Мийқотга етганда ҳайзи келган аёл нима қилади?

0

Савол:

Ҳаж мавсумининг бошида Маккага киришдан олдин ҳайзи келган аёл нима қилади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Ҳаж ниятидаги аёл мийқотга[1] етганда ҳайз ҳолатида бўлса ҳам ўша ердан эҳром боғлайди. Маккага етгач тавоф ва саъйдан бошқа барча ҳаж амалларини бажаради. Аммо Каъбани тавоф қилиш ва Сафо ва Марвада саъй қилишни то ҳайздан покланиб, ғусл қилгунча кечиктиради. Шунингдек, пок ҳолида эҳром боғлаб, сўнг тавоф қилишдан олдин ҳайз кўрган аёл ҳам тавоф ва саъйни то поклангунича кечиктириб туради.

Аммо тавоф қилгандан сўнг ҳайзи келган аёл гарчи ҳайз ҳолатида бўлса-да, Саво ва Марвада саъй қилади.

“Саудия доимий фатво қўмитаси”га қуйидагича савол йўлланган эди:

“Ҳайз кўрган аёлнинг ҳаж қилиш ҳукми қандай бўлади?”

Қўмита қуйидагича жавоб берди:

 “Ҳайз ҳаж ибодатини адо қилишга тўсқинлик қилмайди. Ҳайз ҳолатида эҳром боғлаган аёл тавофдан бошқа барча ҳаж амалларини адо қилиши лозим бўлади. Тавофни эса ҳайзи тугаб, ғусл қилгандан сўнг адо қилади. Нифос кўрган аёллар ҳам худди шундай. Агар бу ҳолатдаги аёллар ҳаж рукнларининг барчасини адо қилишса ҳажлари дуруст (мақбул) саналади[“Саудия доимий фатво қўмитаси”, 11/172-173].

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай деган:

“Умра қилиш ниятидаги аёл ҳатто ҳайз ҳолатида бўлса ҳам мийқотдан эҳром боғламасдан ўтиши жоиз эмас. Аёл киши ҳайз ҳолатида эҳром боғласа, эҳроми дуруст бўлаверади. Бунинг далили  Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг рафиқаси Асмо бинти Умайс ҳақида келган ҳадис. Унда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж (яъни ҳажжатил вадоъ) қилиш ниятида Зулҳулайфа мийқотида эҳром боғлашга тўхтайдилар. Шу аснода Асмо бинти Умайснинг кўзи ёрийди ва энди қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида сўраб келиш учун у зотнинг ҳузурига бир одам юборади. У зот унга шундай жавоб берадилар: “Ғулс қилиб, сўнг (қон чиқадиган жойга) бир матони маҳкамлаб олгин, кейин эҳром ўрайвер”.

Нифос қони билан ҳайз қонининг ҳукми бир хил. Демак, биз ҳайз кўрган аёлга айтамизки, агар ҳаж ёки умра ниятида бўлиб, мийқотга етсанг, ғулс қил ва (қон чиқадиган жойга) бир матони маҳкамлаб олгин-да, кейин эҳром ўрайвер. Бироқ эҳром ўраб, Маккага етсанг, то ҳайздан покланмагунингча тавоф қилма. Негаки, Ойша розияллоҳу анҳо умра асносида ҳайз кўрганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “То ҳайздан поклангунингча тавофдан бошқа барча ҳаж амалларини адо қилавер”, деганлар. Бу Бухорий ва Муслим ривояти. Бухорий келтирган бир ривоятда Ойша розияллоҳу анҳо ҳайздан поклангач Каъбани тавоф қилиб, Сафо ва Марвада саъй қилгани зикр қилинган.

Демак, мазкур ҳадислар шунга далолат қиладики, аёл киши ҳайз ҳолатида ҳаж ё умрага эҳром боғласа ёки пок ҳолида эҳром боғласа-ю, бироқ тавоф қилишидан олдин ҳайзи келса, то ҳайздан покланиб, ғусл қилмагунча тавоф ҳам, саъй ҳам қилмайди.

Борди-ю, тавоф қилиб бўлганидан сўнг ҳайзи келса, у ҳолда ҳайз ҳолатида бўлишига қарамай саъй қилади, сўнг сочининг учидан кесиб, умрасини ниҳоясига етказади. Негаки, Сафо билан Марвода саъй қилиш учун таҳоратли бўлиш шарт эмас” [“Ҳайзга оид олтмиш савол”, 54-савол].

Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA

[1] Мийқот ҳақида батафсил маълумот олиш учун саҳифамиздаги “Ҳаж ва умра қилиш тартиби (1)” номли мақоламизга мурожаат қилинг.

Изоҳ қолдиринг