Қирқ ҳадис: Саккизинчи ҳадис шарҳи

0

Саккизинчи ҳадис

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар то Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бермагунларича, намозни тўкис ўқимагунларича, закотни бермагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Агар улар мазкур ишларни қилсалар, ўз жонлари ва молларини мендан сақлаб қоладилар. Ислом ҳаққи билан (уларнинг жон ва молларига қўлланилган жазолар) бундан мустасно бўлиб, уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳаволадир» [Бухорий ва Муслим ривояти].

Шарҳ

«Буюрилдим»:

«Буюрилдим» феъли мажҳул феъл, унда ҳаракатнинг бажарувчиси кўрсатилмаган, чунки бажарувчи бўлмиш Аллоҳ шундоқ ҳам маълум. Бажарувчиси маълум феълларни мажҳул шаклда келтириш луғатда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам, хоҳ кавний ишларда, хоҳ шаръий ишларда бўлсин, жоиздир.

Кавний ишларга мисол: Аллоҳ таоло айтади: «Инсон заиф ҳолатда яратилди» [Нисо: 28]. Маълумки, инсонни яратган Аллоҳ таолодир.

Шаръий ишларга мисол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Еттита аъзони ерга қўйиб сажда қилишга буюрилдик»[1].

Демак, «буюрилдим» дегани «Раббим менга буюрди» деганидир.

Буйруқ деб буюрувчи ўзини юқори олиб ўзгадан бирон ишни бажаришни талаб қилишига айтилади. Буйруқда буюрувчи ёхуд бирон ишни бажарилишини талаб қилувчи ўзини буюрилувчидан мартабали деб билади. Чунки инсон ўзига мартабадош кишидан бирон нарсани талаб қилиши буйруқ деб аталмайди, балки унга илтимос дейилади. Борди-ю, инсон ўзидан мартабаси баланд зотдан бирон нарсани талаб қилса, унга дуо дейилади.

«уларга қарши уруш қилишга»:

Бу – Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни буюрган иш.

Уруш қилиш билан ўлдириш ўртасида фарқ бор.

Уруш қилиш Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун душманларга қарши жанг қилишдир.

Ўлдириш бўлса, муайян бир инсонни қатл қилишдир. Шунинг учун айтамизки, унга қарши уруш қилиш жоиз бўлган ҳар қандай кишини ўлдириш жоиз бўлавермайди. Ўлдириш доираси уруш қилиш доирасига нисбатан тордир. Муайян талаблар топилмагунча бирон муайян инсонни ўлдириш жоиз эмас. Уруш қилиш доираси эса ўлдириш доирасидан кенгроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар),  агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини ислоҳ қилингиз! Агар улардан бирови иккинчисига тажовуз қилса, у ҳолда то тажовуз қилган тоифа Аллоҳнинг амрига қайтгунича улар билан урушинглар» [Ҳужурот: 9]. Мўминлардан бўлган тажовузкор тоифа билан урушишга буюрилгани уларни ўлдиришни, қонини тўкишни ҳалол қилиб қўймайди, балки ислоҳ қилиш мақсадида улар билан уруш қилинади.

Шу боис, уммат бирон даъво остида халифага қарши чиққан исёнкор тоифага қарши уруш қилишда халифанинг томонида туришга буюрилган. Уламоларнинг айтишича, агар халифа исёнкорларга қарши уруш қилишга қарор қилса, халқ бузғунчилик ва фасодни даф қилиш учун унга итоат қилиши, эргашиши вожиб бўлади. Мазкур ҳолатда адолатни барпо қилиш ва тартибсизликка чек қўйиш учун мусулмонларга қарши уруш қилинади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу закот беришдан бош тортган мусулмонларга қарши уруш қилган эди. Мақсад уларни ўлдириш эмас, балки ҳаққа бўйсундириш учун уларга қарши уруш қилиш.

«Одамлар то Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бермагунларича»:

Гувоҳлик бериш аслида қалб ва тил билан амалга ошиши лозим. Бироқ фақат тилида бўлса ҳам гувоҳлик берганнинг жони ва молига дахл қилинмайди, қалби эса Аллоҳга ҳавола қилинади.

 «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ»:

Яъни, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, фақат Аллоҳга ибодат қилиш ҳақ, У зотдан бошқа «худо»ларга ибодат қилиш ботилдир.

 «намозни тўкис ўқимагунларича»:

Яъни, намозни шариат кўрсатган тарзда ўз вақтида тўла-тўкис адо этмагунларича. Бу ерда намоз умумий тарзда зикр қилинган бўлса-да, лекин ундан беш маҳал ўқиладиган фарз намозлар назарда тутилган. Шунинг учун одамлар нафл намоз ўқимасалар уларга қарши уруш қилинмайди.

«закотни бермагунларича»:

Яъни, закотни ҳақдорларга бермагунларича. Закот дегани маълум мол-мулклардан бериладиган муайян миқдор мол-мулкдан иборатдир. Масалан, тилла ва кумушдан, шунингдек, тижорат молларидан қирқдан бирини закот сифатида бериш вожибдир. Закот бериладиган деҳқончилик маҳсулотларидан эса, агар сарф-харажат билан суғориладиган бўлса, йигирмадан бири, агар харажатсиз суғориладиган бўлса, ўндан бири берилади. Чорва молларидан эса ҳадисларда баён қилинган тартибда закот берилади.

«Агар улар мазкур ишларни қилсалар»:

Яъни, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик берсалар, намозни тўкис ўқисалар, закотни берсалар.

«ўз жонлари ва молларини мендан сақлаб қоладилар»:

Яъни, улар бу амаллар сабаб исломга кирганлари учун уларга қарши уруш қилишим, уларнинг қонини ҳалол санашим, мол-мулкларини ғанимат қилиб олишим ҳалол бўлмайди.

«Ислом ҳаққи билан (уларнинг жон ва молларига қўлланилган жазолар) бундан мустасно»:

Бу бир истисно бўлса-да, бироқ умумий истиснодир. Унга кўра, одамлар мазкур амалларни бажариш сабабли мусусулмон бўлсалар-да, бироқ ислом ҳаққи билан уларнинг қони ва мол-мулкига дахл қилиш жоиз. Масалан, оилали кишининг зинога қўл уриши, бировни қасддан ўлдириш сабабидан қотилдан қасос олиниши, ўғирлик ва ҳоказо ишлар туфайли мусулмоннинг жони ва моли ҳалол саналиши мумкин. Чунки булар шариат жорий қилган жазолардир.

«уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳаволадир»:

Яъни, одамларни амаллари эвазига ҳисоб-китоб қилиш Аллоҳга ҳаволадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиммасидаги мажбурият эса одамларга ҳақни етказиш холос.

Ушбу ҳадис одамларга қарши уруш қилиш жоизлиги хусусидаги асос ва қоидани акс этади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Ҳадисдаги «буюрилдим» деган сўздан тушуниладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир банда бўлиб, худди Аллоҳ таоло бошқа бандаларга буйруқ берганидек, у зотга ҳам буйруқ беради.

  2. Шунингдек, «буюрилдим» деган сўздан яна шуни тушуниш мумкинки, бажарувчиси шундоқ ҳам маълум бўлган феълларни мажҳул шаклда келтириш жоиз.

  3. Одамлар ҳадисда зикр қилинган амалларни бажармасалар, уларга қарши уруш қилиш вожиб бўлади.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: нега мазкур ҳолатда одамларга қарши уруш қилиш мустаҳаб бўлиши мумкин эмас?

Жавоб: бу ўриндаги буйруқдан одамларга қарши уруш қилиш мустаҳаблиги тушунилмайди. Чунки уларга қарши уруш қилиш туфайли аслида ҳаром бўлган иш ҳалол саналади. Ҳолбуки, мустаҳаб иш учун эмас, балки фақат фарз ёхуд вожиб ишни қилиш учун ҳаром иш ҳалол саналиши мумкин.

Мазкур қоидадан келиб чиқиб баъзи фуқаҳолар хатна қилишни вожиб дейишган. Негаки, аслида инсон танасидаги бирон аъзони ёки унинг бир парчасини бўлса ҳам кесиш ҳаромдир. Хатна қилиш учун инсон танасидаги бир парча терини кесиш ҳалол қилиндими, демак, хатна қилиш вожиб экан. Чунки фақат вожиб иш учун ҳаром иш ҳалолга айланади.

  1. Жиҳоднинг фарзлиги. Жиҳод гоҳида фарзи кифоя, гоҳида фарзи айн бўлади. У барча инсонларга фарзи айн бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» [Тавба: 122].

