Кўп истиғфор айтишнинг ўн самараси (4)

0
  1. Истиғфор ризқ кенглиги, ёмғир ёғиши ва мол-дунё кўпайишининг сабабларидандир

Аллоҳ таоло айтади: Парвардигорингиздан гуноҳларингизни мағфират қилишини сўранглар, кейин пушаймонлик билан Унга қайтинглар, шунда У сизларни (бу дунёда то вафот этиш) пайтингиз келгунича покиза ҳаёт билан гўзал суратда фойдалантиргай ва ҳар бир илму амалдан иборат фазилат соҳибига фазилатининг мукофотини тўла-тўкис бергай. Агар сизлар (менинг даъватимдан) юз ўгирсанглар, албатта, мен сизларга жуда оғир куннинг – қиёмат кунининг азоби етишидан қўрқаман (Ҳуд сураси, 3).

Уламолар айтади: “…сизларни гўзал суратда фойдалантиргай деган сўзининг маъноси бундай: сизларни кенг ризқ, фаровон ҳаёт ва дунёда сиҳат-саломатлик каби манфаатлар билан фойдалантиради, сизлардан аввалги қавмларни қилганидай таг-тугингиз билан қириб ташламайди. “…пайтингиз келгунича дегани эса, вафот қиладиган вақтингиз келгунича, деганидир”.

Нуҳ алайҳиссалом шундай деган эди: “Раббингизга (тавба қилиб,) истиғфор айтинг. Дарҳаққиат, У жуда ҳам мағфирати буюк Зотдир. Шунда Аллоҳ сизларнинг устингиздан ёмғирни мўл-кўл ёғдиради. Мол-дунёларингизни, бола-чақаларингизни кўпайтиради. Сизларга (мева-ҳосиллари ва чиройи билан, гўзаллиги билан сизлар ҳузурланадиган) боғларни қилиб беради. Сизлар учун (экин-текин, чорва-ҳайвонларингизни суғорадиган) анҳорлар чиқариб беради (Нуҳ сураси, 10-12).

Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қавм Нуҳ алайҳиссаломни узоқ муддат ёлғончи қилгач, Аллоҳ улардан ёмғирни тўсди, аёлларининг бачадонларини қирқ йил бепушт қилиб қўйди. Натижада, чорва мол-қўйлари ва экин-тикинлари ҳалок бўлиб, қуриди. Шунда улар Нуҳ алайҳиссаломнинг олдига ёрдам ўтинчида келдилар. Шунда Нуҳ алайҳиссалом уларга: «…Раббингизга (тавба қилиб,) истиғфор айтинг. Дарҳақиқат, У жуда ҳам мағфирати буюк Зотдир», деб айтди»”[1].

Уламолар юқоридаги оятларни тафсир қилиб айтадилар: «Нуҳ алайҳиссалом агар қавми Рабларига истиғфор айтса, У Зот ёмғирни мўл-кўл, кетма-кет, узлуксиз ёғдиришини, дунёда хоҳлаган нарсаларига эришиш имконини берадиган мол-дунё ва бола-чақаларини кўпайтиришини, турфа хил мева-чевали боғлар ҳамда чорва ҳайвонларини суғоришлари ва ўзлари ҳам ичишлари учун анҳорлар пайдо қилиб беришини сўзлаб, уларни тавба қилиш ва истиғфор айтишга рағбатлантирди».

Шаъбий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу истисқо (ёмғир сўраш намозини) ўқиш учун чиққанда минбарга кўтарилди-да: “Раббингизга (тавба қилиб,) истиғфор айтинг. Дарҳақиқат, У жуда ҳам мағфирати буюк Зотдир. Шунда Аллоҳ сизларнинг устингиздан ёмғирни мўл-кўл ёғдиради. Мол-дунёларингизни, бола-чақаларингизни кўпайтиради. Сизларга (мева-ҳосиллари ва чиройи билан, гўзаллиги билан сизлар ҳузурланадиган) боғларни қилиб беради. Сизлар учун (экин-текин, чорва-ҳайвонларингизни суғорадиган) анҳорлар чиқариб беради (Нуҳ сураси, 10-12), оятини ўқиб, минбардан тушди. Шунда одамлар: “Эй амирул мўминин, ёмғир сўрасангиз бўларди”, дейишганида, Умар розияллоҳу анҳу: «Дарҳақиқат, томчиларни тортиб туширадиган тортқичлари билан қўшиб сўрадим», деб жавоб берди[2].

Ҳуд алайҳиссалом қавмига қарата шундай деган эди: Эй қавмим, (Аллоҳга иймон келтириб,) Ундан мағфират сўранглар. Сўнг Унга гуноҳларингиздан тавба қилинглар. (Шундай қилсанглар,) У сизларга мўл-кўл ёмғир ёғдиради ва (хайру баракотингиз зиёда бўлади, У зурриётларингизни кўпайтиради, ноз-неъматларини мўл-кўл қилади,) қувватларингизга қувват қўшади. Ўз жиноятингизда маҳкам туриб, (менинг даъватимдан) юз ўгирманглар! (Ҳуд сураси, 52).

Уламолар айтадилар: “У қавмини ўтган гуноҳлар учун каффорат бўладиган истиғфорга, эски ишлардан тавба қилишга буюрди. Кимда-ким мана шу сифат билан сифатланса, Аллоҳ унга ризқини тўғрилаб қўяди, ишини осон қилади ва унинг қуввати ва қадр-қимматини сақлаб беради.

Жаъфари Содиқ раҳимаҳуллоҳдан: «Агар ризқинг келиши секинлашса, истиғфорни кўпайтир» дегани ривоят қилинган.

  1. Истиғфор фарзанд кўпайишига сабабдир.

Юқорида ўтган Нуҳ сурасидаги оятлардан маълум бўладики, истиғфор мўл-кўл ёмғир ёғиши, ризқу рўз ва мева-чеваларда барака бўлиши, насл-насаб ҳамда униб-ўсиш кўпайиши ва дашту биёбонларда неъматлар ортишига сабаб бўлади.

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ тафсирида Ибн Субайҳнинг шундай деганини зикр қилади: “Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳга қурғоқчиликдан шикоят қилган эди, унга: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Бошқа киши келиб фақирликдан шикоят қилган эди, унга ҳам: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Яна бошқа киши келиб, «Аллоҳга дуо қилинг, менга фарзанд ато этсин», деган эди, унга ҳам: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Яна бошқаси келиб, боғи қуриб қолганинидан шикоят қилган эди, унга ҳам: «Истиғфор айт», деди. У кишидан бу ҳақда сўрасак, айтдики: “Мен ўзимдан келиб чиқиб бирор нарса айтмадим. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай деган: “Раббингизга (тавба қилиб,) истиғфор айтинг. Дарҳақиқат, У жуда ҳам мағфирати буюк Зотдир. Шунда Аллоҳ сизларнинг устингиздан ёмғирни мўл-кўл ёғдиради. Мол-дунёларингизни, бола-чақаларингизни кўпайтиради. Сизларга (мева-ҳосиллари ва чиройи билан, гўзаллиги билан сизлар ҳузурланадиган) боғларни қилиб беради. Сизлар учун (экин-текин, чорва-ҳайвонларингизни суғорадиган) анҳорлар чиқариб беради (Нуҳ сураси, 10-12).

(Давоми бор)

[1] «Тафсири Қуртубий» (18/302).

[2] Ибн Абу Шайба Шаъбийгача бўлган саҳиҳ санад билан ривоят қилган (2/474).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг