Кишининг дунёдаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, гуноҳлари кечирилиб, жаннатга кирадими?

0

Савол:

Одам жон бераётганда «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилиб, жаннатга киритади, дейишади. Бу қанчалик тўғри?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Ҳа, айни шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис бор.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимнинг (дунёдаги) охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради» [Абу Довуд (3116) ривояти, Албоний «Ирвоул-ғалил»да (3/149) ҳасан деган].

Мусулмон кишининг охирги сўзи тавҳид калимаси бўлса, демак, бу унинг гўзал хотима топганидан нишонадир. Бироқ бу калимани айтишининг ўзиёқ гуноҳлари каффорат қилинишига кифоя қилиб, бунга ҳаттоки одамларга оид ҳақ-ҳуқуқлар ҳам кирадими ёки бу шунчаки унинг хотимаси яхши бўлишидан даракчи бўлиб, азобдан қутилди дегани эмасми?

Бу хусусда уламолар икки хил фикр билдирганлар. Баъзиларнинг фикрича, инсоннинг бу калимани айтиши у азобдан қутилди дегани эмас. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг айтишича, мазкур калима унинг азобдан қутилиб, тўғридан-тўғри жаннатга кириши учун кифоядир.

Биринчи фикр эгалари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Жон бераётган инсонларингизга «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айттирингиз. Зеро, кимнинг ўлим олдидан айтган охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, гарчи (жаннатга киришдан) олдин азобланса ҳам бир кун келиб жаннатга киради» [Ибн ҳиббон «Саҳиҳи»да (7/272) ривоят қилган, Шуайб Арноут саҳиҳ деган].

Иккинчи фикр эгалари эса Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадиснинг зоҳирини далил қилишган.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: ««Кимнинг (дунёдаги) охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради» деган ҳадис гарчи ҳаётида яхши ва ёмон амаллар қилиб келган бўлса ҳам охирги нутқ қилган калимаси ва оғзидан чиққан сўнг сўз тавҳид калимаси бўлган кишиларга хос бўлиши мумкин. Ўлимидан олдин шу сўзни нутқ қилиши Аллоҳ уни раҳм қилиши, дўзахдан буткул қутилиши ва дўзах унга ҳаром қилинишига сабаб бўлади. Ҳаётида яхши ва ёмон амал қилган, бироқ дунёдаги охирги сўзи тавҳид калимаси бўлмаган мусулмонларга эса бу фазилат насиб қилмайди» [«Шарҳи саҳиҳи Муслим» (1/220)].

Мазкур ҳадисдан тушуниш мумкин бўлган тўғрироқ фикр шундан иборатки (валлоҳу аълам), кимда ким тавба қилиб, ўтган гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб шу сўзни айтса, унинг барча гуноҳлари мағфират қилинади. Гарчи гуноҳлари бировларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тегишли бўлса ҳам, чунки Аллоҳ таоло бу ҳақ-ҳуқуқларни Ўзининг хазинасидан эгаларига қайтаради.

Аммо мусулмон киши қалбида гуноҳлардан тавба қилишни ўтказмасдан тавҳид калимаси ила ҳаётига хотима ясаса, бу унинг учун яхшиликдан ва ҳусни хотимадан даракчи бўлади, холос. Бу унинг дунёда мағфират қилинмаган гуноҳлари эвазига азобланишдан қутилди, дегани эмас.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳи»да («Жаноза китоби»да) бир боб ажратиб, унга «Охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлган киши» деб сарлавҳа қўйган. Мазкур бобда Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисни келтиради. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Менинг ҳузуримга Раббим тарафидан бир  келувчи (фаришта) келиб, айтдики – ёки башорат бердики – умматимдан кимда ким Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ўлса, жаннатга кирар экан». Мен (яъни Абу Зар) айтдим: «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам-а?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳа), Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам» [Бухорий (1180), Муслим (94)].

Шунингдек, Бухорий мазкур ҳадисни «Либос китоби»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан бошқачароқ сўзлар билан ривоят қилади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Қайси бир банда «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса-ю, сўнг шу калима устида ўлса, жаннатга киради». Мен айтдим: «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам-а?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳа), Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам». Мен айтдим: «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам-а?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳа), Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам». Мен айтдим: «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам-а?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳа), Абу Зар ёмон кўришига қарамасдан (бундай инсон) гарчи зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам (жаннатга киради)» [Бухорий (5489)].

Абу Абдуллоҳ (яъни Бухорий) айтади: «Ўлиш пайтида ёки ундан олдин тавба қилиб, пушаймон бўлса, шундай бўлади. Ўшанда «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, гуноҳлари мағфират қилинади».

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн Рашид айтади: «Бухорий бу сўзи билан «ким ўлиш пайтида ихлос билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, бу унинг ўтган гуноҳларини соқит қилади» деган маънога ишора қилмоқчи бўлган бўлиши мумкин. Зеро, ихлос тавба ва (ўтган гуноҳларга) пушаймон бўлишни тақозо қилса, (тавҳид калимасини) нутқ қилиш эса унга далолат қилувчи бир аломатдир».

Бухорий (тил билан нутқ қилишга қўшимча қалбда) эътиқод бўлиши зарур эканини баён қилиш учун Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирди. Шу боис «Либос китоби»да Абу Зарнинг ҳадиси ортидан: «Ўлиш пайтида ёки ундан олдин тавба қилиб, пушаймон бўлса, шундай бўлади», деди» [«Фатҳул Борий» (3/110)].

Яна Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бухорий ишора қилмоқчи бўлган нарсани хулоса қилиб айтсак, ушбу ҳадисдан Раббисини ягона илоҳ деб билган ва шу эътиқод устида ўлган, гуноҳларидан тавба қилган киши назарда тутилган. Ана шундай киши мазкур ҳадисга кўра тўғридан-тўғри жаннатга кириши ваъда қилинган. Бундай киши зиммасидаги Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларига тегишли гуноҳлар кечирилишига аҳли суннат уламолари иттифоқ қилишган. Бироқ бандалар ҳақ-ҳуқуқларига оид гуноҳларига келсак, аксар уламоларнинг фикрича, жаннатга кириш учун уларни эгаларига қайтариши шартдир. Айрим уламоларнинг айтишича, бундай гуноҳлар ҳам биринчи тур гуноҳларга ўхшашдир (яъни улар ҳам кечириб юборилади). Аллоҳ таоло (банданинг ўрнига) Ўзи ҳақ эгаларини рози қилади» [«Фатҳул Борий» (10/283)]. Валлоҳу аълам.

(Фатво IslamQA интернет саҳифасидан олинди).

Изоҳ қолдиринг