Ит ёки мушук суйкалган кийим қандай покланади?

0

Савол:

Ассалому алайкум. Мен Кореяда сут фирмасида ишлайман. У ерда ит ва мушуклар кўп, келиб кийимга суйкалади. Шунга билмоқчи эдим, ит ёки мушук суйкалган кийим қандай покланади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, ит нажосатдир. Шунга биноан, агар ит қуруқ ҳолатда кийимга суйкалса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки қуруқ нажосат қуруқ кийимга тегса таъсир қилмайди. Агар итнинг бадани ҳўл бўлса ёки кийимга итнинг сўлаги ёки мишиғи тегса, унда ҳам жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, кийим дастлаб тупроқ билан, сўнг етти марта сув билан ювилади. Бунга имом Муслим (279) ривоят қилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадиси далил бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ит биронтангизнинг идишидан тили билан сув ичса, идишдаги сувни оқизиб юборсин. Сўнг у идишни етти марта ювсин” – дедилар.

Баъзи уламолар итнинг сўлаги ҳам, ўзи ҳам нажас эмас, дастлаб тупроқ билан, сўнг етти марта сув билан ювиш итнинг сўлаги ёки мишиғи теккан идишга тегишли, дейишган. Бу фикрга кўра, ит қандай ҳолатда тегса ҳам кийимни нопок қилмайди. Ҳар икала томон ўзига яраша асосли далиллар келтиришган.

Мушук эса нажас эмас, яъни қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, кийимга тегса уни нопок қилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бу (яъни мушук) нопок эмас. Бу сизларнинг атрофингизда юрадиган ҳайвонлардан” – (Абу Довуд (75), Термизий (92) ва Насоий (68) ривояти) деган сўзлари далил бўлади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг