Исломда гаровга қўйиш борми?

0

Савол:

Исломда гаровга қўйиш борми?

Гаровга қўйилган нарсадан фойдаланиш рибога кирадими?

Масалан, бир шахсга пул керак. Бошқа бир шахсдан мошинасини гаровга қўйиш эвазига қарз олса ва қарз берган одам мошинадан фойдаланиб турса рибо бўладими? Агар қарздор бунга ўзи рози бўлиб шартлашиб ҳақдордан қарзни олса ва кейинчалик қарзни бераётган вақтда мошинасини аввалги ҳолидек қайтарса, яъни зарарини тўласачи?

Бу иш “фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир”, деган қоида остига кирадими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Ислом динимизда савдо-сотиқ ёки бошқа олди-берди муносабатларда гаровга нарса қўйишга рухсат берилган. Бунга Қуръон, суннат ва уламоларнинг ижмоси далил бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига) қўлингизда (ҳузурингизда) турадиган гаров олинг!” [Бақара:  283].

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совутлари гаровда бўлган ҳолда вафот этдилар” [Бухорий:  2915 ва Муслим:  1603].

Уламолар сафарда гаров олиш жоизлигига ижмо қилганлар, жумҳур уламолар эса унга муқимликда ҳам рухсат берганлар.

Гаровга қўйилган нарсадан фойдаланиш ҳукми:

Биринчидан:

Гаровга қўйган кишининг рухсатисиз гаровдан фойдаланиб бўлмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир кишининг мол-мулки унинг розилигисиз ҳалол бўлмайди”, деганлар [Аҳмад: 20172. Шайх Албоний “Ирвоул ғалил”, (5/279) китобида саҳиҳ деган].

Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бир мусулмоннинг қони, мол-мулки ва номуси бошқа мусулмонга ҳаром” [Муслим:  2564], яъни уларга тажовуз қилиш,  мусулмон биродарининг мол-мулкини унинг изнисиз олиш ҳаром деганлар.

Иккинчидан:

Агар гаров эгаси гаровга қўйилган нарсадан фойдаланишга рухсат берса-ю, бироқ гаров қарз эвазига берилган бўлса, у ҳолда бундай гаровдан фойдаланиш жоиз эмас. Негаки, бу шариатимизда қайтарилган фойда келтирадиган қарз турига киради.

Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади: “Фойда-манфаат келтирадиган ҳар қандай қарз рибонинг бир туридир”.  Ибн Масъуд,  Ибн Аббос,  Абдуллоҳ ибн Салом ва бошқаларнинг шу маънодаги сўзлари ривоят қилинган. Шунингдек, Умар ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумодан ҳам ривоят қилинган” [“Сунани суғро”,  4/353].

Учинчидан:

Гаровга қўйилган нарса қарз учун берилмаган, балки товар пули, ижара ҳақи ёки шунга ўхшаш олди-бердилар (молиявий мажбуриятлар) эвазига берилган бўлса ҳамда гаров эгаси ундан фойдаланишга рухсат берса гаровдан фойдаланса бўлади,  бунинг зиёни йўқ.

“Мудаввана”,  (4/149) китобида шундай дейилган:

“Суҳнун айтади: “Мен Ибн Қосимга дедим: “Гаров қўлида турган киши гаровдан фойдаланишни шарт қилиши мумкинми?”. У:  “Агар савдо-сотиқ мақсадида берилган гаров бўлса жоиз. Агар қарз учун берилган бўлса жоиз эмас. Чунки бу фойда-манфаат келтирадиган қарз бўлиб қолади”, деди. “Бу имом Моликнинг фикрими?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деб жавоб берди”.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Гаровга қўйилган нарса ҳовли-жой ва буюмлар каби боқишга, қаровга муҳтож бўлмайдиган нарсалардан иборат бўлса, ундан ҳар қандай ҳолатда ҳам эгасининг рухсатисиз фойдаланиш жоиз эмас. Бу борада уламолар ўртасида хилоф борлигини билмайман. Чунки гаровга қўйилган нарса гаровга берган кишининг мулки бўлиб, унинг фойдаси ҳам уники саналади. Бошқа бирон киши унинг рухсатисиз ундан фойдаланишга ҳаққи йўқ.

Гаров эгаси гаров қўлида бўлган кишига бирон эвазсиз гаровдан фойдаланишга рухсат берса ва у қарз учун берилган бўлса ундан фойдаланиш жоиз бўлмайди. Чунки бу фойда-манфаат келтирадиган қарзга сабаб бўлади.  Ҳолбуки, бу ҳаромдир. (Имом) Аҳмад айтади: “Ҳовли-жойларни қарзга беришни макруҳ (ҳаром) деб биламан.  Негаки, у рибонинг айни ўзи”. Имом Аҳмад ҳовли-жой қарз учун гаровга берилиб,  ундан гаров қўлида бўлган киши (қарз берувчи) фойдаланишини назарда тутган.

Агар гаровдаги нарса товар пули, ижара ҳақи ёки қарздан бошқа молиявий мажбурият учун берилган бўлса ҳамда гаров эгаси ундан фойдаланишга рухсат берса, у ҳолда ундан фойдаланиш жоиз бўлади” [“Муғний”,  4/250].

Тўртинчидан:

Гаровга қўйилган нарсадан фойдаланиш молиявий мажбурият муддатини кечиктириш эвазига бўлмаслиги шарт. Агар гаровдан фойдаланиш молиявий мажбуриятни кечиктириш эвазига бўлса, у ҳолда ундан фойдаланиш жоиз бўлмайди. Негаки, бу фойда-манфаат келтирадиган қарз жумласидан бўлиб қолади.

Саудия доимий фатво қўмитасига қуйидагича савол йўлланган эди:

“Бир кишининг қарзи бор. У қарзи эвазига бир ерни гаровга қўйган. Қарз берган киши қўлида гаровда турган ердан унга экин экиш ёки уни ижарага бериш каби ишларда фойдаланса бўладими?”

Жавоб: “Агар гаровга қўйилган нарса буюм ёки кўчмас мулк: ер ва ҳовли-жой каби боқув ва қаровга муҳтож бўлмайдиган нарсалардан бўлса ҳамда қарздан бошқа молиявий мажбуриятлар учун қўйилган гаров бўлса, гаров эгасининг рухсати билан ундан фойдаланиш жоиз. Чунки бу ер унинг мулки ҳисобланиб, ундан келадиган фойда гаровга қўйган кишиники саналади.

Гаровга қўйган киши ушбу ердан фойдаланишга рухсат берса ва у қарздан бошқа молиявий мажбурият учун берилган бўлса, гаров қўлида бўлган киши гаровдан бирон эвазсиз бўлсада фойдаланса бўлади. Модомики, молиявий мажбуриятни кечиктириш эвазига бўлмаса бўлди. Борди-ю, гаровдан фойдаланиш  молиявий мажбуриятни кечиктириш эвазига бўлса, у ҳолда ундан фойдаланиш жоиз бўлмайди.

Аммо ушбу ер қарз эвазига қўйилган гаров бўлса гаровдан ҳар қандай ҳолатда ҳам фойдаланиш жоиз бўлмайди. Зеро, уламолар ҳар қандай фойда-манфаат келтирган қарз рибо эканига ижмо қилишган” [“Доимий фатво қўмитаси фатволари”,  14/176-177].

Хулоса қиладиган бўлсак, гаровга қўйилган нарсадан фойдаланиш қуйидаги шартлар билан жоиз бўлади:

1-  Гаров қарздан бошқа молиявий мажбуриятлар эвазига қўйилган бўлиши.

2-  Гаров эгасининг рухсати.

3-  Гаровдаги нарсадан фойдаланиш молиявий мажбурият муддатини кечиктириш эвазига бўлмаслиги.

Агар мазкур шартларнинг бири бўлмаса гаровдан фойдаланиш жоиз бўлмайди,  валлоҳу аълам.

Ушбу фатвони тайёрлашда IslamQA веб саҳифасидан фойдаланилди.

Гаров ҳақида янада тўлиқроқ маълумот олиш учун қуйидаги веб саҳифага мурожаат қилишингиз мумкин: http://www.islamnuri.com/kitoblar/fiqhiy-masalalar/savdo/13.

Изоҳ қолдиринг