  2. Қалб ва тил билан Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бериш вожиб. Агар инсон тилида шаҳодат келтирса-ю, бироқ биз унинг қалбидаги эътиқодини билмасак, у ҳолда зоҳирий ҳолати билан чекланиб, қалбини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Шундан сўнг, модомики иқрорига зид бирон хатти-ҳаракат кўрмасак, унинг жони ва молига тажовуз қилмаслик вожиб бўлади. Шаҳодат келтирган инсоннинг гапига шубҳа билан қараш, «ёлғондан айтяпти ёки қатл ва асирликдан қўрқиб шаҳодат келтирди», дея уни айблаш жоиз эмас. Чунки биз инсонларнинг дилидаги эътиқодини ковлаштиришга буюрилмаганмиз.

  3. Инсон Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ деб гувоҳлик бериши лозим, Аллоҳ ҳақ илоҳдир деб гувоҳлик беришнинг ўзи етарли эмас. Чунки бундай деб гувоҳлик бериш Аллоҳдан бошқа ҳам ҳақ илоҳлар борлигини инкор қилиш саналмайди. Шу боис шаҳодат калимаси Аллоҳдан бошқасининг ҳақ илоҳлигини инкор этиш ва илоҳликни фақат Аллоҳга нисбат беришни ўз ичига олиши зарур.

  4. Инсон Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берса-да, лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик бермагунича жони ва молидан омонда бўлмайди. Аслида бир киши Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бериши билан исломга кирган бўлади. Лекин ундан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига гувоҳлик бермаса, у ҳолда бундай одамга қарши уруш қилинаверади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бериш у зотга чинакам эргашиш, у зотдан бошқага эргашмаслик, у зот айтган хабарларни тасдиқлаш, қайтарган ишлардан тийилиш ва Аллоҳга фақат у зотнинг шариати билан ибодат қилишни тақозо қилади.

  1. Намоз ўқишнинг фарзлиги. Зеро, намоз ўқимаган одамнинг жони ва моли омонда бўлмайди. Ҳатто фуқаҳоларнинг айтишларича, гарчи намоз ўқисалар-да, азон ва иқомат айтмасликка келишиб олган шаҳар аҳолисига қарши уруш қилинади. Чунки азон ва иқомат исломнинг зоҳир шиорларидан, қадриятларидандир. Бинобарин, бир қавм «Биз азон ва иқомат айтмаймиз, бироқ намоз ўқиймиз», десалар, бу фикрларидан қайтмагунларича уларга қарши уруш қилинади.

Бу фуқаҳолар ўз фикрларининг исботи учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларини далил қилишган. У зот бирон жойга ғазот қилиб борсалар, бомдод вақти киргунга қадар кутиб турар, агар қишлоқдан азон овози эшитилса, уларга қарши уруш қилмас, акс ҳолда, шаҳарга ҳужум қилар эдилар[2].

Яна фуқаҳоларнинг айтишларича, гарчи беш маҳал фарз намозлар каби барчага фарзи айн бўлмаса ҳам ҳайит намозини ўқимай қўйган шаҳар ёхуд қишлоқ аҳлига қарши  уруш қилинади. Чунки ҳайит намозлари исломнинг ошкора шиор ва қадриятларидандир.

  1. Закот бериш фарзлиги. Чунки закот ҳам одамларнинг жони ва молига дахлсизликни таъминловчи амаллар жумласидандир.

Инсон закотни ҳақдорларига бериши вожиб, уни бой қариндошлари ёки ўртоқларига бериши уни  зиммасидан соқит қилмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда фақат фақирларга, мискинларга,  садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» [Тавба: 60].

  1. Кофирларнинг жонлари ва моллари ҳалолдир. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «ўз жонлари ва молларини мендан сақлаб қоладилар» деган сўзларидан тушуниш мумкин. Демак, (мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган) кофирлар ҳолат тақозосига кўра қатл қилиниши ёки асирга олиниши, шунингдек, уларнинг мол-мулклари ғаниматга олиниши мумкин. Албатта, бу бошқа пайғамбарлар ичидан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган ишлардан биридир. Ҳадиси шарифлардан бирида у зот шундай дейдилар: «Мендан олдин бирон пайғамбарга берилмаган беш хислат менга берилди: менга бир ойлик масофадан (душманларим қалбига тушадиган) қўрқув билан ёрдам берилди, ер юзининг барча жойлари мен (ва умматим) учун намозгоҳ ва поклик қилинди, менга ғаниматлар ҳалол қилинди, ҳолбуки, мендан олдин ҳеч кимсага ҳалол қилинмаган эди…»[3]. Ғаниматлар деганда кофирлар билан жанг қилиш асносида қўлга киритилган мол-мулклар назарда тутилади. Олдинги умматларга ғаниматлар ҳалол қилинмаган эди. Ҳадисларда келишича, улар кофирлардан қўлга киритилган ўлжаларни бир жойга йиғишар, сўнг осмондан бир олов тўшиб, уларни куйдириб юборар эди[4].

  2. Гоҳида ҳадисда зикр қилинган амаллардан бўлмаса-да, ислом ҳаққи билан кишининг жони ва молига жазо қўлланиши мумкин. Дарҳақиқат, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга закотни беришдан бош тортган кишиларга қарши уруш қилиш масаласида эътироз билдирилган ва у шундай жавоб берган эди: «Закот молга тегишли мажбуриятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ислом ҳаққи билан (уларнинг жон ва молларига қўлланилган жазолар) бундан мустасно», деганлар. Аллоҳга қасамки, агар улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб келишган биргина улоқча (ёхуд бир арқон)ни беришдан бош тортсалар, албатта бунинг учун уларга қарши уруш қиламан»[5].

Албатта, биз бу ўринда исломда қатл қилиш жоиз бўлган сабабларни батафсил санаб ўтмоқчи эмасмиз. Бироқ бу сабаблар шариатимизда маълум ва машҳурдир.

  1. Бандаларни ҳисоб-китоб қилиш иши Аллоҳга ҳавола бўлиб, пайғамбарлар зиммасидаги вазифа одамларга ҳақни етказиш холос. Шунингдек, пайғамбарлар меросхўрлари бўлмиш уламолар зиммасидаги вазифа ҳам одамларга ҳақни етказиш, ҳисоб-китоб қилиш эса Аллоҳга ҳавола қилинади.

Даъватчининг даъвати қабул қилинмаса хафа бўлмаслиги керак. Зеро, у ўз вазифасини адо этса, зиммасидаги мажбурият соқит бўлади, ҳисоб-китоб Аллоҳга қолади. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтади: «Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз. Бироқ ким (бу панд-насиҳатдан) юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар! Зеро, ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир» [Ғошия: 22-26].

Шундай экан, одамлар гапингизни қабул қилишмаса хафа бўлманг, чунки сиз вазифангизни бажардингиз!

Бироқ шуни яхши билингки, агар сиз ҳақни гапириб, у билан Аллоҳ розилигини истаган бўлсангиз, гарчи ҳақ олдингизда қабул қилинмаса-да, албатта одамларга таъсир кўрсатади. Мусо алайҳиссалом қиссасида даъватчилар учун улуғ ибратлар бор. Мусо алайҳиссалом билан тортишиш учун Мисрнинг тўрт томонидан сеҳргарлар йиғилади, қўлларидаги арқон ва асоларини ташлаган пайтларида чор-атрофни илонлар эгаллайди. Ҳатто буни кўрган Мусо алайҳиссаломни қўрқув босади. Аллоҳ таоло айтади: «Шунда  Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилди» [Тоҳа: 67]. Сеҳргарлар йиғилган пайтда Мусо алайҳиссалом уларга шундай деди: «Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир» [Тоҳа: 61]. Кўриб турганингиздек, Мусо алайҳиссалом уларга саноқли сўзларни айтди. Аллоҳ таоло айтади: «Натижада, улар (қиладиган) ишларини талашиб-тортишиб, аста шивирлаша бошладилар» [Тоҳа: 62].  Сеҳргарлар Мусо алайҳиссаломнинг сўзини эшитибоқ ўрталарида низо бошланди. Мусо алайҳиссаломнинг сўзлари сеҳргарларга қандай таъсир қилганини мушоҳада қилинг. Ҳақ сўз таъсир қилмай қолмайди, гоҳида дарҳол таъсир қилади, гоҳида бир муддатдан сўнг таъсир қилади. Тавфиқ Аллоҳдандир.

[1] Бухорий (809), Муслим (490, 230) ривояти.
[2] Муслим (9, 382) ривояти.
[3] Бухорий (335), Муслим (3, 521) ривояти.
[4] Термизий (3085) ривояти.
[5] Бухорий (1335), Муслим (20, 32) ривояти.

Изоҳ қолдиринг