Қиёматнинг кичик аломатлари: Пайғамбарлик даъво қиладиган алдоқчи ва каззоблар чиқиши (2)

0

(Давоми)

Улардан яна бири тағлиблик Сажоҳ бинти Ҳорис исмли аёл бўлиб, у насроний араблардан эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин пайғамбарлик даъво қилиб чиқди, ёнида қавмидан ва атрофдан кўп одамлар жамланди. Улар билан қўшни қабилаларга ҳужум қилиб, ҳатто Бану Тамимгача етиб борди. Улар аёл билан сулҳга келишдилар. Шу зайлда Ямомагача етиб борди, Мусайлима билан учрашиб, унинг пайғамбарлигини тасдиқлади ва Мусайлима аёлга уйланди. Мусайлима қатл этилгач, юртига қайтиб кетди ва қавми Бану Тағлиб орасида қўним топди. Сўнг Исломга кириб, яхши мусулмон бўлди. Кейин Басрага кўчиб кетди ва ўша ерда вафот этди[1].
Тобеинлар ва кейингилар замонида Мухтор ибн Абу Убайд Сақафий чиқди. Аввал-бошда ўзини шиа сифатида намоён қилди ва атрофига шиалардан катта жамоат тўплади. У Муҳаммад ибн Ҳанафийя имомлигини даъво қилар, одамларни шунга чақирар эди. Жаброил алайҳиссалом ўзига ваҳий келтираётганини даъво қилди. Кўфа ва унинг атрофларини эгаллади, Карбалода Ҳусайн ибн Алига қарши урушган Кўфадаги барчани қатл этди. У ва Мусъаб ибн Зубайр ўртасида бир қанча жанглар бўлиб ўтди. Бу жангларда Мусъабнинг қўли баланд келиб, Мухтор ўлдирилди ва бундан мусулмонлар шод бўлди[2].

Каззобларнинг яна бири Ҳорис ибн Саид бўлиб, у аввал Дамашқда художўй, обид киши суратида намоён бўлган, сўнгра пайғамбарлик даъво қилишга ўтган эди. Бу хабар халифа Абдулмалик ибн Марвон қулоғига етиб боргач, Ҳорис одамлар кўзидан ғойиб бўлди. У яширинган жойни басралик бир киши билиб олиб, ўзини унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи кишидек кўрсатди. Ҳорис одамларига бу киши қачон ҳузурига келса, киришдан ман этмасликни буюрди. Сўнг ўша басралик одам Абдулмалик ибн Марвон олдига бориб, унинг турган жойи хабарини етказди. Халифа у кишини ажамлардан ташкил топган катта қўшин билан юборди. Улар Ҳорисни қўлга олиб, Абдулмалик ҳузурига келтирдилар. Халифа Абдулмалик илм ва фиқҳ аҳлидан бўлган уламоларни ҳозирлаб, унга ваъз-насиҳат қилишларини, унинг бу иши шайтондан эканини тушунтиришларини буюрди. Лекин у даъвосидан воз кечишни истамади. Шундан сўнг Абдулмалик уни чормихга тортди[3].

Бизнинг замонамизда эса бир асрча муқаддам Ҳиндистонда Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний  исмли киши чиқиб, пайғамбарлик даъво қилди (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин). У ўзига самодан ваҳий келётганини даъво қилди. Яна, Аллоҳ унга 80 йил умр ваъда қилганини ҳам айтди. Унинг издошлари, ёрдамчилари кўпая бошлади. Кўплаб уламолар унга қарши чиқиб, раддиялар беришди, одамларга унинг каззоб, дажжол эканини баён этишди. Улардан бири буюк олим Саноуллоҳ Амритсарий бўлиб, у киши Қодиёнийга қарши ўта қаттиқ турди. Ҳатто 1326-ҳижрий йилда Қодиёний Шайх Саноуллоҳга иккалаларидан қайси бири ёлғончи, туҳматчи бўлса, Аллоҳдан унга вабо каби бирор дард бериб, биринчи бўлиб жонини олишини сўради. Орадан таҳминан 13 ою 10 кун ўтиб, Қодиёнийнинг дуоси ўзига урди. Қайнотаси унинг сўнгги лаҳзаларини бундай ёдга олади: “Унинг дарди зўрайгач, мени уйғотди. Ҳузурига кирганимда дарддан қаттиқ азият чекиб ётганини кўрдим. У менга қараб: «Менга вабо келди», деди. Кейин ўлгунига қадар бирор тушунарли гап айтмади”[4].

Шундай қилиб, содиқ ва масдуқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ададга етмагунча ана шундай майда каззоб-дажжолчалар бирин-кетин чиқиб келаверади. Сўнг охирида Масиҳ-Дажжол чиқади. Ўшанда Исо алайҳиссалом самодан иниб, Дажжол ва унинг фитнасига барҳам беради. Бу ҳақда қиёматнинг катта аломатлари ҳақида сўз юритган пайтимиз батафсил баён қиламиз, иншооллоҳ.

[1]Қаранг: “Тарихут-Табарий” (3/271-275), “Тариху Ибн Халдун” (2/874), “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/319-321).

[2]Абдулқоҳир Бағдодий. “Ал-фарқу байнал фирақ” (45-55-бетлар). “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (8/311-314).

[3]Қаранг: «Талбису Иблис» (427-430). «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (9/27-28).

[4]Эҳсон Илоҳий Заҳир. «Ал-Қодиёнийя» (155-159). Шунингдек, сайтимизнинг «Динлар ва оқимлар» бўлимидан қодиёнийлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг