Қайтар дунё: ҳижрат

0

Ҳижрат

Биз мусулмонликни даъво қиламиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳобларига эргашишимиз керак, деймиз. Аммо амал қилишга қолганда мол-дунё, фарзандлар, амал курсилари кўзга ширин кўринади-да, ота-она, маҳалла-кўй ва жамиятни баҳона қиламиз. Биз бонг уриб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларга эргашишимиз керак”, деб айтаётган гапларнинг бари қуруқ даъволигича қолиб кетмаслиги керак. Ахир қуруқ даъво билан жаннатга кирилмайди-ку, тўғрими? Аллоҳ таоло бизни тўлиқ иймонда бўлиш ва иймонни амал билан исботлашга буюрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар бизга ҳар жабҳада чинакам ўрнак бўлиши лозим. Улар юрган йўлдан борсак, улар тутган динни биз ҳам маҳкам тутсак, ана ўшандагина нажотга эришамиз. Лекин минг афсуски, бу борада уммат уларга маслакдош бўлишни ўйламаётир ва кун сайин суннатлар унутилиб бормоқда. Маълумки, Қуръон ва суннат соясида яшамаган жамият хорликка юз тутади. Суннатларнинг йўқолиб кетишига сабаб уларга амал қилинмаганидир. Ана шундай суннатлардан бири бугунги кундаги энг долзарб мавзуга айланиб қолган ҳижрат мавзусидир. Биз ҳижратга оид ҳукмларни баён қилмоқчи эмасмиз. Балки ҳижрат дегани, инсоннинг бор-будидан айрилиб қолиши эмаслигини тушунтирмоқчимиз. Буни исботлаш учун тарихга мурожаат қилиш кифоя.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни олиб келган вақтда араб олами, балки бутун башарият залолат ботқоғига ботган, жаҳолат зулматида тентираб юрар эди. Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган кимсаларни бу ботқоқдан ҳидоят бўстонига ва бу зулматдан иймон нурига чиқарди. Иймон лаззатини тотган саҳобаларнинг барчалари қиёматга қадар бутун инсониятга устоз бўлишга ярайдиган етук инсонлар бўлиб етишдилар. Кейинчалик улардан бир гуруҳи муҳожирлар деб ном олдилар. Келинг, улар қандай қилиб бу номга сазовор бўлганини билиш учун тарих саҳифаларига мурожаат қиламиз.

Олтинчи милодий аср. Араблар фисқу фасодга тўлган бир жамият ўлароқ ҳаёт кечиришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни олиб келиб, одамларни ислом динига даъват қилдилар. У кишига эргашган кишиларнинг барчасига мушриклар томонидан азиятлар ёғдирилди. Улар бу азиятларнинг иймонларига путур етказишидан қўрқар эдилар. Ва ниҳоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ зулм остида қийналаётган саҳобаларини умумий ҳижрат деб аталган Мадинага ҳижрат қилишга буюрдилар.

Саҳобаларнинг ягона мақсади Аллоҳ ва Расулини рози қилиш эди. Ҳозирги умматни ҳижрат қилишдан тўсиб турган омилларнинг барчаси саҳобаларда ҳам мавжуд эди. Туғилиб ўсган диёрга бўлган муҳаббат, юриб турган тижорат, қавмдаги обрў-эътибор, ширин фарзандлар, суюкли турмуш ўртоқ, қари ота-она, қўйингки Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилишдан бугунги кунда умматнинг кўпини тўсиб турган омиллар саҳобаларда ҳам бор эди. Бироқ улар Аллоҳ ва Расулини ихтиёр қилдилар.

وَمَنْ يُهَاجِرْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ يَجِدْ فِي الْأَرْضِ مُرَاغَمًا كَثِيرًا وَسَعَةً ۚ وَمَنْ يَخْرُجْ مِنْ بَيْتِهِ مُهَاجِرًا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ يُدْرِكْهُ الْمَوْتُ فَقَدْ وَقَعَ أَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ ۗ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا.

Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулига ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир”.

 Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ким Аллоҳ учун бир нарсани тарк қилса, Аллоҳ таоло уни тарк қилган нарсасидан кўра яхшироқ нарса билан мукофотлайди”.

Саҳобалар яшаб турган диёрларини Аллоҳ учун ташлаб чиқдилар. Натижада, Аллоҳ таоло дунё бойликларини уларнинг қўли остида қилиб қўйди, уларнинг салтанати ер куррасининг машриқу мағрибига ёйилишини ирода қилди. Ҳижрат сабабли улар ажралган мол-мулкларидан бир неча баробар кўп мол-дунёни оёқ остиларига сочиб ташлади, фосиқ дўстлар ўрнига туғишган ака-укаданда ғамхўр исломий биродарларни насиб этди. Энг муҳими, бутун дунё бойликларига алмашиб бўлмайдиган иймон лаззатини инъом этди. Лекин саҳобаларнинг ҳиммати олий эди. Берилган неъматларнинг барчасини Аллоҳ йўлида сарфладилар. Негаки, улар дунё ва ундаги матолар фоний – ўткинчи эканини аниқ билишарди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг жамоли ва уларнинг гўзал хулқли ҳабиби, насиҳатгўй муаллими, башариятнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жаннатда бирга бўлиш иштиёқи дунёдан уларни беҳожат қилган эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёдаги қилган амаллари сабабли дунёнинг ўзидаёқ жаннат башоратини берди. Улар чинакам саодатли, мурод-мақсадларига эришган кимсалар бўлдилар.

Бугунги кунда биз мусулмонлар ҳаётдан мақсадимиз нима, қаёққа қараб кетаяпмиз, кимларга тақлид қилаяпмиз, тутган йўлимизнинг охири қандай? Келинг, ушбу саволлар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Агар ният ва амалларимиз Қуръон ва суннатга тўғри келмаса, ҳозирданоқ уни тўғрилашга киришайлик. Бу борада маломатчининг маломатидан қўрқмасдан олдинга қараб қадам босишга ҳаракат қилайлик. Чунки бу хақ йўлнинг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари турибди. Энг муҳими, Раббимиз биз билан. Бизни фитналарга дучор қилувчи, динимизга амал қилишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай муҳитдан, адаштирувчи ҳамроҳлардан кеч бўлмасидан ҳижрат қилайлик. Акс ҳолда, ўзимиз ҳам адашамиз ва ўзгаларни адаштирамиз. Ёмон яшаб, ёмон хотима топишдан Аллоҳ асрасин. Аллоҳ ўзининг розилиги учун ҳижрат қилган бандасини хор қилмайди, иншааллоҳ. Биз Аллоҳга боримизни берамиз, Аллоҳ эса ваъдасига биноан бизга жаннатни беради. Зеро, Аллоҳ йўлида суюкли ва қимматбаҳо нарсаларидан воз кечган бандага бериладиган мукофот ҳам қимматбаҳо бўлади. “Қайтар дунё”, “экканингни ўрасан”, деб бежиз айтишмаган.

Изоҳ қолдиринг