Қиёмат аломатлари: Муқаддима (2)

0

Охират кунига иймон келтиришнинг аҳамияти катта бўлгани боис Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда уни жуда кўп зикр этди, унга ҳужжатни қойим қилди, унга далолат қиладиган далилларнинг турфа хилини келтирди ва у далилларни батафсил баён этиб, уларни фитрат ва ақл билан боғлади, уни инкор қилувчиларга турли мисол ва далиллар билан жавоб қайтарди, бу Куннинг келишини таъкидлаш учун пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўзининг номи билан қасам ичишга буюрди. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Аллоҳга кофир бўлган кимсалар ўлганларидан кейин қабрларидан асло чиқарилмасликларини даъво қилдилар. (Эй Пайғамбар!) Сиз уларга айтинг: “Йўқ, Роббимга қасамки, сизлар, албатта, (тирилиб), қабрларингиздан чиқариласизлар, сўнг (дунёда) қилган ишларингизнинг хабарини эшитасизлар. Бу Аллоҳга жуда осондир” (Тағобун сураси, 7).

Бунга далолат қиладиган матнлар жуда кўп бўлиб, мақсадимиз бу ерда уларни батафсил, бирма-бир санаб ўтиш эмас, балки охират кунига иймон келтиришнинг аҳамиятини ва бу иймоннинг инсонга таъсирини баён этишдир.

Охират ғайб ишларидан бўлгани сабабли, у кунга иймон келтиришлари учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло талай ишлар билан бандаларига ёрдам берди. Ғайбнинг ҳиссий ишларга боғланиши шу ишлар жумласидан. Зеро, ғайб ҳиссий ишлар билан боғланса, инсоннинг унга иймон келтириши осонлашади. Бинобарин, охират кунига иймон келтиришда ёрдам берадиган ишлардан бири қиёмат аломатларидир.

Ушбу аломат ва белгиларни билишнинг муҳимлиги охират кунига иймон келтиришнинг аҳамиятида зоҳир бўлади. Чунки қиёмат аломатлари ҳамда унинг собит бўлган саҳиҳ белгиларига иймон келтириш охират кунига иймон келтиришнинг муҳим бир қисми ҳисобланади. Охират кунига иймон келтириш эса, ғайбга иймон келтиришнинг ажралмас бўлагидир.

Қиёмат аломатлари ҳақида сўз юритиш муҳим бўлиб, айниқса, аксар одамлар охиратни унутиб, дунё ва унинг лаззатлари билан машғул бўлиб юрган бу даврда унинг аҳамияти янада ортади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, одамлар ўз кўзлари билан қиёматнинг ҳиссий аломатларини кўришлари уларни қўрқувларига қайтаради ва ғафлат уйқуларидан уйғотади.

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар (Аллоҳ таоло барчаларини раҳматига олсин) шундай деганлар: «Аломатларни (қиёматдан) олдинга суриш (тақдим этиш) ва одамларга уларни кўрсатишдан кўзланган ҳикмат одамларни уйқуларидан уйғотиш ва нафсларини тавба ва Аллоҳга қайтариш учун бир танбеҳ – огоҳлантиришдир. Тадорик кўрмаган ҳолларида қиёмат тўсатдан бошларига келиб қолмаслиги учун одамлар қиёмат аломатларини кўриб, ўзларининг ҳолатларига бир назар ташлаб олишлари, дунёдан узилиб, тайинлаб қўйилган Куннинг келишига тайёргарлик кўришлари керак бўлади, валлоҳу аълам»[1].

Аллоҳ таоло мени ушбу муҳим мавзуда ёзишга муваффақ қилар экан, бу мавзунинг аҳамияти қуйидаги нарсаларда зоҳир бўлишини эслатиб ўтмоқчиман:

  1. Одамларнинг – айниқса, бу замонда – қиёмат аломатларини билишга бўлган эҳтиёжлари. Шояд бу уларнинг ахлоқларини (юриш-туришларини) яхшилик йўли ва қайтиш кунига тайёрланиш томон бурса.

  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган, улардан бири қиёмат аломатлари ҳисобланган ғайбий ишларга шак-шубҳа билан қарайдиган баъзи муаллифларнинг асримизда пайдо бўлиши ва бу нарса ақлга зид дея даъво қилишлари. Уларнинг ушбу арзимас ҳужжатлари ғайбга иймон келтирмасликларига, Аллоҳ ва Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берган хабарларини улуғламасликларига, кўзга илмасликларига далолат қилади.

[1] «Тазкира» (2/732).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг