Маҳрумлар (2)

0

Бир синглимизнинг айтганларидан шуни мулоҳаза қилдимки, қизларнинг аҳволи ҳам бундан қолишмас экан. Улардан бири афсуслар билан менга ёзишича, у ғафлатда, ўйин-кулги билан кунларини ўтказар экан: «Мен қаттиқ бир ғамда яшар эдим, буни Ёлғиз Аллоҳ билади. Уйқудан уйғонганимдан йиғи келиб, юрагим сиқилиб, ёрилгудек бўлар, дунё кўзимга тор кўриниб кетар эди. Бу ҳис-туйғу мени Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз этиб қўйишидан қаттиқ қўрқардим, чунки мен буни хоҳламасдим. Сидқидилдан қилган тавбамни сабр, ишонч, таваккул, Аллоҳдан ёрдам сўраш билан рўёбга чиқаришни ва У менинг маъсиятларимдан менга нажот бериб, гуноҳларимни кечириб, ҳаётимни яхшиликка айлантиришини жуда-жуда хоҳлардим. Ҳатто мана шу сўзларни ёзаётган лаҳзаларда ҳам, ўтмишим ёдимга тушиб дард-алам, сиқилишдан ўзимни йиғидан тўхтатолмаяпман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, намоз, дуо ва Қуръон тиловати билан роҳат ва хотиржамликни топдим. Ушбу онларда менинг қаршимда турган кечинмалар шулардир. Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини сўрайман. Зеро, мен Аллоҳимнинг ҳаққида ноқислик, гуноҳларга бепарволик қилдим. Ўзимга-ўзим айтардим, наҳотки бир илмий суҳбат ёки маъруза ёки бир дона кассета тинглаб, киши гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳга қайтса! Шундай бўлиши мумкинмикин? Ҳа, мумкин экан, Аллоҳ таолодан мени ҳидоят қилганидан кейин — энди қалбимни ҳақ йўлдан оғдирмаслигини сўрайман».

Бу синглимиз ўзининг «Аллоҳга қайтган қизнинг қайноқ ёшлари» номли рисоласида ёзишича, олийгоҳида бўлган бир диний суҳбат сабабли ҳидоятга келган экан.

Мен маҳрумлар ҳақидаги рисоламни иймон неъматидан маҳрум, унинг ҳаловати, роҳатини йўқотганларга…

–  Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ва дуо лаззатидан маҳрумларга…

–  Аллоҳга муножот ва сажда қилиш лаззатидан маҳрумларга…

– Қуръон тиловати, оятларининг тафаккури ва маънолари завқидан маҳрумларга…

– Биродарлик ва Аллоҳ учун яхши кўриш лаззатидан маҳрумларга…

–  Ҳалол ризқ ейиш ва унинг баракасидан маҳрумларга…

—  Шаҳват ва ҳою ҳавас билан ўтказиб юборилган умр баракасидан маҳрумларга…

—  Қалб хотиржамлиги ва бахт-саодатдан маҳрумларга…

— Ота-онага яхшилик қилиш, улар билан суҳбатлашиб ўтиришдан маҳрумларга…

—  Хулласи калом, истиқомат, тоат-ибодат ва собитқадамликдан маҳрумларга…

—  Васваса ва шубҳаларга йўлиққан, муаммо ва камчиликлар чарчатган, хавф-хатар ва зулмлар толиқтирган ва ғам-ташвишлар кўмиб ташлаган маҳрумларга…

—  Иймон озуқасидан, Ислом нуридан маҳрумларга…

—  Гарчи тўкин-сочин яшасалар-да қашшоқ бахтсизларга…

—  Иймон неъматидан маҳрумларга…

— Мол-дунё, мансаб-мартаба топган бўлсалар-да, хотиржамлик лаззатидан маҳрум қолганларга…

—  Барча нарсани қўлдан бой бердингиз, гарчи дунёга эга бўлсангиз ҳам… Мана шуларнинг барчасига ҳадя қиламан.

Сўранг! Тавба қилиб, иймон таъмини тотган ва ҳақиқатни эътироф этган кишилардан сўранг!! Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммалари тан олиб айтган сўзлари мана шу бўлди: “Озгина муддат шаҳватимизни қондираётган, гуноҳга шўнғиётган вақтинча дамлардагина роҳат… сўнг… сўнг чексиз изтироб, пушаймонлик, надомат, қалб сиқилиши, гумон, шикоятлар, кўз ёшлар, касалликлар… э-э-эҳ…”. Аллоҳ таоло рост сўзлаган экан: “Ким менинг ҳидоятим ва баёнимга эргашиб, уларга амал қилса, дунёда тўғриликка йўллангай ва ҳидоят топгай, охиратда Аллоҳнинг азобига дучор бўлиш билан бахтсиз бўлмагай” (Тоҳа сураси,123).

Ҳидоят, истиқомат ва Тўғри йўлга эргашиш билан залолатдан, яъни адашиш ва бахтсизликдан омондалар. Нафс-ҳавога эргашишнинг самараси эса бахтсизлик ва залолатдир, гарчи дунё матоларига тўлиғича эга бўлинса ҳам. Зеро, ҳар бир ҳаром ишнинг ортидан таъқиб этувчи фалокат ва унга изма-из эргашувчи ғам-ташвиш, юрак сиқилишлари бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло юқоридаги оят давомида:  «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта ,унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур…» деди. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни тафсирлаб: «Албатта, унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур… Яъни ҳаёти дунёда яшаркан, у инсонда хотиржамлик, қалб фаровонлиги бўлмайди, балки дунё унга тор, қалби танг бўлади. Гарчи зоҳири неъматда бўлса ҳам, хоҳлаганини кийиб, хоҳлаганини еб-ичса ҳам, хоҳлаган жойида яшаса ҳам, унинг қалби ишонч ва ҳидоятдан фориғ ва унга лойиқ эмасдир. У ҳаловатсиз, ҳайрон ва ишончсиздир, мана шу ишончсизлигида тараддудланиб юриши  “танг – бахтсиз ҳаётдир”.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг