Муфассирлар: Абу Закариё Фарро (2)

0

Уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари:

Саълаб айтади: “Фарро бўлмаганида араб тили бўлмас эди.
Негаки, Фарро араб тилига ёт бўлган сўз ва қоидаларни ажратиб, тартиблаб чиқди. Фарро бўлмаганида араб тилининг куни битарди. Чунки Фаррогача истаган киши бу соҳанинг олимиман деб даъво қилиб тортишарди
[1].

Кўпчиликка маълумки, муҳаддис олимлар бирон ровий ҳадис илмида энг юксак мартабага эришса, унга “амирулмўъминин” (мўминлар амири) деб ном беришар эди. Фарро роҳимаҳуллоҳ наҳв илмини пухта ўзлаштиргани, бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, бу илмни “сув қилиб ичиб юборгани” боис луғатшунос олимлар унга “Амирулмўъминин” деган ном беришган.

«Тарихи Бағдод» китобида шундай дейилади: “Наҳв – бу Фарро. Фарро наҳв илмида амирулмўъминин (мўминлар амири) деб айтиларди[2].

Унинг илмда қандай юксак мартабага етганини Сумома ибн Ашрас Мўътазилий билан бўлиб ўтган воқеа баён қилиб беради:

«Кунларнинг бирида Сумома Фарро билан учрашиб қолади. Бу учрашув ҳақида Сумома шундай дейди: “Зиёли ва маърифатли экани кўриниб турган бир кишини учратдим. У билан бирга ўтириб, араб тили борасида баҳс-мунозара қилиб, унинг бу соҳада денгиз эканини кўрдим. Сўнг наҳв борасида мунозара қилиб, бу соҳада ҳам унга тенг келадигани йўқлигига гувоҳ бўлдим. Сўнг фиқҳ илмида суҳбатлашдим ва унинг уламоларнинг турли фиқҳий масалалардаги кўплаб фикрларини яхши билишини кўрдим. У наҳв фанида моҳир, табобатдан хабардор, арабларнинг тарихи ва шеърларини пухта биладиган олим эканига гувоҳ бўлдим. Унга дедим: “Сен Фарро бўлсанг керак-а?”. У: “Ҳа, мен ўшаман”, деди. Сўнг Амирулмўъминин Маъмуннинг олдига кириб у ҳақда хабар бердим. Маъмун дарҳол уни олиб келишларига буюрди. Шундан кейин Фарро халифа Маъмуннинг яқин аъёнларидан бирига айланди»[3].

Халифа Маъмун Фаррога ишонар ва уни ҳурмат қилар эди. Ҳатто ўзининг икки ўғлига таълим-тарбия бериш вазифасини Фаррога топширганди. Имом Заҳабий айтади: «Кунларнинг бирида Фарро ўрнидан туриб кетмоқчи бўлади. Шу заҳоти шогирдлари бўлмиш халифанинг икки ўғли устозининг оёқ кийимини ўнглаш учун ошиқадилар, бири ўнг оёқ кийимини, иккинчиси эса чапини ҳозирлайди. Бу ҳақда Маъмун хабар топгач шундай деган экан: «Киши то ўз подшоҳи, отаси ва устози олдида камтар бўлмас экан буюк инсон бўлиб етишмайди»[4].

Халифа Маъмун Фаррога қасрдан алоҳида уй-жой ажратади, барча сарф-харажатларини зиммасига олади ва араб тили бўйича илмий асарлар ёзишга ва бу фанни ривожлантиришга амр этади.

Ибн Надим айтади: “Фарро умрининг кўп қисмини Бағдодда ўтказади[5].

Абу Бакр ибн Анборий айтади: “Бағдод ва Кўфа аҳли орасидан Кисоий ва Фарродан бошқа олим чиқмаган тақдирда ҳам улар бу икки олим билан бутун олам олдида фахрланса арзийди. Зеро, араб тили илми улар иккисига бориб тақалади[6].

Шогирдлари:

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ “Сияри аълмин нубало” китобида шундай дейди:

“Фарронинг шогирдлари: Салама ибн Осим, Муҳаммад ибн Жаҳм Симмарий ва бошқалар”[7].

Ёзган китоблари:

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Саълабнинг “Фасиҳ” китоби ҳажмича келадиган Фарронинг “Баҳий” номли китоби бўлиб, унда “Фасиҳ”дан кўра кўпроқ маълумот бор. Бироқ Фарродан фарқли ўлароқ, Саълаб ўз китобини ўзига хос тартибга солган. Фарронинг илмий асарлари уч минг варақда битилган”[8].

Фарронинг илмий асарлари орасида ислом оламида энг кенг тарқалгани “Маонил Қуръон” (Қуръон маънолари) китобидир.

Фарро роҳимаҳуллоҳга мансуб аксар илмий асарлар ўз хотирасидан шогирдларига айтиб туриши натижасида пайдо бўлган. Фарро бирон мавзуда билган маълумотларини айтиб турар, шогирдлари эса уни ёзиб китоб қилишар эди. “Маонил Қуръон” китоби ҳам шу услубда ёзилган. Ушбу китобни ёздиришга киришганда жуда кўп олим ва толиби илмлар йиғилади. Жумладан, йиғинда саксонта қози ҳам қатнашади. Биргина Фотиҳа сурасини юз варақда тафсир қилади. Тафсир қилишни ҳижрий 203 йил бошлаб, ҳижрий 205 йилда ниҳоясига етказади. Ҳафтада икки кун тафсир қилар эди[9].

“Маонил Қуръон” китобини ёзишга қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Фарронинг Умар ибн Букайр номли дўсти бор эди. У амир Ҳасан ибн Саҳлнинг ёнида юрарди. Бир куни у Фаррога шундай деб мактуб йўллайди:

“Амир Ҳасан мендан Қуръон ҳақида кўп сўрайди. Ўша пайтда унга жавоб беролмай қоламан. Маъқул топсангиз, мен учун тафсирга оид асосий гапларни жамлаб, китоб қилиб берсангиз, мурожаат қилинадиган бир манба бўлса”.

Фарро мактубни ўқигач шогирдларига деди: “Йиғилинглар, сизларга Қуръонга тегишли бир китоб имло қиламан”. Шогирдлари масждидда йиғилгач, китоб имло қилиш учун Фарро кириб келди. Масжидда Қуръонни тўлиқ ёд олган муаззин бор эди. Фарро ундан Фотиҳа сурасини ўқишни сўради. Қори Фотиҳа сурасини ўқигач, уни тафсир қилди. Шу тариқа Қуръоннинг барчасини тафсир қилиб чиқди, ҳалиги қори бир оят ўқир, Фарро эса уни тафсир қилар эди. Ушбу китоб минг варақда битилган. Тарихда унга ўхшаш китоб бўлмаган. Бирон киши унга зиёда қила олмайди”[10].

Вафоти:

Фарро ҳижрий 207 йили Маккадан қайтиши асносида йўлда вафот этади.

Аллоҳ таоло Фаррони Ўз раҳматига олсин. Аллоҳнинг каломини одамларга тушунтириш мақсадида қилган саъй-ҳаракатлари учун жаннатнинг олий даражалари билан мукофотласин. Омин.

[1] “Сияри аъломин нубало” (10\119).
[2] “Тарихи Бағдод” (16/224).
[3] Собиқ манба.
[4]  “Сияри аъломин нубало” (10\119).
[5] “Фаҳрасатун” (98 бет).
[6] “Тарихи Бағдод” (14\157).
[7] “Сияри аъломин нубало” (10\119).
[8] “Сияри аъломин нубало” (10\120).
[9] “Наҳвшунос олимлар тарихи” (1\188).
[10] “Вафаётул аъён” (6\178).

Изоҳ қолдиринг