Касб-ҳунар пайғамбарлар ва саҳобаларнинг суннатидир

0

Касб-ҳунар пайғамбарлар ва саҳобаларнинг суннатидир

Дарҳақиқат, халойиқнинг энг саралари бўлмиш анбиё алайҳимуссаломлар ва саҳоба розияллоҳу анҳумлар касб-ҳунар билан шуғулланганлар, тер тўкиб меҳнат қилиб кун кечирганлар. Бу тўғрида талай оят ва ҳадислар мавжуд.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Яна (Довудга) сизларга жангда зиён етишидан сақлайдиган совут ясаш санъатини ўргатдик” [Анбиё: 80], “Ва унга темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик” [Сабаъ: 10].

Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳеч кимса қўл меҳнати (пешона тери) билан топилган таомдан кўра яхшироқ таом емаган. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг набийси Довуд қўл меҳнати билан ер (кун кечирар) эди[1].

Ҳадисда собит бўлишича, Аллоҳнинг набийси Закариё алайҳиссалом дурадгор бўлган эди[2].

Мусо алайҳиссалом ўн йил мобайнида мардикорлик қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло солиҳ кишидан ҳикоя қилиб шундай дейди: “(Эй Мусо,  агар рози бўлсанг),  менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман.  Агар ўн йилни тўлдирсанг (яъни тўла ўн йил ишлаб берсанг),  сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур).  Мен сени қийнашни истамайман.  Иншааллоҳ,  сен менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрурсан. (Мусо) деди:  “Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир).  Икки муддатдан қай бирини адо қилсам, бас,  менга зўрлик қилинмас.  Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир” [Қасас: 27-28].

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларида маълум бўлганидек, у зот Хадича розияллоҳу анҳонинг сармояси билан тижорат қилган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Қўй боққанмисиз?”, – дея сўралганида “Пайғамбар борки, албатта қўй боққан[3], дея жавоб берган эдилар.

Саҳобаларнинг касб-ҳунар билан шуғуллангани ҳақидаги ривоятлар:

  Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ишларини ўзлари бажарар ва шу сабаб баданларидан тер ҳиди анқиб турарди. Шунда уларга: “Ювиниб олсанглар бўлар эди”[4], – дейилди”.

Яна Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абу Бакр халифа қилиб сайлангач шундай деди: “Қавмим яхши билишади, касб-ҳунарим бола-чақамни боқишга етарли эди. Бироқ (халифа қилиб сайланганимдан сўнг) мусулмонларнинг ишлари билан машғул бўлиб қолдим. Шу боис, энди Абу Бакр оиласи байтилмолдан кун кечирадилар ва мен мусулмонларнинг ишларига бош-қош бўламан[5].

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кириш учун (уч бор) изн сўради. Бироқ унга изн берилмади (эҳтимол, Умар розияллоҳу анҳу бошқа ишлар билан банд бўлган бўлса керак). Шунда Абу Мусо ортига қайтди…”. Хуллас, ҳадис давомида Умар розияллоҳу анҳу кутмасдан кетиб қолгани учун Абу Мусо Ашъарийга дакки беради. Абу Мусо Умар розияллоҳу анҳуга уч бор изн сўраган кишига изн берилмаса ортига қайтиши тўғрисидаги ҳадисга биноан қайтиб кетганини айтади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу  дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бўлмиш шу иш (яъни кириш олдидан уч марта изн сўраш)ни билмадимми-а?! Бозорларда тижорат қилиш мени машғул қилиб қўйган экан[6].

Абул Минҳолдан ривоят қилинади: “Мен Баро ибн Озиб, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳумодан сарф (пулни пулга айирбошлаш) савдоси ҳақида сўрадим. Улар шундай жавоб қилишди: “Биз иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида тижоратчи эдик. У зотдан сарф тўғрисида сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  шундай дедилар: “Агар қўлма-қўл бўлса зиёни йўқ. Агар насия бўлса, у ҳолда дуруст эмас”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сизлар “Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп ҳадис айтади. Бошқа муҳожир ва ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайрачалик ҳадис айтмайдилар”, деб ажабланасизлар. Бунга сабаб, муҳожир биродарларимни бозорларда тижорат қилиш машғул қилиб қўйган эди. Мен бўлсам қорним тўйганига кифояланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажрамас эдим. У зотнинг давраларида биродарларим ғойиб бўлсалар ҳам мен ҳозир, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини унутсалар ҳам мен унутмас эдим. Шунингдек, ансор биродарларимни ҳам далада меҳнат қилиш машғул қилган эди. Мен бўлсам Суффа мискинларидан бири бўлиб, ансор биродарларим унутганган нарсаларни эслаб қолар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларидан бирида шундай деган эдилар: “Бирон киши мен то мана бу гапимни тугатгунимга қадар кийимини ёйиб, кейин уни йиғиб кўксига босса, албатта менинг бу гапларимни эслаб қолади”. Шунда мен эгнимдаги (йўл-йўл) яктагимни (ерга) ёздим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапларини тугатгач, яктакни йиғиб, уни кўксимга босдим. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша мажлисда айтган гапларидан бирон нарсани унутмадим[7].

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан Саъд ибн Рабеъ Ансорийни биродар қилиб қўйдилар. Саъд бадавлат одам эди. У Абдурраҳмонга шундай деди: “Мол-мулкимнинг ярми сеники ва сени (хотинларимдан бирини талоқ қилиб, иддаси тугагач унга) уйлантириб ҳам қўяман”. Бунга жавобан Абдурраҳмон деди: “Аллоҳ аҳли-аёлинг ва мол-давлатингга барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйсангизлар, кифоя”. Абдурраҳмон (ўша куни) бозордан (бир миқдор) қурут ва сариёғ орттириб қайтди ва уларни яшаб турган хонадон аҳлига олиб келди…[8].

Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жоҳилият даврида темирчилик қилар эдим. Ос ибн Воилнинг мендан қарзи бор эди. Мен қарзимни талаб қилиб унинг олдига бордим. Ос: “Муҳаммадга кофир бўлмагунингча қарзингни бермайман” – деди. Мен: “То Аллоҳ сени ўлдириб, сўнгра қайта тирилмагунингга қадар кофир бўлмайман” – дедим. Шунда у: “Ундай бўлса, то мен ўлиб, қайта тирилгунимча мени тинч қўй. Ана ўшанда менга мол-давлат ва фарзандлар берилади ва мен сенга қарзингни адо қиламан” – деди. Бу воқеадан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:(Эй Муҳаммад),  Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва:  “Қасамки,  албатта (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур”,  деган кимсани кўрдингизми? У ғайбдан хабардор бўлдимикин ёки Раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олдимикин?!” [Марям: 77-78][9].

Ойша розияллоҳу анҳода ривоят қилинади: “Зайнаб (бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо) қўли уста, моҳир аёл эди. У терини ошлаб, пойабзал тикар ва уларни Аллоҳ йўлида садақа қилар эди[10].

Саҳобаларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) касб-ҳунар билан шуғулланганига далолат қиладиган бундан бошқа ҳам талай ҳадис ва осорлар мавжуддир.

[1] Бухорий (2072).

[2] Муслим (2379) ва Ибн Можа (2150) ривоят қилишган.

[3] Бухорий (3406, 5453), Муслим (2050) ва Ибн Можа (2149) ривоят қилганлар.

[4] Бухорий (903, 2071), Муслим (847) ва Абу Довуд (352) ривоят қилганлар.

[5] Бухорий (2070).

[6] Бухорий (2062, 6245, 2153) ва Абу Довуд (5182) ривоят қилган. Ҳадиснинг аслини Муслим (2153) ҳам ривоят қилган.

[7] Бухорий (118, 2047) ва Муслим (2492) ривоят қилган.

[8] Бухорий (2049), Муслим (1427) ва Термизий (1933) ривоят қилганлар.

[9] Бухорий (2091), Муслим (2795), Термизий (3162) ва Аҳмад (5\ 110-111) ривоят қилганлар.

[10] Ҳадисни Ҳоким (4\ 26) ривоят қилиб, “Муслим шартига мувофиқ”, деган. Қаранг: “Маърифатус саҳоба” (7421), Бухорий (1420), Муслим (2452).

Изоҳ қолдиринг