Ит сўлаги ва қоннинг ҳукми

0
  1. Итнинг сўлаги:

Итнинг сўлаги нажосатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар ит идишдан сув ичса идишни тозалаш йўли уни етти марта, (жумладан) биринчисини тупроқ билан ювишдир[1]. Ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “тозалаш йўли” деган сўзлари, шунингдек, ит теккан идишни ювишга, айрим ривоятларда эса ит теккан идишдаги сувни тўкиб юборишга буюришлари унинг сўлаги нажосат эканига далолат қилади. Ит теккан идишни тозалашга келсак, бу ҳақда келгусида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

  1. Қоннинг ҳукми:

Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, ҳайз қони бошқа қонлардан фарқ қилади. Зеро, ҳайз қони нажосатдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Хавла бинти Ясор розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, мени бир дона уст-бошим бор ва шу уст-бошимда ҳайз кўраман”.  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар ҳайздан пок бўлсанг, қон теккан жойларни ювиб, шу уст-бошинг билан намоз ўқийвер”. “Башарти изи кетмаса-чи?” – сўради Хавла. “Сув билан ювишинг кифоя, (кийимингда) қон асорати қолишининг зиёни йўқ” – жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”[2].

Ҳайз қонидан бошқа қонларга келсак, у жонлиқни сўйганда оқадиган қонми ёки бошқа бўлишидан қатъий назар тоза ҳисобланади[3]. Абу Довуд ва Ибн Хузайма Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда “мусулмонлардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни қўриқлаб турган жойида намоз ўқийди. Шунда мушриклардан бири келиб, унга камондан ўқ узади. Отилган ўқ унинг танасига санчилади. У эса ўқни танасидан суғуриб ташлаб, намозини давом эттираверади. Бу ҳолат уч бор такрорланади…[4].

Ушбу ҳадис қон нажосат эмаслиги, шунингдек, таҳоратни ҳам бузмаслигига далолат қилади. Негаки, қон нажосат бўлганида мазкур саҳобий намоздан чиққан бўлар эди. Саҳобаларда бу каби ибодатнинг дуруст бўлишига таъсир кўрсатадиган ишлар ҳақида сўраб-суриштиришга кучли интилиш бўлишига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳодисадан бехабар қолган бўлишлари эҳтимолдан йироқдир.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мусулмонлар таналарида жароҳатлар бўлсада намоз ўқийверар эдилар[5].

Аслида барча нарсалар, модомики нажосатлигига саҳиҳ далил бўлмаса, пок ва тозадир. Қоннинг нажосат эканига бирон очиқ далил йўқ. Аллоҳ таолонинг “Айтинг: “Менга ваҳий қилинган нарса (Қуръон)да ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман.  Фақат бундан ўлакса ё тўкилган қон  ёки тўнғиз гўшти истисно бўлиб, албатта у нажасдир” [Анъом: 145], деган сўзига келсак, ундаги “албатта у нажасдир”, деган сўздан мақсад – энг сўнг зикр қилинган нарса: тўнғиз гўштидир.

Эслатма:

Имом Нававий, Қуртубий ва бошқалар китобларида қоннинг нажосат эканига уламолар ижмо қилганини зикр қилганлар. Дарҳақиқат, Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ мазкур уламоларнинг даъвосига эътироз билдириб шундай дейди: “…Қоннинг нажосат эканига уламолар иттифоқ қилишган, деган даъво юқорида ўтган нақлий далиллар билан бекор бўлади. Асл қоидага биноан барча нарсалар аслида тозадир. Бу қоидага хилоф қилиш учун саҳиҳ далил лозим. Модомики, бу борада бирон далил келмаган экан асл қоидага риоя қилиш вожибдир[6].

Қолаверса, Сиддиқ Ҳасанхон, Шавконий ва Ибн Усаймин роҳимаҳумуллоҳлар ҳам қон нажосат эмас, деган фикрни ёқлаганлар[7].

Ундан ташқари, Имом Нававий юқорида зикр қилинган Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни қон таҳоратни бузмаслигига далил қилади[8]. Биз айнан шу ҳадисни ўзини қоннинг нажосат эмаслигига далил қилишимиз мумкин. Чунки саҳобий танасидаги жароҳатдан қон оқишига қарамай намозини давом эттираверди.

[1] Муслим (27), Абу Довуд (71), Термизий (91), Насоий (1\ 177-178) ва Ибн Можа 364) ривоят қилганлар. Баъзи ривоятларда “(еттитадан) бирини”, бошқа бир ривоятда эса “еттинчисида (тупроқ билан ювинглар)” дейилган. Шунингдек, мазкур ҳадисни айрим жузъий фарқлар билан Бухорий (172), Абу Довуд (73) ва Насоий (1\ 52)  ҳам ривоят қилганлар.

[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (365), Аҳмад (2/364, 387) ва Байҳақий (2/408) ривоят қилишган. Ҳадис ровийлари орасида ўзи ишончли бўлсада, умрининг охирида “мухталит” бўлган, яъни хотираси ёмонлашган Ибн Лаҳийъа бор. Байҳақийнинг ривоятидан маълум бўлишича, ҳадисни Ибн Лаҳийъадан Абдуллоҳ ибн Ваҳб ривоят қилган. Маълумки, Абдуллоҳ ибн Ваҳб ундан ҳадисларни хотираси ёмонлашидан олдин олган. Шу боис ҳадис саҳиҳ саналади.

[3] Уламолар олд ва орқа авратдан чиққан қоннинг нажосат эканига иттифоқ қилганлар. Бироқ инсон танасининг бошқа жойларидан чиққан қон хусусида ихтилоф қилганлар. Жумҳур уламолар, жумладан, тўрт мазҳаб имомлари наздида бундай қон нажосат саналади. Ҳаттоки бир қанча уламолар унинг нажосат эканига уламолар иттифоқ қилганини нақл қилишган. Айрим мутааххир уламоларнинг фикрича, олд ва орқа авратдан бошқа жойлардан чиққан қон тозадир. Ҳар икки томон ўз фикрларини исботлаш учун бир қанча кучли ва қониқарли далиллар зикр қилишган. Шундай бўлсада жумҳур уламолар билдирган фикр эҳтиёт юзасидан амал қилишга ҳақлироқдир, валлоҳу аълам (Тарж).

[4] Ҳасан. Абу Довуд (198), Аҳмад (3/343) ва Ибн Хузайма (36) ривоят қилишган.

[5] Саҳиҳ. Бухорий (1/346) муаллақ ҳолда ривоят қилган. Ушбу муаллақ  асарни Байҳақий “Сунани кубро”да (1/141), Ибн Абу Шайба (1/1128) ва Абдурраззоқ (1/145) “мавсул”, яъни санади уланган ҳолда ривоят қилганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да  (1/382) асарни саҳиҳ деган.

[6] Қаранг: “Ас-саҳиҳа”, 301-ҳадисга ёзилган изоҳ.

[7] Қаранг: Сиддиқ Ҳасанхоннинг “Ар-равзотун надиййа” (1/39) ва Ибн Усайминнинг “Аш-шарҳул мумтеъ” (1/375).

[8] Қаранг: “Ал-мажмуъ” (2/55).

Изоҳ қолдиринг