Муҳаддислар: Имом Ибн Ҳиббон Бустий (1)

0

Исми ва насаби:

Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ибн Ҳиббон ибн Муоз Тамимий Бустий, куняси Абу Ҳотим.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ машҳур араб қабилаларидан бирининг отаси бўлмиш Тамим ибн Мурранинг[1] зурриётидан бўлгани боис Бани Тамим қабиласига нисбат берилиб унга Тамимий дейилган.

Туғилган жойи ва санаси:

Имом Ибн Ҳиббон ҳижрий 270 йиллар атрофида, аббосийлар давлатининг ўн бешинчи халифаси Аҳмад ибн Жаъфар Мутаваккил даврида Сижистон[2] минтақасига қарашли Буст[3] шаҳрида дунёга келади. Шу боис мазкур шаҳарга нисбат берилиб Бустий ҳам дейилади.

Ёшлиги ва илм олиш йўлидаги саъйҳаракати:

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ илм олишни неча ёшдан бошлагани, бу йўлга отаси йўллаганми ёки бошқа бир қариндошларими бу ҳақда бизда бирон маълумот йўқ. Лекин имом Заҳабийнинг: “У ҳижрий 300 йиллар бошида илм олишга киришган”, деган сўзига назар соладиган бўлсак, илм олишни ўзининг рағбати ила бошлаганини тахмин қилишимиз мумкин. Ўша пайтда у йигирма ёшдан ошган эди. Илм олишни бироз кеч бошлаган бўлса-да, лекин илм йўлида бор кучини сарфлаб, юксак ҳиммат ила кеча-ю кундуз илм олишга бел боғлайди ва бу йўлда кўплаб ислом ўлкаларига сафар қилади. Замонасининг улуғ олимларини излаб, қирқдан ортиқ шаҳарларга сафар қилади ва икки мингдан ортиқ олимлар билан учрашади. У жумладан: Сижистон, Ҳирот, Марв, Суғд, Шош (Тошкент), Синж, Бухоро, Насо, Найсобур, Арғиён, Журжон, Теҳрон, Карак, Басра, Бағдод, Кўфа, Мосул, Антокия, Журсус, Ҳимс, Дамашқ, Байрут, Сайд, Рамла, Байтул Мақдис, Миср шаҳарларига сафар қилади.

Ибн Ҳаббон “Саҳиҳ” китобининг бошида шундай дейди: “Мен Шошдан тортиб, то Искандариягача қилган сафарларим натижасида икки мингдан ортиқ устоздан илм ёзиб олдим”. Дарҳақиқат, унинг бу сўзлари Ибн Ҳиббон ўз асрида илм олиш имконияти бўлган барча шаҳарларга борганига далолат қилади. Негаки, ўша даврда Шош ислом ўлкасининг шарқида жойлашган энг чекка шаҳар ҳисобланган. Ундан кейин Турк ўлкаси бошланиб кетарди. Ёқут айтади: “Шош шаҳри Турк ўлкасига қўшни энг катта чегара ҳудуди ҳисобланади”. Искандария эса ўша даврда ислом диёри орасида аҳли суннат ва жамоат уламолари мавжуд бўлган энг узоқ шаҳар ҳисобланарди. Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ илм олишга салоҳиятли яна бошқа шаҳарларга бориш имконини топганда, шубҳасиз, у ерларга ҳам сафар қилган бўларди. Ибн Ҳиббоннинг илм олишга бўлган ҳиммати ҳақида имом Заҳабийнинг ушбу сўзидан бошқа муносиб сўз тополмадик: “Ҳиммат дегани мана шундай бўлсин-да!”[4].

