Муайян мазҳабга эргашиш жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум. Уммат ихтилофлашаётган мазҳаб масаласида сўрамоқчи эдим. Бир мазҳабга эргашиш жоизми ёки бемазҳаб бўлиб юриш ҳаққа яқинми? Агар мазҳабга эргашмасак фиқҳни қаердан ўрганамиз? Агар эргашсак кўр-кўрона тақлид қилган бўлиб қолмаймизми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Муайян мазҳабга эргашиш тўғрисидаги тўғри фикр шуки, фақат шу мазҳабга таассуб қилмаслик ва далил қўллаб-қувватлаган рожиҳ фикрни ҳеч иккиланмасдан устун деб билиш шарти билан муайян мазҳабга эргашиш жоиздир. Юқори илмий савияга эришган тадқиқотчи олим зиммасидаги фарз-вазифа ижтиҳод, авом кишиларнинг вазифаси эса олимларга тақлид қилиш. Тақлидчимиз дея, қаршисида зид далил бўлмаган саҳиҳ далилни четлаб ўтиш жоиз бўлмаганидек, кўр-кўрона тақлидни йўқотиш даъвоси остида фуқаҳолар меросидан юз ўгириш ҳам дуруст эмас. Саудия илмий изланишлар ва фатво доимий қўмитасининг фатвосида бу борада етарли жавоб айтилган. Биз ушбу фатвонинг матнини келтиришни мақсадга мувофиқ деб топдик. Фатво матни қуйидагича:

Савол: ҳар қандай ҳолат ва вақтда ҳам тўрт мазҳабдан чиқмаслик ва уларнинг сўзларига эргашиш ҳукми нима?

Жавоб: Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли-оиласига ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!

Биринчидан: бу тўрт мазҳаб тўрт имомга, яъни имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеий ҳамда имом Аҳмадларга нисбат берилади. Масалан, ҳанафий мазҳаби Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга мансуб ва ҳоказо…

Иккинчидан: бу имомлар ўз фиқларини Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қилиб олганлар. Мужтаҳид тўғри топган бўлса иккита савоб, яъни ижтиҳодига бир, тўғри топганига яна бир савоб олади. Агар хато қилган бўлса, қилган ижтиҳодига савоб олади ва хатоси учун маъзур тутилади.

Учинчидан: Қуръон ва суннатдан мустақил ҳукм олишга қодир бўлган инсон ўзидан олдинги олимлардек Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олади ва бундай инсон ўзи нотўғри деб эътиқод қилган масаласида бошқага тақлид қилмайди, балки ўзи ҳақ деб билганини олади. Мужтаҳид ечимини топишга ожиз қолган масалаларида бошқа мужтаҳид уламоларга тақлид қилиши ҳам жоиз.

Тўртинчидан: Қуръон ва ҳадисдан мустақил ҳукм олишга кучи етмаган киши қалби таскин топадиган бир олимга тақлид қилади. Агар қалби таскин топмаса, таскин топгунига қадар сўраб ўрганади.

Бешинчидан: юқоридагилардан шу маълум бўладики, тўрт мазҳаббоши имомларнинг сўзларига ҳар қандай ҳолат ва вақтда ҳам эрагашилавермайди. Чунки улар ҳам хато қилишлари мумкин. Шунинг учун уларнинг сўзларидан далилга таянган, ҳақ бўлганларига эргашилади” (Саудия илмий изланишлар ва фатво доимий қўмитасининг фатволари (5\28)), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг