Қиёматнинг кичик аломатлари: Пайғамбарлик даъво қиладиган алдоқчи ва каззоблар чиқиши (1)

0
  1. Пайғамбарлик даъво қиладиган алдоқчи ва каззоблар чиқиши

    Қиёмат аломатларидан яна бири пайғамбарлик даъво қилиб, беҳуда чўпчаклари билан фитна қўзийдиган ёлғончи, каззобларнинг чиқишидир. Уларнинг адади ўттизга яқин бўлиши ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар: “Ўттизга яқин каззоблар чиқмагунча қиёмат қойим бўлмайди. Барчалари ўзини Аллоҳнинг элчиси эканини даъво қилади”[1].

    Дарҳақиқат, қиёмат белгиларидан бўлган ушбу аломат рўёбга чиқди: қадим ва яқин ўтмишда талай пайғамбарлик даъвогарлари зоҳир бўлди. То бир кўзли, ғилай, каззоб Дажжол чиқмагунча яна бошқа дажжолчалар чиқиб туриши эҳтимоли ҳам йўқ эмас – Аллоҳдан унинг фитнасидан паноҳ беришини сўраймиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни хутба қиларканлар: “Аллоҳга қасамки, ўттиз нафар каззоб чиқмагунча қиёмат қойим бўлмайди. Уларнинг сўнггиси ғилай каззоб (Дажжол) бўлади”[2], дедилар.

    Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умматимдан бир неча қабилалар мушрикларга эргашиб, бут-санамларга сиғинмагунча қиёмат қойим бўлмайди. Дарҳақиқат, умматимда ўттиз нафар каззоб ўтади. Барчалари пайғамбарликни даъво қилади. Мен пайғамбарларнинг охиргисиман, мендан сўнг пайғамбар йўқ”[3].

    Чиндан ҳам ўтмишда улардан кўпчилиги пайдо бўлди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирида Яманда Асвад ал-Ансий пайғамбарлик даъво қилган, унинг диндан қайтиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида Исломдаги илк муртадлик бўлган эди[4]. У қўл остидаги жангчилари билан қўзғолон уюштириб, Яманнинг барча вилоятларини эгаллаб олди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам воқеадан хабар топгач, у ердаги мусулмонларга мактуб йўллаб, Асвад билан юзлашиш ва унга қарши жанг қилишга ундадилар. Мусулмонлар у зотнинг амрларига бўйсуниб, Асвадни ўз уйида хотинининг ёрдами билан қатл этишди. У аёлнинг эрини ўлдириб, зўравонлик билан уйланиб олган, аёл эса Аллоҳ ва Расулига (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) иймон келтирган мўмина эди. Унинг ўлдирилиши билан Ислом ва мусулмонлар зафар қозонди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб юборишди. Ўша туннинг ўзидаёқ у зотга самодан хабар келган, сўнг саҳобаларга бўлган воқеани айтиб берган эдилар. Ўша каззобнинг подшолиги уч ой давом этди. Тўрт ой давом этгани ҳам айтилади[5].

    Улардан яна бири Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадийдир. У ҳижрий 9-йилда Бани Асад қабиласи элчилари билан Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб, барчалари иймон келтиради, сўнг ортларига қайтади. Тулайҳа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида пайғамбарлик даъво қилди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Зирор ибн Азварни Бани Асад қабиласига бошлиқ этиб йўлладилар ва қавмни муртадларга қарши туришга буюрдилар. Тулайҳанинг иши орқага кетиб, заифлашди. Ҳатто уни қўлга олиб, бошини танасидан жудо қилиш қолди, холос. Қилич унга таъсир қилмагач, одамлар орасида қилич унга ўтмаслиги хабари ёйилди ва тобелари кўпайиб кетди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам улар шу зайлда давом этишди. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифа бўлгач, Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу бошчилигида қўшин юборди. Икки қўшин тўқнашди ва Тулайҳанинг қўшини мағлуб бўлди. Кейин у хотини билан Шомга қочиб кетди. Сўнг Исломни қабул қилиб, яхши мусумон бўлди. Мусулмонлар қўшини сафида Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқиб, мардонавор жанг қилди ва Наҳовандда шаҳид бўлди[6].

    Улардан яна бири Мусайлима каззоб бўлиб, Бани Ҳанифа қабиласидан бир жамоа билан ҳижрий 9-йилда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига элчи бўлиб келади. Элчилар Ямомага қайтиб кетгач, Аллоҳнинг бу душмани муртад бўлади ва пайғамбарлик даъво қилади. “Мен пайғамбарлик ишида Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шерик қилиндим”, дейди. У ўзига тунда ваҳий келишини даъво қилар эди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Холид ибн Валид, Икрима ибн Абу Жаҳл ва Шураҳбил ибн Ҳасана разияллоҳу анҳум бошчилигида қўшин юборади. Мусайлима уларни қирқ минг жангчидан иборат қўшин билан қарши олади. Ўртада шиддатли жанглар бўлиб ўтади, Мусайлима ва қўшини мағлуб бўлади. Мусайлимани Ваҳший ибн Ҳарб разияллоҳу анҳу ўлдиради. Ҳақ зафар қучиб, тавҳид байроғи ўрнатилади[7].

    (Давоми бор.)

[1]Бухорий (6704), Муслим (157).

[2]Абу Довуд (4334), Аҳмад (2/450).

[3]Термизий (2219), Абу Довуд (4252), Ибн Можа (3952) ва Аҳмад (5/278) ривоятлари.

[4]Қаранг: “Тарихут-Табарий” (3/185), “Ал-комил фит-тарих” (2/337).

[5]Қаранг: “Тарихут-Табарий” (3/231), “Ал-комил фит-тарих” (2/338), “Ал-мухтасар фи ахборил башар” (156-157-бетлар), “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/307-309).

[6]Қаранг: “Тарихут-Табарий” (3/261), “Ал-комил фит-тарих” (2/343-348).

[7]Қаранг: “ Тарихут-Табарий ” (3/272), “Ал-комил фит-тарих” (2/361-362), “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/323-327).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг