Аббосийлар давлати: Мансур хилофати (5)

0

Иброҳим ибн Абдуллоҳ қўзғолони

Иброҳим ибн Абдуллоҳ оғаси Муҳаммад билан иккови бир вақтда бош кўтариб чиқишга келишиб олишганди. У ҳижрий 143 йили яширинча Басрага етиб келди ва ўша ерда яшириниб юрди. Кейин акаси билан бир вақтда у ҳам бош кўтариб чиқди, одамлар унга байъат бердилар. У одамларни акаси Муҳаммадга байъат беришга чорлади. Басранинг халифа Мансур тарафидан тайинланган волийси Суфён ибн Муовия зимдан Иброҳимни қўллаб-қувватлаб келарди, унинг Басрадалиги ва атрофига тарафдорлар йиғаётгани ҳақидаги хабарларни эътиборсиз қолдирарди.

Кейин Иброҳимнинг даъвати кучайиб, унга байъат бериш учун Басрага атрофдан одамлар кела бошлади. Мансур Басрага олиб келувчи йўлларга пистирма қўйдириб, келаётганларни ўлдиртира бошлади.

Иброҳим Рамазон ойининг аввалида бош кўтариб чиқди ва дастлаб амир Суфён ибн Муовияни қамалга олди. Суфён ундан омонлик сўради, у унга омонлик берди. Бироқ уни халифа олдида айбсиз қилиб кўрсатиш мақсадида оёқ-қўлига кишан солиб, қамаб қўйди.

У халифа Мансурнинг амакиси Сулаймон ибн Алининг ўғиллари Жаъфар ва Муҳаммадни ҳам мағлуб қилди.

Аҳвозга элчилар юборди, Аҳвоз аҳли унга байъат бериб, итоати остига кирди.

Шунингдек, Форс, Мадоин, Восит ва Савод тўлалигича унинг тасарруфига ўтди.

Кейин унга оғаси Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ўлдирилгани хабари етиб келди. Муҳаммаднинг амирлиги 1 Ражабдан 14 Рамазонгача, бор-йўғи 74 кун давом этганди. Хабар унга ҳайит арафасида етиб келди ва у ийд намозига ҳозир бўлганларга акасининг ўлими хабарини бериб, жуда таъсирли хутба қилди. Унинг сўзлари бир тарафдан одамларнинг Мансурга бўлган нафратларини яна ҳам ошириб юборган бўлса, иккинчи тарафдан уларнинг қалбига қаттиқ қўрқув олиб кирди ва одамларнинг ғалабага бўлган ишончларини сўндирди.

Бу пайтда халифанинг қўшинлари бир жойда бўлмасдан, бир қисми Муҳаммад ибн Ашъас бошчилигида Африкада, бир қисми Исо ибн Мусо бошчилигида Ҳижозда, яна бир қисми ўғли Муҳаммад Маҳдий бошчилигида Райда эди. Ўзининг олдида эса икки минг отлиқ бор эди холос. Буёқда Кўфа аҳли ҳам Иброҳимга қўшилиб кетиш учун қулай фурсат пойлаб турарди. Мансур жияни Исо ибн Мусога одам юбориб, зудлик билан қўшинни олиб, ортига қайтиш амрини берди. Ўғлига одам юбориб, Аҳвозни Иброҳимдан озод қилиш учун Хозим ибн Хузайма бошчилигида қўшин йўллашга буюрди. Шунингдек, унинг итоатидан чиққан бошқа диёрларга ҳам аскарлар юборди.

Иброҳим ўз қўшинини Басра ташқарисида тартиблаб, унга Намла ибн Муррани ва ўғли Ҳасан ибн Иброҳимни бош қилди. Сўнг Кўфа томонга йўл олиб, Бохамро[1] деган жойга тушди.

Исо ибн Мусо 15 000 аскар билан келди, қўшиннинг олди қисмини Ҳумайд ибн Қаҳтабанинг 3000 аскари эгаллаган эди. Иброҳим ҳам 100 000 кишилик улкан қўшин ҳозирлаганди. Бироқ лашкар амирлари жангни қай йўсинда олиб бориш борасида аниқ бир келишувга эриша олмадилар. Баъзилар зудлик билан Кўфага бостириб бориш ва қўшинлари атрофга сочилиб кетган халифани қўлга олиб, ҳукм тизгинини қўлга киритиш маслаҳатини берди. Айримлар аввал қаршиларига келаётган қўшинни бир ёқли қилиш лозимлигини, ундан кейин халифани йиқитиш осон кечишини айтди. Баъзилар хандақ қазиш фикрини ўртага ташлади. Яна баъзилар Исо ибн Мусо устига тунда ғафлатда қолдириб ҳужум уюштиришни таклиф қилди. Баъзилар қўшинни бўлакларга бўлишни ва бир бўлак мағлуб бўлгудек бўлса, унинг ўрнига иккинчисини чиқаришни маслаҳат берди ва ҳоказо…

Охир-оқибат ҳар икки қўшин Бохамрода сафга тизилиб, ўртада жанг бошланди. Шиддатли жанглардан сўнг қўшиннинг Ҳумайд ибн Қаҳтаба амирлигидаги олдинги қисми мағлубиятга учраб, қўшин пароканда бўлиб кетди ва ортига қочишга тушди. Исо ибн Мусо юз кишиси билан қолди. Қочоқларни дарё тўхтатиб қолди ва эс-ҳушларини йиғиб олишгач, Ҳумайд ибн Қаҳтаба қўшинни қайта тартиблаб, яна жанг майдонига қайтариб олиб келди. Янгидан шиддатли жанг бошланди ва энди бу сафар Иброҳимнинг қўшини мағлубиятга учраб, тум-тарақай бўлиб кетди. Унинг ўзи беш юз аскари билан жангни давом эттирди. Сўнг Иброҳим шу ерда қатл қилинди. Бу воқеа ҳижрий 145 йилнинг 25 зул-ҳижжасида содир бўлди. Иброҳимнинг ҳукмронлиги 115 кун (1 рамазондан 25 зул-ҳижжагача) давом этди. Ишнинг бошида у акаси Муҳаммад номига байъат қабул қилган, акасининг ўлимидан сўнг ўзига байъат олган эди.

Мансурга Иброҳимнинг ўлдирилгани хабари келганида у бундан хурсанд бўлиш ўрнига аччиқ йиғлади. Дарвоқе, Мансурнинг ўзи Абдуллоҳ ибн Ҳасанга нисбатан нотўғри тасарруф юритиб хато қилганди. Унинг бу иши Абдуллоҳнинг ўғиллари Муҳаммад ва Иброҳимнинг бош кўтариб чиқишларига олиб келди. Мансур Ҳасанзодаларга нисбатан зулм ва зўравонлик сиёсати юргизди. Лекин бошқа томондан қараганда у ҳукмдор эди ва ўз ҳукмронлигини асраб қолиш йўлида қаттиққўллик сиёсатини тўғри деб биларди.

Бағдод шаҳрининг бино қилиниши

Халифа Мансур Бағдод шаҳрини қурдирди. Шаҳар ҳижрий 146 йили тўла қуриб битказилиб, халифа у ерга кўчиб ўтди. Шаҳар деворлари доирасимон бўлиб, девор остки қисмининг эни 50 газни, юқориси эса 20 газни ташкил этарди. Унинг саккизта дарвозаси бор эди. Ички деворлари ҳам шу шаклда бўлиб, фақат ички ва ташқи дарвозалар бир-бирига рўпара эмас эди. Дарвозалар Восит шаҳридан келтирилди. Оқсарой ҳам Мадоиндан Бағдодга кўчирилди.

Шунингдек, у Кўфа шаҳрига ҳам деворлар қурдирди. Рофиқа шаҳрини бунёд қилди. Ҳижрий 139 йили Масжиди Ҳаромни кенгайтирди.

Вафоти

Халифа Абу Жаъфар Мансур ҳижрий 158 йили ҳаж сафарига йўл олди. Кўфадан узоқлашмасидан туриб хасталикка чалинди ва беморлиги кучайиб бориб, охири зул-ҳижжанинг еттинчи куни Маккада вафот этди. Уни Макканинг юқорисидаги Кадода дафн этдилар. Ўшанда унинг ёши олтмиш уч атрофида эди.

Мансур одамларга бош бўлиб, тўрт марта – ҳижрий 140, 144, 147, 152 йиллари ҳаж қилган, бу унинг бешинчи ҳаж сафари эди.

Оиласи ва фарзандлари

Абу Жаъфар дастлаб Арво бинти Мансурга уйланган, ундан Муҳаммад (Маҳдий) ва Жаъфар исмли икки ўғил кўрган.

Кейин Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг авлодидан бўлган Фотима бинти Муҳаммадга уйланган ва ундан Исо, Яъқуб ва Сулаймон исмли ўғиллар кўрган.

Умавийлардан бўлган бир аёлидан Олия исмли қиз кўрган.

Шунингдек, унинг курд жориясидан кичик Жаъфар исмли, румлик жориясидан Солиҳ исмли, яна бир жориясидан Қосим исмли ўғиллари бўлган.

Ўғилларидан катта Жаъфар унинг ҳаётлик даврида вафот этган.

Мансур фаолиятидан

Абу Жаъфар Мансур Абу Ҳанифа Нўъмон раҳимаҳуллоҳни қозилик мансабига тайинламоқчи бўлганида Абу Ҳанифа рад этганди[2].

Мансурнинг кундалик фаолияти қуйидаги тартибда эди:

Эрталабдан пешингача бошқарув ва ҳокимиятга тааллуқли ишлар билан машғул бўларди. Пешинни ўқиганидан сўнг кириб кетиб, то асргача дам оларди. Асрдан кейин оила аъзолари билан ўтириб, уларнинг хос ишлари билан машғул бўларди. Хуфтон намозидан сўнг узоқ-яқиндан келган китоб ва рисолалар билан танишарди, туннинг учдан биригача суҳбатдошлари билан гаплашиб ўтирарди. Кейин хобхонасига кириб кетиб, туннинг охирги учдан биригача ухларди. Сўнг туриб, таҳорат қилар ва тонг отгунча намозга машғул бўларди. Кейин одамларга имом бўлиб бомдод намозини ўқирди. Сўнг кириб, кўшкида ўтирарди[3].

[1] Бохамро Восит ва Кўфа оралиғида Кўфага яқинроқ мавзе номи, Иброҳимнинг қабри ўша ерда.
[2] Нўъмон ибн Собит – Кўфада ҳижрий 80 йилда туғилган. Тўрт фиқҳий мазҳаб имомларидан бири. Аввал Умар ибн Ҳубайра волийлиги даврида қозилик мансабини рад этган, кейин Мансур даврида ҳам қозиликдан бош тортгач, Мансур зиндонбанд қилган ва ҳижрий 150 йил Бағдодда зиндондалик ҳолида вафот этган.
[3] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (10/129).

Изоҳ қолдиринг