Кундалик зикрлар: рукудан турганда айтиладиган тасбеҳлар

0

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар имом “самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” (Аллоҳ ким унга ҳамд айтганини эшитади – қабул қилади) деса “Илоҳо, Раббимиз, Сенга ҳамд бўлсин!” денглар. Чунки кимнинг бу дуоси фаришталарникига тўғри келиб қолса, унинг олдинги барча гуноҳлари кечирилади” – деганлар  (Бухорий (795) ва Муслим (392) ривояти).

Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

اللهُمََّ رَبََّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма Роббанаа ва лакал ҳамд”.
Мазкур тасбеҳ турли хил кўринишларда ривоят қилинган, шу ривоятларни бирма-бир келтириб ўтамиз:

1) “Раббимиз, Сенга ҳамд бўлсин!” (Бухорий (789) ва Муслим (392) ривояти).
Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

رَبََّنَا لَكَ الْحَمْدُ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Роббанаа лакал ҳамд”.

2) “Раббимиз, Сенга ҳамд айтамиз ва сенга ҳамд бўлсин!” (Бухорий (796) ва Муслим (409) ривояти).
Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

رَبََّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Роббанаа ва лакал ҳамд”.

3)Илоҳо, Раббимиз, Сенга ҳамд бўлсин!(Бухорий (796) ва Муслим (409) ривояти).
Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

اللهُمََّ رَبََّنَا لَكَ الْحَمْدُ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма Роббанаа лакал ҳамд”.

4)Илоҳо, Раббимиз, Сенга ҳамд айтамиз ва сенга ҳамд бўлсин!(Бухорий (795) ва Муслим (392) ривояти).
Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

اللهُمََّ رَبََّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма Роббанаа ва лакал ҳамд”.

5) “Раббимиз, Сенга ҳамд айтамиз ва Сенга холис, баракотли ҳамд бўлсин!” (Бухорий (799) ривояти).
Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

رَبََّناَ وَلَكَ الْحَمْدُ حَمْدًا كَثِيرًا طَيِّبًا مُبَارَكًا فِيهِ 

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Роббанаа ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубаарокан фийҳи”.

6) “Раббимиз, Сенга ҳамд айтамиз ва Сенга осмонлару ер миқдорича ҳамда Ўзинг хоҳлаган нарсалар миқдорича ҳамд бўлсин!” (Муслим (476) ривояти).
Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

اللهُمََّ رَبََّنَا لَكَ الْحَمْدُ مِلْءَ السَّمَوَاتِ ومِلْءَ الأَرْضِ ومِلْءَ مَا شِئْتَ مِنْ شَيْءٍ بَعْدُ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма Роббанаа лакал ҳамду милъас самааваати ва милъал арзи ва милъа маа шиъта мин шайъин баъду”.

Мазкур тасбеҳдаги “осмонлару ер тўлалигича” ибораси киноя бўлиб, бундан бениҳоя кўп ҳамду сано айтиш назарда тутилмоқда. Яъни, агар ҳамду санолар жисм деб тасаввур қилинганида осмонлару ер тўлиб кетадиган миқдорда Аллоҳга ҳамд айтган бўламиз. Лекин, бу даражада ҳамд айтишимиз ҳам Аллоҳ таолога лойиқ даражада бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло бундан-да ортиқ ҳамду санога лойиқ. Шунинг учун ҳам ортидан “ва Ўзинг хоҳлаган нарсалар тўлалигича” деб қўшиб айтамиз.

Ҳар бир сано ўзига хос маънони ифода этиши билан бирга баъзилари ҳақида айтилган савоб бошқалариникидан фарқ қилади. Масалан, бешинчи санонинг фазилати ҳақидаги ҳадисда Рифоа ибн Рофеъ шундай дейди: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида намоз ўқиётган эдик. У зот бошларини рукудан кўтариб, “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деганларида орқадагилардан бири: “Раббано, Сенга ҳамд айтамиз ва Сенга холис, баракотли ҳамд бўлсин!” – деди. Намоз тугаганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бу санони айтди?” – деб сўрадилар. Ҳалиги киши: “Мен айтдим” – деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўттиздан ортиқ фаришта бу дуонинг савобини биринчи бўлиб ёзишга талашганларини кўрдим” – дедилар” (Бухорий (799) ривояти). Шунинг учун намозхон бу саноларнинг фақатгина биттасига чекланиб қолмасдан, ҳар сафар ҳар хилини айтгани афзал. Шунда бу саноларнинг барчасини айтган бўлади.

Фойда

Имомнинг ортида намоз ўқиган муқтадий “самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” билан бирга мазкур тасбеҳлардан бирини айтадими ёки фақат тасбеҳни айтиб, “самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”ни айтмайдими? Бу ҳақда уламоларимизнинг икки хил фикрлари бор. Далил жиҳатдан муқтадий ҳар иккаласини ҳам айтиши керак, деган уламоларнинг гаплари кучлироқ, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг