Калтакесакни ўлдириш жоизми?

0

Калтакесакни ўлдириш жоизми?

Савол:

Калтакесакни ўлдирса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким калтакесакни илк зарбадаёқ ўлдирса, унга фалон-фалон савоб бўлади. Ким уни иккинчи зарбада ўлдирса унга биринчи зарбадаёқ ўлдирганнинг савобидан камроқ: фалон-фалон савоб бўлади. Борди-ю, уни учинчи зарбада ўлдирса, унга иккинчи зарбада ўлдирганнинг савобидан камроқ: фалон-фалон савоб бўлади”. Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Ким уни илк зарбада ўлдирса унга юзта савоб, ким (уни) иккинчи зарбада ўлдирса ундан (яъни илк зарбада ўлдирганнинг савобидан) камроқ, учинчи зарбада (ўлдирса) ундан (яъни иккинчи зарбада ўлдирганнинг савобидан) камроқ савоб бўлади”.

 Омир ибн Саъд отасидан ривоят қилишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам калтакесакни ўлдиришга буюрганлар ва уни “фосиқча” деб номлаганлар” (Муслим ривояти).

Шунингдек, Ибн Можа Фокиҳ ибн Муғийранинг мавлоси Соибадан ривоят қилишича, “У бир куни Ойша розияллоҳу анҳонинг уйига киради ва уйнинг бир бурчагида турган найзага кўзи тушиб: “Эй мўминларнинг онаси, буни нима қиласиз?” – дея найзага ишора қилади. “Биз у билан калтакесакларни ўлдирамиз. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланганларида ер юзида бирон жонзот қолмай ўтни ўчиришга ҳаракат қилган, фақат калтакесакгина Иброҳим ташланган ўт ўчмасин дея оловни пуфлаган экан. Шу сабаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўлдиришга буюрганлар” – дея жавоб беради Ойша розияллоҳу анҳо”. (Ибн Можа, 3222. “Завоиди Ибн Можа” китобида “Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисининг санади саҳиҳ ва ровийлари ишончли”, дейилган).

“Тарихи Ибн Нажжор” асарида Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ким калтакесакни ўлдирса Аллоҳ унинг еттита хатосини ўчиради”.

Имом Нававий шундай дейди: “Одамлар калтакесакларнинг зарарли ҳашаротлар эканига иттифоқ қилганлар” (“Шарҳи Муслим, 14\ 236).

Ҳофиз Ибн Ҳажар шундай дейди: “Ҳакимларнинг айтишича, калтакесак кар бўлади. У заъфарон бор жойга кирмайди. Шунингдек, калтакесак урғочисини оғзи воситасида урчитади ва тухум қўяди…” (Фатҳул Борий, 6\ 395).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам калтакесакни “фосиқча” деб номладилар. Негаки, “фисқ” сўзи аслида “итоатсиз, мувозанатини йўқотган” маъноларини англатади. Калтакесак инсонга ортиқча зарар ва озор бериши билан бошқа аксар ҳашаротлардан фарқ қилгани боис шундай номланди. Иброҳим алайҳиссаломга ўт пуфлашининг ўзи унинг қанчалик зарарли эканига ёрқин далилдир. Ундан ташқари калтакесак тасқара манзараси, ёқимсиз овози ва тухумининг сассиқлиги билан ҳам инсонга озор беради. Мазкур сабабларга кўра уни ҳарамда ва ҳарамдан ташқарида ҳам ўлдириш жоиздир. Бу ҳукмда эҳромда бўлган ёхуд эҳромда бўлмаган киши баробардир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Калтакесакни биринчи зарбадаёқ ўлдирган кишига икки ёки уч зарба билан ўлдирган кишидан ёки икки зарба билан ўлдирган кишига уч зарба билан ўлдирган кишидан кўпроқ савоб ваъда қилинишининг сабаби, уни тезроқ ўлдиришга тарғиб қилишдир. Негаки, бир-неча зарба билан ўлдирмоқчи бўлган киши уни қўлдан қочириши ва ўлдириш имконини қўлдан бой бериши мумкин”.

Ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, “Калтакесакни биринчи зарбадаёқ ўлдирган одамга кўп савоб берилишининг сабаб-иллати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ўлдирсангизлар чиройли ўлдиринглар” деган сўзига биноан уни чиройли ўлдиришга ҳаракат қилишдир. Қолаверса, бу яхшиликка шошилиш ҳисобланиб, Аллоҳ таолонинг “Яхши амалларда мусобақалашингизлар”, деган сўзига дохилдир”.

Эслатма: калтакесакни бевосита қўл билан ўлдириш борасида бирон саҳиҳ далил келмаган, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг