва нарсалар. Бу тур иш ва нарсалар ҳалолдир. Чунки ибодатлардан бошқа дунёвий ишлар ва нарсалар модомики шариатда бирон қайтариқ келмаган бўлса ҳалолдир.

[1] Муслим (2132), “Одоблар”, “Абулқосим деб куня қўймаслик ва мустаҳаб бўлган исмлар баёнига оид боб”.
[2] Имом Аҳмад (6684), Насоий (140), Ибн Можа (422) ривояти.
[3] Бир соъ ўрта ёшли одамнинг ўртача ҳовучи билан тўрт ҳовучга тенг. Бу тақрибан 2175 грамга тенг келади. Бир соънинг вазни озиқ-овқат зичлигига қараб 2100 грамдан 2800 грамгача бўлган оралиқда бўлиши мумкин.
[4] Имом Аҳмад (4/394), Абу Довуд (2083), Термизий (1101) ривояти.
[5] Муслим (3673) ривояти.
[6] Бухорий (2176), Муслим (75, 1574) ривояти.
[7] Муслим (17, 1519) ривояти.
[8] Муслим (37, 1941) ривояти.
[9] Муслим (1932) ривояти.

Изоҳ қолдиринг