Қиёмат аломатлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барча нарсаларга иймон келтиришнинг вожиблиги (2)

0

Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга итоат этиш ўй-у шаҳватларга ташлаб қўйилмади, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига машруъ қилган ишларда у кишига эргашишга боғлаб, бириктириб қўйилди. «Муҳаммадун Расулуллоҳ (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир)» деб гувоҳлик беришнинг тақозоси айнан мана шудир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳидоят ва мағфиратга эришишни у зотга эргашиш ва суннатларини маҳкам тутиш асосида тайин қилди ва бу иккаласини Аллоҳ таолога бўлган чин муҳаббатнинг аломатлари қилиб қўйди. Аллоҳ азза ва жалла айтади: …(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқланглар ва ана шу) пайғамбарга эргашинглар, (у сизларга буюраётган Аллоҳга тоат-ибодат қилиш ҳақидаги буйруқларни маҳкам тутинглар!) Шояд, тўғри йўлга йўлланишга муваффақ бўлсангизлар(Аъроф сураси, 158). Яҳуд ва насоролар ўзларини Аллоҳнинг фарзандлари ва суюкли кишилари эканларини даъво қилишгач, муҳаббат ояти нозил қилинди. У Аллоҳнинг қуйидаги сўзидир: “Айтинг (эй Пайғамбар): “Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсанглар, менга эргашинглар (ва зоҳиру ботинда менга иймон келтиринглар), шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Шубҳасиз, У (мўмин бандаларининг) гуноҳларини кечирувчи ва (уларга) раҳмли Зотдир”. (Эй Пайғамбар,) «Аллоҳга (Унинг Китобига эргашиш билан) итоат қилинглар, Пайғамбарга эса (тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам суннатларига эргашиш билан) итоат қилинглар!» деб айтинг. Агар (сиздан) юз ўгиришса (ва ўз куфру залолатларида қайсарлик билан давом этишса, улар Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ бўлмайдилар). Зеро, Аллоҳ кофирларни ёқтирмайди” (Оли Имрон сураси, 31-32-оятлар).

Шубҳасиз, бандаларга вожиб бўлган нарсалардан бири уларни яратган ва чексиз неъматларга буркаган Рабларини севишдир. Лекин бу муҳаббатнинг ҳосил бўлиши ва Парвардигор тарафидан қабул этилиши ушбу олийжаноб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш орқали амалга ошади. Аллоҳ таоло у кишига эргашишнинг мукофоти ўлароқ ўша бандага Ўзининг муҳаббати ва мағфиратини тортиқ қилди. Аммо ушбу эргашишнинг аломати у кишига итоат қилишда, юрган йўлларидан юришда, юриш-туришида, ишларида ва ибодатларида у кишига эргашишда, у киши қайтарган барча нарсалардан четланишда, у зотга хилоф қилмасликда, у кишидан ўрнак олувчилар сафидан чиқиб қолишдан ҳазир туришда намоён бўлади. Чунки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга ушбу комил динда шариат қилиб берган нарсалари билангина У Зотга бўйсунишимиз ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишимизни ибодат деб атади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга ибодат ва қурбат ҳосил қилиш мақсадида У Зот бандаларига ато этган пок неъматлардан юз ўгирган кишиларнинг бу қилмишларини рад қилиб, шундай деган эдилар: «…Аммо, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларнинг орангизда Аллоҳдан энг қўрқувчироқ ва У Зотга тақвоси энг кўп бўлганингизман. Лекин мен рўза тутаман ва оғзим очиқ ҳам юраман, намоз ўқийман ва ухлайман ҳам, аёлларга ҳам уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан бош тортса, мендан эмасдир»[1].

Бугунги кунда аксарият мусулмонларнинг аҳволи борасида фикр юритган киши улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашишни тарк қилганларини, ҳатто суннатни билмаганлари ва ундан узоқликлари сабабли суннат улар учун ғаройиб ва тан олинмайдиган амалга айланиб қолганини кўради. Улар бу суннатларни асли йўқ бўлган, Аллоҳнинг китобида ва Пайғамбарининг ҳадиси шарифларида бирор далили келмаган бидъатларга алиштирдилар, мана шуларни ўзларига дин қилиб олдилар. Бу нарса уларнинг ўлчамларида акс этиб, ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ, яхшиликни ёмонлик, ёмонликни эса яхшилик сифатида кўра бошладилар. Буларнинг асосий сабаби илмлари оз ва суннатдан бехабар бўлганларидир. Уларнинг ҳаётида Исломнинг фақат исми, Қуръоннинг фақат сурати қолган. Ҳатто ҳолат бора-бора ширкка тушиб қолишгача бориб етди. Бу нарса талай мусулмон юртларда кўриб турилибди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳаққи бўлган ибодатни қабр эгаларига йўналтириш, ўзлари ҳақли бўлмаган ва қўлларидан келмайдиган ишларда уларни Аллоҳга шерик қилиш урфга айланиб қолди. Мана шу Аллоҳ ҳеч қачон кечирмайдиган катта ширкнинг айни ўзидир.

Иймоннинг асослари ва шартларидан бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган барча нарсани қатъий тасдиқлаш, хабар берган барча нарсаларининг тўғри эканига таслим бўлиш ва у киши рисолатни тўла етказган деб билишдан иборатдир. Чунки у зот келтирган барча нарса Аллоҳ тарафидан юборилган ваҳийдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нафси ҳавосидан келиб чиқиб гапирмайди, балки унинг сўзлари унга билдирилган ваҳийдир, холос” (Нажм сураси, 3-4-оятлар).

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида яна шундай дейди: “У (сўзда ҳам, амалида ҳам фақат) ростликни (ҳақни) келтирган, (иймон ва амали билан) бу нарсани тасдиқлаган (пайғамбар)дир. (У ва унинг издошлари) барча тақво хислатларини ўзларида жамлаган зотлардир” (Зумар сураси, 33).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари Қурайш у кишини ростгўй-ишончли зот деб атар, “амин” дея чақирар эди. Бинобарин, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барча нарсада у кишини тасдиқлашимиз биз учун вожибдир. Ким у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган бирор нарсани рад қилса ва у кишини ёлғончига чиқарса, унинг ушбу рад қилиши хоҳ нафсу ҳавосига, хоҳ ҳукми бекор бўлган шариатга, ё ўтганларнинг фалсафасига, ёки амалий фанларга эргашиш ортидан бўлсин, фарқи йўқ, у кофирдир. Ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деяптилар: «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирор кимса, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ насроний, мен ҳақимда эшитса-да, сўнг мен олиб келган бу динга иймон келтирмасдан вафот этса, аниқки, у дўзах аҳлидан бўлибди»[2]. Шундай экан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлари саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган ҳар бир ҳодисага иймон келтириш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Мана шу у кишини Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик беришни амалга оширишдан саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейин бўлишини башорат қилган барча хабар у зот хабар берганидек амалга ошди. Бу эса у кишининг мўъжизалари ва пайғамбарлигининг далилларидандир.

Муваффақуддин деб танилган Абу Муҳаммад Мақдисий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исро ва Меърож ҳақидаги ҳадис каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ва у зотдан саҳиҳ асарлар билан нақл қилинган, биз унга гувоҳ бўлган ёки бўлмаган, бизнинг ақлимиз етгану етмаган, гарчи маъносининг ҳақиқатини англай олмаганимиз барча нарсага иймон келтиришимиз, тасдиқлашимиз, унинг ҳақ ва рост эканини билишимиз вожибдир. Шунингдек, Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссалом тушиб, уни ўлдириши, Яъжуж ва Мажужнинг чиқиши, ер ҳайвони – доббанинг чиқиши, тонгнинг кунботардан отиши ва шу каби саҳиҳ асарлар билан нақл қилинган қиёмат аломатлари ҳам шу жумладандир»[3].

[1]Бухорий (4776), Муслим (1401), Насоий (3217), Аҳмад (3/241) ривоятлари.

[2]Муслим (153), Аҳмад (2/350) ривоятлари.

[3]«Лумъатул эътиқод» 43-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг