Қирқ ҳадис: Тўққизинчи ҳадис шарҳи

0

Тўққизинчи ҳадис

Абу Ҳурайра Абдураҳмон ибн Сахр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Нимадан қайтарган бўлсам, ундан четланинг, нимага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча бажаринг. Сизлардан олдингиларни савол-сўроқларининг кўплиги ва пайғамбарларига қарши чиқишлари ҳалок қилган эди»[1]. Бухорий ва Муслим ривояти.

Шарҳ

Кўпчилик инсонлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг исмини билишмайди. Ҳадис ровийсининг исми хусусида ихтилоф бор. Бу борада билдирилган фикрлар ичида энг тўғрироғи юқорида муаллиф роҳимаҳуллоҳ зикр қилган исм – Абдураҳмон ибн Сахрдир. Унинг қўлга ўрганган ва доим унга эргашиб юрадиган мушукчаси бўлгани учун Абу Ҳурайра деган куня (тахаллус) олган.

«Нимадан қайтарган бўлсам, ундан четланинг»:

Қайтариқ дегани мартабаси баланд киши (гарчи ўзини шундай деб даъво қилса ҳам) ўзгадан бирон нарса ёки ишдан тийилишни талаб қилиши демакдир.

Усулул фиқҳ уламолари қайтариқни шундай таъриф қиладилар: «Қайтарувчи ўзини юқори тутган ҳолда (гарчи бу шунчаки даъво бўлса ҳам) бирон ишдан қайтаришидир».

Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатда бизлардан мартабаси олий инсондир.

«нимага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча бажаринг»:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарилган ишлардан четланиш ҳақида гапирар эканлар, уни «қодир бўлганингизча» дея қодирлик билан чекламадилар. Чунки қайтариш тийилишни талаб қилиш бўлиб, барча инсонлар бунга қодирдирлар. Буюрилган ишлар эса маълум ишларни юза келтиришни, амалга оширишни тақозо қилади ва инсонлар уларни амалга оширишга гоҳида қодир бўлсалар, гоҳида қодир бўлмайдилар. Шунинг учун буюрилган ишларда «қодир бўлганингизча» деган чеклов қўйилди. Албатта, бу чеклов ортидан талай фойдалар келиб чиқади, биз бу ҳақда иншааллоҳ ҳадисдан олинадиган фойдаларда тўхталиб ўтамиз. Асосийси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда нозик таъбирни қўллаганлар.

«Сизлардан олдингиларни»:

Бу ибора яҳудийлар, насоролар ва бошқаларни ўз ичига қамраб олади. Шундай бўлса-да, бу иборадан даставвал яҳуд ва насоролар тушунилади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан олдин китоб берилган кишилардан бўлган иффатли аёллар(га уйланиш ҳам ҳалолдир)» [Моида: 5]. Чунки яҳудий ва насоролардан олдинги умматлар қарийб саҳобаларнинг эсига келмас эди. Ҳадисдаги иборанинг умумийлигига қарасак, ундан ислом умматига қадар яшаб ўтган барча умматларни тушуниш мумкин. Аммо ҳолат тақозосига қарасак, «Сизлардан олдингилар» деган иборадан фақат яҳудий ва насоролар тушунилади.

«савол-сўроқларининг кўплиги»:

Яҳудийларда ҳалокат сабаби бўлмиш кўп савол бериш кўпроқ бўлган эди. Уларга пайғамбарлари Мусо алайҳиссалом «Аллоҳ сизларга бирон бир сигир сўйишни буюради» [Бақара: 67], деганида улар «қандай сигир, ранги қандай, нима иш қилади?», дея савол бера бошладилар.

«ва пайғамбарларига қарши чиқишлари»:

Мазкур иборани араб тили грамматик таҳлилидан келиб чиқиб икки хил: «олдинги умматларни пайғамбарларига қарши чиқишлари ҳалок қилган» ёки «олдинги умматларни пайғамбарларига кўп қарши чиқишлари ҳалок қилган», деб тушуниш мумкин. Ҳар икки маъно ҳам тўғри. Биринчи таҳлилга кўра, шунчаки пайғамбарларга қарши чиқиш ва ихтилоф қилишнинг ўзи ҳалокат сабаби бўлса, иккинчи таҳлилга кўра, ҳалокат сабаби пайғамбарларга нисбатан ихтилоф ва қаршиликнинг кўплигидир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ҳадисдаги «Нимадан қайтарган бўлсам, ундан четланинг» деган сўздан маълум бўладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсадан четланиш вожибдир.

  2. Бирон нарсадан қайтарилган бўлса, бу қайтариқ унинг озу кўпини ўз ичига қамраб олади. Чунки инсон модомики қайтарилган нарсанинг озу кўпидан тийилмас экан, ундан қайтган саналмайди. Айтайлик, шариат судхўрликдан қайтардими, демак, унинг озидан ҳам, кўпидан ҳам тийилиш зарур.

  3. Бирон нарсадан тийилиш бирон нарсани юзага келтиришдан осонроқдир. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарилган нарсалардан буткул четланишга буюрдилар.

Бир киши бунга эътироз билдириб айтиши мумкин: «Ахир мажбур қолган кишига ўлимтик ва тўнғиз гўштини ейиш ҳалол қилинган-ку? Демак, мажбур қолганда қайтарилган нарсадан четланмаса ҳам бўларкан-да?».

Жавоб: мажбурий ҳолат юзага келса, ҳаром деган ҳукм йўқолади. Усулул фиқҳ фанида «зарурат ҳолатида ҳаром деган нарса, ожизлик ҳолатида вожиб деган нарса бўлмайди» деган қоида бор. Демак, мазкур эътирозга ўрин йўқ.

Яна бир эътироз туғилиши мумкин: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «четланинг» деган сўзлари умумий тарзда айтилган, бинобарин, у мажбур бўлганда ўлимтик гўштини ейишдан четланишни ҳам ўз ичига олмайдими?!

Жавоб: йўқ, бу буйруқ зарурат ҳолатига тегишли эмас. Зеро, зарурат пайтида ўлимтик ҳаром бўлмайди.

Зарурат ёхуд мажбурий ҳолатда ҳаром ишни қилиш жоизми, йўқми?

Жавоб: ҳа, жоиз. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга ҳаром қилинган нарсалар батафсил баён қилинди. Мажбур бўлган ҳолатингиз бундан мустаснодир» [Анъом: 119]. Ўлимтик гўштини ейишга мажбур бўлиб қолган инсон ундан ейиши жоиз. Шунингдек, тўнғиз гўштини ейишга мажбур бўлган киши ҳам ундан ейиши жоиз. Ёхуд инсон ароқ ичишга мажбур бўлиб қолса, ароқ ичиши ҳам жоиз ва ҳоказо. Бироқ ароқ ичишга мажбур бўлишни фақат бир ҳолатдагина тасаввур қилиш мумкин. У ҳам бўлса, томоғига овқат тиқилган кимса уни томоғидан ўтказиб юбориш учун ароқдан бошқа нарса топмаса, мазкур ҳолатда уни ичиши жоиз. Аммо чанқоқни босиш учун ароқ ичиш жоиз эмас. Уламоларнинг айтишича, ароқ чанқоқни бостирмай, аксинча, уни кучайтиради, бинобарин, уни ичиш билан чанқоқни босиш зарурати барҳам топмайди.

Ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур бўлган киши уни зарурат даражасидан ошиқча истеъмол қилиши дурустми? Бошқача қилиб айтганда, ўлимтикни ейишга мажбур бўлган инсон ундан тўйгунча ейиши жоизми ёки фақат жонини сақлаб қоладиган миқдорда ейишга рухсат бериладими?

Жавоб: баъзи уламоларнинг айтишича, ундан фақат жонини асраб қоладиган миқдорда ейишига рухсат берилади, ундан тўйиб емайди. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра, вазиятга қараб ҳукм ўзгаради. Агар инсон кейинчалик ҳалол нарса топишини билса ёки шунга кўзи етса ёки яна зарурат туғилганда ейиши учун гўштни сақлаб қўйиш имкони бўлса, унда ҳаромдан тўйиб ейиши жоиз эмас, балки, ҳаётини сақлаб қоладиган миқдорда истеъмол қилади. Акс ҳолда, ҳаромдан тўйиб ейиши жоиз.

Ҳаромни ейишга зарурат туғилишини қандай тушуниш керак?

Жавоб: ҳаромни истеъмол қилишга зарурат туғилди деганда ундан бошқа истеъмол қиладиган нарса бўлмаслиги ва уни истеъмол қилиш билан эҳтиёж қониши назарда тутилади. Бинобарин, жон сақлаш учун бирон ҳалол нарса мавжуд бўлса ёки ҳаромни истеъмол қилган билан фойда бермаса, жонни асраб қолиш имконсиз бўлса, у ҳолда ҳаромни истеъмол қилиш жоиз эмас.

Инсон оч қолганида ўлимтикдан бошқа егани нарса топмаса, уни ейиш жоиз ва шу билан зарурат барҳам топади.

Ҳаром нарса билан даволанишга мажбурий ҳолат дейилмайди. Бунинг иккита сабаби бор:

1 – хаста дорисиз ҳам тузалиши мумкин, бинобарин, мажбурий ҳолат юзага келмаган бўлади;

2 – хаста ҳаромни истеъмол қилиб, тузалмаслиги мумкин, бинобарин, бу билан мажбурий ҳолатга барҳам берилмайди.

Шунинг учун авом инсонларнинг «инсон мажбур бўлса, ҳаром билан даволаниши мумкин» деган гапи нотўғри гап. Дарҳақиқат, уламолар (уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) ҳаром нарса билан даволаниш ҳаромлигини очиқча айтганлар.

  1. Банда шариатда буюрилган ишни қилишга қодир бўлсагина, бу иш унга вожиб бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда «нимага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча бажаринг», дедилар.

Савол: ҳадисдаги бу ибора одамларга енгиллик яратиш учун айтилганми ёки оғирликми? Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Қодир бўлганингизча Аллоҳдан тақво қилинг» [Тағобун: 16] деган сўзичи?

Жавоб: мазкур ибора икки хил маъно ифода этиши мумкин:

1) «Қодир бўлганингизча вожиб амалларни бажаришингиз, модомики қодир экансиз унга бепарво бўлмаслигингиз лозим».

Шунинг учун бир кишига иш буюрсангиз-у, у бу ишни қилишга қодир бўлса-да, «қодир эмасман», деса, зиммасидаги мажбурият соқит бўлмайди.

2) «Қудрат ва имконият бўлмаса ҳеч нарса вожиб бўлмайди». Мазкур иккинчи эҳтимолни Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ бандани фақат қодир бўлганига буюради» [Бақара: 286], деган сўзи қўллаб-қувватлайди.

  1. Банданинг қудрати ва имконияти бор. Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «қодир бўлганингизча» деган сўзлари далилдир. Демак, бу ҳадис «инсоннинг қудрати йўқ, у нима иш қилса мажбурдан қилади», дегувчи жабрийлар тоифасининг фикрини рад этади. Уларнинг фикрича, инсон ҳатто бармоғини ҳам ўз қудрати билан қимирлатмайди, балки у буни беихтиёр –мажбурий тарзда қимирлатади. Шубҳасиз, бу ботил бир фикр бўлиб, унинг ортидан катта-катта бузуқликлар келиб чиқади.

  2. Инсон бирор вожибни тўлиқ бажаришга қодир бўлмаса, уни қодир бўлганича бажариши лозим. Масалан, инсон аслида фарз намозни тик туриб ўқиши керак, агар қиёмга қодир бўлмаса, у ҳолда ўтириб ўқийди.

Шу ўринда бир масала бор: бир киши тик туриб намоз ўқишга қодир бўлса-ю, бироқ рукуга қадар тик туришга қодир бўлмаса, бошқача қилиб айтганда, бир-икки дақиқа қиёмда тургач, чарчаб, ўтириб қолса, мазкур ҳолатда қай бири афзал: намозни ўтирган ҳолда бошлаб, сўнг рукуга яқин қолганда ўрнидан турганими ёки намозни тик турган ҳолда бошлаб, сўнг чарчаса, ўтириб олганими?

Жавоб: очиғи, бу масалада мен бир тўхтамга келолганим йўқ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшлари ўтиб, оғирлашиб қолганларида тунда намозни ўтириб бошлар, бир-неча оят қолганида ўринларидан туриб ўқир, сўнг руку қилар эдилар[2]. Бу ҳадис аввало намозни ўтирган ҳолда бошлаб, сўнг рукуга яқин тик туриш лозимлигига далолат қилади.

Лекин бу ҳукмга эътироз қилинадиган жойи бор. Чунки инсон нафл намозни ўтириб ўқиши, рукуга яқин қолганида ўрнидан туриб, руку қилиши жоиз.

Фарз намозларни эса аслида тик туриб ўқиш лозим. Шунинг учун «намозни туриб ўқинг, агар чарчаб қолсангиз, ўтириб олинг», деймиз.  Чунки инсон қиёмнинг бошидан охиригача тик туришга қодир эмасман деб ўйлаши, аслида эса тура олиши мумкин. Шунинг учун ҳозир қодир бўлган ишингиздан, яъни қиёмдан бошланг деймиз. Кейин қиём асносида ожизлик ҳис қилсангиз, ўтириб олинг. Шу фикр тўғрироқ бўлса керак.

Лекин мен масжидларда кекса ва хаста инсонларнинг намозни аввало ўтириб бошлашларини, сўнг рукуга яқин тик туриб ўқишларини кўраман. Мен уларнинг ишини инкор қилмоқчи эмасман. Чунки менда «намозни тик туриб бошласин, сўнг чарчаса, ўтириб олсин» деган қатъий гап ёки бирон далил йўқ. Шундай бўлса-да, қоидалар ожиз инсон аввало намозни тик туриб бошлаши, сўнг чарачаса, ўтириб олиши лозимлигини тақозо қилади.

  1. Ҳадисдаги «нимага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча бажаринг» деган сўздан хулоса қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини эшитган инсон «бу буйруқ вожибми ёки мустаҳаб?», деб сўраб ўтирмасдан бажаравериши лозим. Негаки, биз Аллоҳ ва Расулининг амрига буйсунувчи бандалармиз.

Бироқ Аллоҳ ёки Расулининг амрига хилоф қилган инсон бу буйруқнинг вожиб ёки мустаҳаблигини суриштириши жоиз. Негаки, вожибни тарк қилгани учун банда тавба қилиши вожиб бўлса, мустаҳабни тарк қилгани учун тавба қилиши вожиб эмас.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ёки қайтарган ишлар гарчи Қуръонда бўлмаса ҳам шариатдир. Бинобарин, Қуръонда келмаган, балки суннат билан собит бўлган буйруқ ва қайтариқларга ҳам амал қилинади.

Албатта, бу ҳукм батафсил ҳукмларга тегишлидир. Чунки суннатда келган айрим ҳукмлар Қуръонда батафсил баён қилинмаган. Бироқ Қуръонда умумий тарзда суннатга эргашиш вожиблиги тўғрисида оятлар бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Расулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади» [Нисо: 80].  «Шундай экан, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз» [Аъроф: 158]. Демак, Қуръон суннатнинг амал қилиш вожиб бўлган шариат эканига далолат қилади. Бу ўринда суннатда келган ҳукмнинг Қуръонда ҳам зикр қилингани ёки қилинмаганининг аҳамияти йўқ.

  1. Кўп савол-сўроқ қилиш, айниқса, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, қиёмат кунидаги ҳолатлар каби шариат маълум қилганидан ортиқчасини билиш имконсиз бўлган ғайб масалалари тўғрисида кўп савол-сўроқ қилиш ҳалокат сабабидир. Шунинг учун бу каби мавзуларга чуқур кирманг, акс ҳолда ҳалок бўласиз.

Аммо одамлар кундалик ҳаётларида билишга муҳтож бўладиган фиқҳий масалалар тўғрисида савол сўрашнинг зиёни йўқ. Агар бу саволларга ҳожат бўлмаса, лекин сўровчи толиби илм бўлса, сўрашининг зарари йўқ, чунки толиб келажакда фатво беришга ҳозир туриши керак. Толиби илмлардан бошқалар эса айни пайтда масаланинг ҳукмини билишга муҳтож бўлмасалар, кўп савол-сўроқ қилмасликлари лозим.

  1. Собиқ умматлар кўп савол-сўроқ қилиш, пайғамбарларига кўп эътироз ва ихтилоф қилиш сабабли ҳалокатга учрадилар.

  2. Пайғамбарларга эътироз билдириш, уларнинг шариатида ихтилоф қилишдан огоҳ бўлиш лозим. Мусулмон киши пайғамбарларга мувофиқ иш қилиши, уларни ўзига пешво, Аллоҳ ўз рисолати билан иззат-икром қилган бандалар деб эътиқод қилиши лозим. Пайғамбарларнинг хотимаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб, Аллоҳ у зотни бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборди. У зотнинг шариати Аллоҳ ўз бандаларига раво кўрган ислом динидир. Аллоҳ таоло бирор кимсадан исломдан бошқа динни қабул қилмас. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ наздидаги мақбул дин исломдир» [Оли Имрон: 19]. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин!

[1] Бухорий (6777) ва Муслим (1337) ривояти.
[2] Бухорий (1068) ва Муслим (731) ривояти.

Изоҳ қолдиринг