Устозлари:

Ибн Ҳиббоннинг дунё кезиб таълим олган устозларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Қуйида у «Саҳиҳ» китобида ҳадислар ривоят қилган устозларининг айримларини зикр қиламиз:

1 – Абу Яъло Мосилий Аҳмад ибн Али ибн Мусанно (ҳижрий 307 йилда вафот этган) Мосулнинг ишончли буюк муҳаддисларидан бири, замонасида энг қисқа санад эгаси бўлган. Абдуллоҳ ибн Мандаҳнинг отаси Абу Яъқуб унга шундай деган экан: “Замонамиздаги барча олимлар сизни ишончли ва пухта илм соҳиби бўлган олим деб бир овоздан айтгани сабабли ҳузурингизга илм олиш мақсадида келдим”. Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ» китобида ундан 1174та ҳадис ривоят қилган.

2 – Абул Аббос Ҳасан ибн Суфён ибн Омир ибн Абдулазиз Шайбоний Хуросоний (ҳижрий 303 йилда вафот этган), «Муснад» китобининг муаллифи. Имом Ҳоким у ҳақда шундай деган: “Ҳасан ибн Суфён замонасида Хуросоннинг буюк муҳаддис олими бўлган”. Аллома Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розий эса у ҳақда шундай деган: “Дунёда Ҳасанга тенг келадигани йўқ”. Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” китобида ундан 815та ҳадис ривоят қилган.

3 – Абу Халифа Фазл ибн Ҳубоб Жумаҳий Басрий (ҳижрий 305 йилда вафот этган). У кишини Заҳабий таърифлаб шундай деган: “Ишончли, ростгўй, омонатдор, адиб, фасоҳатли, сўзамол нотиқ олим эди. Илм олиш учун унинг ҳузурига дунёнинг турли чеккаларидан толиби илмлар келар эди”. Ибн Ҳиббон ундан “Саҳиҳ” китобида 732та ҳадис ривоят қилган.

4 – Абул Аббос Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Қутайба Лахмий Асқалоний (ҳижрий 310 йилда вафот этган), Фаластин аҳлининг ишончли катта муҳаддис олимларидан бири эди. Ибн Ҳиббон ундан “Саҳиҳ” китобида 464та ҳадис ривоят қилган.

5 – Имомлар имоми, буюк фақиҳ ва муҳаддис олим Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма Суламий (ҳижрий 311 йилда вафот этган)[5]. Ибн Ҳиббон ундан “Саҳиҳ” китобида 301та ҳадис ривоят қилган.

6 – Абу Аруба Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Абу Маъшар Мавдуд Суламий Ҳарроний (ҳижрий 318 йилда вафот этган). Ҳаррон аҳлининг  муфтийси бўлган. «Табақот» ва «Тарихул Жазира» каби китоблар муаллифи. Ибн Ҳиббон ундан “Саҳиҳ” китобида 168та ҳадис ривоят қилган.

7 – Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Язид Қаттон Раққий (ҳижрий 310 йилда вафот этган). Ибн Ҳиббон ундан “Саҳиҳ” китобида 90та ҳадис ривоят қилган.

[1] Бани Тамим машҳур араб қабилаларидан бири бўлиб, насабда Аднонга бориб туташади.
[2] Ёқут “Мўъжамул булдон”да (1\414) шундай дейди: “Буст – Сижистон, Ғазнин ва Ҳирот ўртасида жойлашган шаҳар. Уни Кобул вилоятига қарашли деб ўйлайман”. Биз келтирган маълумот эса Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ” китобини таҳқиқ қилган шайх Шуайб Арноутнинг кириш сўзидан олдинди.
[3] Буст – бугунги кунда Афғонистон давлатига қарашли шаҳар бўлиб, Сижистон минтақасининг шарқида жойлашган кўҳна ва буюк шаҳарлардан бири ҳисобланади. Буст шаҳри илк бор мусулмонлар ҳукмронлиги остига хижрий 43 йилда кирган бўлиб, уни Абдураҳмон ибн Самура фатҳ қилган эди. У ердан Қобулга ўтиб, уни ҳам фатҳ қилиб, подшоҳини асир олган эди. Буст форсча сўз бўлиб мевалар ва гуллар ҳиди анқиб турадиган жой деган маънони билдиради.
[4] “Сияри аъломин нубало”, 16\94.
[5] Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ ҳақида саҳифамизда маълумот бериб ўтилган.

Изоҳ қолдиринг