Макяжнинг таҳоратга таъсири

0

Савол:

Ҳозирда аёллар ишлатаётган макяжлар билан таҳорат олиш дурустми?

Жавоб:

Аллоҳга ҳамдлар, Расули Муҳаммадга салом ва салавотлар бўлсин.

Таҳорат олганда таҳорат аъзоларининг ҳамма жойига сув етиши ва бу аъзоларга сув етишини ман қиладиган ҳар қандай нарса кетказилиши шарт. Борди-ю, бирон нарса бу аъзоларга сув етишини тўсиб қолса, таҳорат дуруст бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, намоз ўқимоқчи бўлсангиз, юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсакларгача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларгача ювингиз!” (Моида, 6).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг намоз ўқиётганини кўрдилар. Унинг оёғи устидаги бир дирҳам ҳажмидаги жой (таҳорат олган чоғида) сув тегмаганидан ялтираб турар эди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қайтадан таҳорат олишга буюрдилар”. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Абу Довуд ривоятида “намозни ҳам қайтадан ўқишга буюрдилар” қўшимчаси бор.

Имом Аҳмад ва “Сунан” асҳоблари Лақит ибн Субра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Аъзоларингга тўлиқ сув етказган ҳолингда) мукаммал таҳорат ол, бармоқларинг орасига сув етсин ва рўза бўлмасанг бурунга чуқур сув ол”.

Маълумки, аксар ҳолатларда аёллар ишлатадиган макяж (пардоз-андоз) воситалари танага сув етишини ман қиладиган қатлам пайдо қилади ва бу ўз навбатида таҳоратни мукаммал бўлмаслигига олиб боради. Натижада, чала таҳорат билан ўқилган намоз ҳам дуруст бўлмайди. Бухорий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Таҳоратсиз киши то (шариатда буюрилган тартибда) таҳорат олмагунча намози мақбул эмас”.

Шунга кўра, аёл киши таҳоратсиз ҳолатида макяж қилган бўлса ёки макяжи бўлган ҳолида таҳорати бузилса ва бу макяж сув ўтказмайдиган турдан бўлса, у ҳолда аввало макяжни кетказиб, сўнг таҳорат олиши зарур. Бироқ таҳорат олиб бўлгач бундай макяждан фойдаланса, модомики таҳорати бузилмас экан, истаганча намоз ўқийвериши жоиз. Борди-ю, макяж терига сингиб кетадиган сувли макяж туридан бўлса, у ҳолда бундай макяжнинг таҳоратга таъсири йўқ, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг